Оила — инсон камолотига пойдевор бўлиши билан бирга, меҳр-оқибат ва садоқат асослари шаклланадиган муқаддас маскандир. Бу масканнинг файзи, аввало, ундаги тарбия, ўзаро ҳурмат, аҳиллик ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик билан белгиланади. Наманган вилояти Уйчи туманининг “Исломобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Асадилло ота Раҳматуллаев ва турмуш ўртоқлари Жамилахон аянинг ибратли ҳаёти ана шундай эзгу қадриятлар билан йўғрилган.

Асадилло ота яқинда табаррук 76 ёшни қаршиладилар. Жамилахон ая билан оила қурганларига эса 51 йилдан ошди. Улар ярим асрдан зиёд вақт давомида ҳаётнинг турли синов ва қувончларини биргаликда бошдан ўтказиб, бир-бирларига суянч, маслакдош ва ҳамроҳ бўлиб келмоқдалар. Бу давр мобайнида уларнинг оиласи меҳр-муҳаббат, ўзаро ишонч, сабр-тоқат ва масъулият каби эзгу фазилатлар билан зийнатланди.

Оилавий ҳаётнинг асл моҳияти ҳам, аввало, ана шунда — йиллар ўтиши билан қадри ортиб борадиган садоқатда, қийинчиликларни биргаликда енгишда, фарзандлар камолини кўришдан топилган бахт ва шукроналикдадир.

Асадилло ота ва Жамилахон ая беш нафар ўғилни вояга етказиб, уларга нафақат ота-оналик меҳрини, балки ҳалол меҳнат қилиш, катталарни ҳурматлаш, кичикларга иззат кўрсатиш, эл-юртга наф келтириш каби ҳаётий сабоқларни ҳам сингдирдилар. Фарзандларини меҳнатсевар, одобли ва жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар этиб тарбиялаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари уларнинг ота-оналик бурчига нечоғли масъулият билан ёндашганини кўрсатади. Зеро, фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос фақат моддий бойлик эмас. Унинг қалбида нақш каби ишланган яхши тарбия, ҳалоллик, инсонийлик ва меҳнатсеварлик каби фазилатлар ҳар қандай бойликдан устун туради, аслида. Бундай тарбия олган фарзандлар қаерда бўлмасин, ота-онаси берган сабоқларни ҳаёт мезонига айлантиради, ўз хатти-ҳаракатлари билан оила шаънини улуғлайди.

Бугун Асадилло ота ва Жамилахон аянинг хонадонларида ана шу тарбиянинг самарасини кўриш мумкин. Йигирмага яқин набира ва 12 нафар эвара учун уларнинг борлиги, дуоси ва ҳаётий тажрибаси — катта бахт. Бу икки нуроний фарзандлари, набиралари ҳамда эвараларининг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келадилар. Уларни илм олишга, китоб мутолаа қилишга, дунёқарашини бойитишга, маънавиятли ва билимли инсонлар бўлиб улғайишга ундайдилар. Ўз навбатида, бундай хонадонларда улғайган ёшлар катталарга ҳурмат, ота-онага эҳтиром, қариндошларга оқибат ва жамият олдидаги масъулиятнинг моҳиятини англаб борадилар. Шу тариқа оилада қарор топган яхши анъаналар бир авлоддан иккинчисига ўтиб, миллий қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлайди.

Бугунги шиддаткор замонда ёш авлоднинг билимли, мустақил фикрлайдиган, юксак ахлоқий фазилатларга эга инсонлар бўлиб камол топиши ҳар бир оиланинг муҳим вазифасига айланмоқда. Бу борада катта авлоднинг ҳаётий тажрибаси, панд-насиҳатлари ва шахсий намунаси алоҳида қимматга эга.

Мунаввар Абдураҳмонова,

“Нуроний” жамғармаси Уйчи тумани бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan