Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида яшовчи Бозоровлар оиласи Янги Ўзбекистоннинг намунали оилаларидан биридир. Қайнона-қайнота дуосини олган, бир-бирини ҳурмат қиладиган, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратадиган, жамиятга наф етказадиган, ўз ижтимоий мавқейи ва касб-корига эга бўлган бу жуфтликни, том маънода, мустаҳкам оила асосчиларидан дейиш мумкин.

1990 йилларда Самарқанддан пойтахтга кўчиб келган ёш оила марказий шаҳарда ҳовли-жой қилди. Бугунга келиб, ўша файзли хонадонда фарзанд ва неваралар ўсиб-улғаймоқда, илм олиб, касб эгаллаб, камолга етмоқда. Ҳовлига киришингиз билан ишкомда осилиб ётган узумларни кўришингиз мумкин. Хонадоннинг файзу таровати, ундаги хотиржамлик, тинчлик-тотувлик оила аъзолари тўғрисида унча-мунча фикр ҳосил қилади кишида.

Жамшид ака ва Нигорахон опалар Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Тўқимачи” маҳалласида истиқомат қилади. Бозоровлар хонадони жорий йилда ўтказилган “Ибратли оила” кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритди. Уларнинг оилавий ҳаётида хурсандчилик билан бирга, синовли кунлар ҳам бўлди. “Ҳаёт бир текис кечавермайди, унинг ўзига хос пасту баланди бор. Турмушни худди зинапояга ўхшатаман. Қадам-бақадам одимлашга тўғри келади”, — дейди жуфтлик бахтли оиланинг ишонч ҳамда ўзаро қўллаб-қувватловга асосланишини таъкидлаб.

Жамшид ака тадбиркорлик билан шуғулланади, аёли Нигорахон опа эса Яккасарой туманидаги 59-оилавий поликлиникада бош шифокор бўлиб ишлайди. Уларнинг 3 нафар фарзанди: бир қиз, икки ўғли бор. Молия, божхона соҳаларида ўқиб, хорижда билимини ошириб, бугунги кунда шу йўналишларда ишлашмоқда.

Жамшид ака Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Қўшработ қишлоғида туғилган.

— Отам сув хўжалигида миробчилик қилиб, колхозда меҳнат қилганлар. Оилада 10 нафар фарзанд улғайдик, ҳаммамизнинг марказий шаҳарда —Тошкентда таҳсил олишимиз, олий маълумотли, ўқимишли бўлишимизда ота-онамнинг роли катта бўлган, — дейди Жамшид ака Бозоров. — Онам Вазифа ая уй бекаси эдилар. Биз, ўнта боланинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлар, дарсларимизга ёрдамлашар, шу баробарда, колхозда ҳам ишлардилар. Таълим жараёнида устозлар барчамиздан фаолликни қатъий талаб қилардилар. Мабодо ўқитувчидан дакки эшитсак, албатта, уйда ҳам отамизга ҳисоб беришга тўғри келган. Тартибсизлик қилсак, албатта, ота-онамиз мактабга чақириларди. Шундан бўлса керак, ҳамма фанларни ўзлаштиришга ҳаракат қилардик. Рус тилини мактаб даврида пухта ўрганганим кейинчалик асқотди. Биз “Тўқимачи”га кўчиб келганимизда бу ерда турли миллат вакиллари, асосан, русийзабон халқ яшарди. Шукрки, ҳозиргача қўни-қўшни билан муносабатларимиз яхши.

— Мустаҳкам оила,  аввало, ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳурмат асосига қурилади, — дейди Нигора опа. — Эр-хотин бир-бирини қадрлаши, ҳис-туйғуларини тушуниши ва ҳурмат қилиши зарур. Иккинчи ўринда — ишонч ва садоқат. Оилада ҳалоллик, ваъдага вафо қилиш ҳамда бир-бирига ишонч туйғулари мустаҳкамланса, турмуш фаровонлигига эришса бўлади. Бундан ташқари, ҳурмат, муроса, масъулият ва бурч — мустаҳкам оилани шакллантирадиган муҳим тамойиллардан деб биламан. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик билан оилавий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, қувонч ва ташвишларни биргаликда баҳам кўриш лозим. Оилавий даромад ва харажатларни ҳам ўзаро келишиб, оқилона режалаштириш керак. Аёл киши “менинг пулим — менинг топганим” деб эмас, балки оилавий мажбуриятлар икки томоннинг ҳам бир бутун вазифаси эканини англаши зарур. Оилада фарзанд тарбияси энг муҳим қадриятлардан ҳисобланади. Одатда, бунга кўпроқ аёл киши масъул бўлади. Отамнинг шу гапи ёдимда: фарзанд — ойнадир, у халққа сенинг ким эканингни кўрсатади. Шунинг учун болаларни меҳр-муҳаббат, одоб-ахлоқ, ҳалоллик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашни она сифатида биринчи устувор вазифа деб биламан. Фарзандларнинг тарбия асослари ҳам биринчи навбатда, оилада шаклланади.

Бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни хоҳлайман: ҳозир аксар ёш оилалар мустақил яшаш тарафдори. Аммо қайнона билан бирга яшашнинг ҳам ўзига хос томонлари бор. Эсимда, раҳматли қайнонам бағрикенг, кенгфеъл бўлиш кераклигини бот-бот уқтирардилар. Ҳақиқатан, уларнинг маслаҳат-ўгитлари бугун ҳаётимизда асқотяпти, болаларимиз тарбиясида ҳам унинг бевосита таъсири бор.

Бозоровлар мисолида шуни кўриш мумкинки, оиласида ҳаловати, бахти бор инсонлар бахтли, кучли ҳамда ривожланган жамиятни барпо эта олади. Юрт тақдири — бизнинг қўлимизда. Оиламизни асраш, истиқболли келажакни қуриш бугун оиладаги тутумларимиз, шахсий ҳамда оилавий қадриятларимиз, ўзаро муомала-муносабатимизга боғлиқдир.

Суғдиёна СОБИРОВА  тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan