“Маърифат, ҳалол меҳнат инсонни тарбиялайди, оилани мустаҳкамлайди”, — дейди Зокиржон ота
ҳамда Саодатхон ая.

Қорабоевлар оиласи пойтахтимизнинг Олмазор тумани “Янги Тошкент” маҳалласида истиқомат қилади. Ҳовлига киришингиз билан хонадоннинг файзу тароватини дарров пайқайсиз: ўзгача ландшафТ, райҳонларнинг атри, ҳар хил қушларнинг хониши қулфи дилингизни очиб юборади.

Хонадоннинг пиру бадавлати бўлган Зокиржон ота ва Саодатхон аялар 4 фарзандни тарбиялаб, уларнинг таълими, хулқ-одобига алоҳида эътибор қаратдилар. Шундан бўлса керак, маҳаллада Қорабоевларнинг ўз ўрни, ҳурмати бор.

Донишманд халқимиз “Ҳунарли — элда азиз” деб бежизга айтмаган. Зокиржон ота ҳам бу фалсафани ҳаёт ҳақиқатларининг ўзаги деб билади. Отахон асаларичилик дейсизми, ошпазлик дейсизми, ҳаммасининг ҳадисини олган, шу баробарда, болалари ва шогирдларига ҳам ўргатган.

Зокиржон ота Қорабоев 1962 йил Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Сағбон” маҳалласида туғилган. Ўрта мактаб таҳсилидан сўнг ҳайдовчилик мактабини битирган. Армия хизматини Афғонистонда ўтаган.

— Қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиб юрган пайтимда ишга таклиф қилишди, — дея ҳикоя қилади нуроний отахон. — Тошкент шаҳар ИИБ Миробод тумани 3-ёнғиндан сақлаш бошқармасида дастлаб ҳайдовчи, орадан уч ойча ўтиб, секретарь, кейинчалик катта техник ходим бўлиб ишладим. Бир муддат қишлоқ хўжалигида меҳнат қилганимдан кейин, яна аввалги иш жойимга таклиф қилишди. Нафақага чиққанимдан буён, қўлимда ҳунар бор эмасми, маҳаллада тўй-маърака, тадбир, йиғинларда ош дамлайман. Йўлдош ҳожи ошпаз, Қобил ҳожи ошпаз, Ғофур ҳожи ошпаз, Акром ҳожи ошпазларга шогирд тушиб, улардан бу ҳунарни миридан сиригача ўргандим. Бугун, шукрки, шунинг ортидан халқ хизматидамиз.

Саудия Арабистонида 21 минг ҳожига бир мартанинг ўзида 1800-1900 килограмм ош дамлаган Зокиржон ота ота-онасини алоҳида эҳтиром, ҳурмат билан эслайди:

— Отам, Қорабоев Зойир бобо Тошкент шаҳар қурилиш бошқармасида ҳайдовчи бўлиб меҳнат қилганлар, — дейди у. — Иш ерида ўз ўрнига эга, ҳамкасблари орасида ҳурмати баланд бўлган. Онам раҳматли уй бекаси эдилар, уй юмушлари баробарида, биз, болаларнинг тарбияси билан шуғулланардилар. Уйда сира ҳам бўш бўлмас эдик. Колхозда 20-30 сотихлаб экин ерларида деҳқончилик қилардик. Уйимизнинг шундоққина орқаси дала эди. Мавсум бошланди дегунча эрта тонгдан далага чиқардик, сабзи-пиёзни ўташ дейсизми, чопиқ қилиш, суғориш дейсизми, ҳаммасини қилардик. Чиллани чилла демай, саҳармардондан далага йўл олардик. Очиғини айтсам, ота-онамиз бизни болалик йилларимизданоқ меҳнат билан тарбиялаган, иродамиз меҳнатда чархланган.

Асаларичиликни раҳматли қайнотам Ўлмас отадан ўргандим. Аслини сўрасангиз, Ўлмас отанинг асаларичиликка қизиқишининг ўз тарихи бор. У киши навқирон йигитлик йиллари — 21 ёшларида қорасон бўлиб, шифохонага ётган. Бир оёғини тиззадан кесишга тўғри келган экан. Шифокорлар ёш Ўлмаснинг аҳволи яхши эмаслигини, бу билан “узоққа бора олмаслигини” айтган. Иттифоқо, бир киши унга асаларининг фойдаси тўғрисида гапириб қолган, дардига дармон бўлишини айтиб, асаларичилик билан шуғулланишни маслаҳат берган. Шу-шу асал етиштириш Ўлмас отанинг тирикчилик манбаига айланган. Буни қарангки, отахон 80 ёшга етиб вафот этдилар.

Саодатхон ая Тошкент туманидаги “Кўктерак” қишлоғида туғилиб ўсган. Мактабдан сўнг ҳисобчиликка ўқиган. 17 йил ҳисобчи бўлиб ишлаган. Ота-онаси меҳнатсевар, ҳалол кишилар бўлган.

—  Отам раҳматли асаларичилик билан шуғулланганлар, ўткир зеҳнли, ҳисоб-китобга уста бўлганлар, — дея эслайди Саодатхон ая. — Онам уй бекаси эдилар, 4 қиз, 3 ўғилнинг тарбияси билан бўлиб, рўзғорга ҳам улгурардилар. У пайтлар ташиш транспортлари ҳозиргичалик ривожланмаган эди. Асалари қутиларини замбилда ташир эдик. Отам раҳматлининг меҳнатга ғайрати ғоят баланд бўлган. Қўлтиқтаёқда бўлишларига қарамай, эрта-ю кеч ишлардилар. Ўзлари ҳам тинмасдилар, бизни ҳам бўш қўймасдилар. Ўйлаб қарасам, меҳнат фақат тирикчилик важидангина эмас, балки ўтган аср болаларини тарбиялашнинг, вақтини самарали ўтказишнинг, шунингдек, уларни ёт ғоялардан, ўринсиз ҳою-ҳаваслардан асрашнинг ўзига хос усули бўлган экан. Бу масалалар бугунги ота-оналарнинг ҳам диққат марказида бўлиши зарур. Тўғрисини айтсам, замонавий турмуш моделлари айрим ҳолларда оила аъзоларини бир-бирига эътиборсиз қилиб қўймоқда. Болаларга вақт ажратиш, уларни назорат қилиш ҳамда тўғри йўлга йўналтириш гўёки фақат мактаб ёки боғчанинг вазифаси сифатида қаралмоқда. Аммо ҳар бир боланинг шахси, энг аввал, оилада шаклланиши, ривож топишини унутмаслик керак.

Зокиржон ота ва Саодатхон аяларнинг файзли хонадонида 12 нафар невара ўсиб-улғаймоқда. Уларнинг ҳаммаси ўз қизиқиш ва истеъдодига кўра, хорижий тиллар, ментал арифметика ҳамда спорт машғулотларига йўналтирилган. Уйда қушлар, паррандаларни боқиш, парваришлашда бобо-бувисига кўмаклашишади. Дарҳақиқат, қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, болалар ҳам катталарда ниманики кўрган ва ҳақ деб билган бўлса, айнан шунга саъй-ғайрат кўрсатади. Бу борада Қорабоевларни кенг жамоатчиликка намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Хусусан, Зокиржон ота нафақат оилага бошчилик қилиб, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатади, балки маҳаллада ҳам фаол бўлиб, “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари билан биргаликда ёшлар ҳамда муаммоли оилаларга ижтимоий-маънавий кўмак беришади.

Маҳалла қачон гуллаб-яшнаши мумкин? Қачонки, оилалар тинч-осуда, фаровон бўлса. Шунингдек, маҳалла аталмиш кичик Ватанда ўзаро бирлик, аҳиллик барқарор бўлса. Ўз навбатида, Қорабоевлар каби хонадонларнинг кўпайиши, шубҳасиз, маҳаллалар ривожи ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг самарадорлигига қўл-қанот бўлмоқда.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan