Бугунги ислоҳот ва янгиланишлар даврида юртимизда иш олиб бораётган фаол нуронийлар муҳтарам Юртбошимизнинг чақириқларига лаббай деб жавоб берган ҳолда, жамиятимизнинг барча жабҳасида эзгу ва савобли ишларни амалга оширмоқдалар. Уларнинг бевосита иштироки натижасида қатор муаммолар ҳал этилмоқда, кўплаб оилалар камбағалликдан чиқарилмоқда, ёшлар бандлиги таъминланиб, касб-ҳунарга йўналтирилмоқда, маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ечим топилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугуннинг фаол нуронийлари аҳоли фаровонлигини ошириш, ёш авлодни баркамол этиб вояга етказишда асосий куч ва таянч вазифасини ўтамоқдалар.
“Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан олиб борилаётган илғор ташаббуслар ҳамда уларнинг натижаларини фикримизга яққол мисол дейиш мумкин. Туман нуронийлари сардори Ҳикматулла ҳожи Октамов масъуллигида бу борада “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларида белгиланган топшириқлар ўз вақтида бажариб келинмоқда. “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Юз билан юзлашиб”, “Қўша қариш саодати” ва яна қатор лойиҳалар шулар жумласидандир.
Мазкур тадбирлар давомида фаол нуронийларимиз ўрта ва ёш авлод вакилларига мустақил ҳаётга қадам, оила тутиш сирлари, фарзандлар тарбияси, касб-ҳунар эгаллаш, етук мутахассис бўлиб, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиш юзасидан инсонийлик сабоқларини бериб келмоқдалар.
Туманимизнинг фаол нуронийларини ҳар доим банд, қайсидир масала билан машғул ҳолда кўришингиз табиий, албатта. Уларнинг хаёлида халқ фаровонлиги, авлодлар камоли учун ҳисса қўшишдек олий мақсад туради.
Жумладан, тарих фанлари номзоди, қатор дарслик, рисола ва қўлланмалар муаллифи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Искандар Ҳайитовнинг ёш авлод таълим-тарбияси, камолоти олдидаги хизматлари таҳсинга сазовор. Искандар ака “Тошкент”, “Маҳалла”, “Зўр ТВ”, “Менинг юртим” каби телеканаллардаги дастурларда иштирок этиб, кўп сонли халқимиз, айниқса, ёшларга ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб боради. Қобулжон Мирнигматов эса қатор маънавий-маърифий тадбирларда ёшларга жамоат жойларида ўзини тутиш, зарарли одатлардан сақланиш, саломлашиш, муомала одоби ҳақида қимматли маслаҳатлар беради.
Марҳамат Иргашева эса 1000 тақвим ойи билан юзлашган табаррук онахонлардан бири. Марҳамат опа шижоат ва ҳаракатда ёшлардан асло қолишмайди. Улар билан бирга эзгу лойиҳаларни амалга оширишга, эл-юрт учун ёниб яшашга ҳамиша шай.
Мавлуда опа Абдуқодирова ҳам ана шундай фаол нуронийлардан бири. Улар “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаганлар. Опанинг ёшлар билан ишлашдаги ўзига хос тажрибаси ва унинг самаралари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланган.
Туманимиздаги “Авайхон” МФЙ ҳудуди ва аҳоли сони жиҳатидан мамлакатимиздаги энг катта маҳаллалардан бири саналади. Айни маҳаллада ҳаёт сўқмоқларини мардонавор енгиб, етарлича тажрибага эга бўлган Ҳуснилло ака Азизов маҳалладаги ҳар бир ёш ва қийин вазиятга тушиб қолган оилалар билан дўстона муносабатда бўлиб, амалий ёрдам бериб келмоқда.
Туманимиз ёшларини ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларида жонбозлик кўрсатиб келаётган полковник Абубакир Деҳқонбоев нуронийлар кенгашининг фахри ҳисобланади.
Халқ манфаатлари йўлида қилинган фидойи меҳнат, шубҳасизки, беиз кетмайди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фаол нуронийларимиздан Мавлуда Абдуқодирова, Суннат Жалилов, Моҳира Бердиева, Зуҳра Ташевалар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Давлатимиз раҳбарининг биз, нуронийлар олдига қўйган вазифаларини сидқидилдан бажаришда нуронийлардан Зульфия Расули, Жаҳонгир Болтаев, Олимжон Ҳидоятов, Зулфия Маманова, Қобилжон Юлдашев, Насибахон Абдуллаева, Турали Ўрозбоев каби меҳнатсевар, бағрикенг нуронийларимиз ҳар қанча ардоқлашга сазовордирлар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, туманимизнинг фаол нуронийлари бундан кейин ҳам ўз зиммаларига юклатилган шарафли вазифаларни юқори масъулият билан адо этиб, юрт манфаатларини таъминлаш йўлида камарбаста бўлиб турадилар.
Давронбой Низамов,
Мирзо Улуғбек тумани
Нуронийлар кенгаши аъзоси.