Шуҳрат Негматов,
“Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби:
— Бугун юртимизда кечаётган тарихий янгиланиш ва ислоҳотларда сидқидилдан иштирок этиб, уларга ўзига хос ҳисса қўшаётган неки юртдошимиз борки, давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Бунга мисоллар жуда кўп. Шулар қаторида менинг ҳам камтарона хизматларим ҳурматли Юртбошимиз томонидан “Эл-юрт ҳурмати” орденига муносиб кўрилди. Бундан ғоят миннатдорман ва ушбу эътибор мен раҳбарлик қилаётган жамоанинг меҳнатларига берилган улкан баҳо деб биламан.
Дарҳақиқат, нуронийлар — катта ҳаёт мактабини ўтаган, бой тажриба ва ибратли умр йўлига эга бўлган, ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутувчи инсонлар ҳисобланади. Бугун муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда иш бошлаган фаол нуронийлар жамиятимизнинг барча жабҳасига кириб бориб, мавжуд муаммолар, уларни ўз вақтида бартараф этиш, халқ фаровонлигини ошириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда ўзларининг аниқ, мақсадли саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқдалар. Ўз навбатида, ушбу ташаббуслар самарасини бермоқда.
Фикримизга жойларда ўтказилаётган “Фахрийлар — фахримиз”, “Уч авлод учрашуви”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Ғайратли кексалар”, “Камбағалликдан — фаровонлик сари” ва яна қатор дастур ҳамда лойиҳаларни мисол қилиш мумкинки, уларнинг барчаси Ватанимиз равнақини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, ёш авлодни ватанпарвар, ғайрат-шижоатли, юсак билим ва касб-ҳунарли этиб тарбиялашдек муҳим вазифаларни амалга оширишда ҳаётбахш замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Шундай экан, ушбу йўлда ўзига хос шиддат, шижоат ва юксак масъулият билан фаолият юритиш биз, нуронийларнинг доимий вазифамиз бўлиб қолаверади.