Муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш — халқимизнинг асрлар давомида шаклланган эзгу қадриятларидан. Бундай масканларда, замон ва макон тушунчаларидан қатъи назар, инсон руҳи қувват олади, қалби сакинат, маърифатга ошно бўлади. Узоқ йиллик тарих ҳақиқатларини ўзида мужассам этувчи мажмуалар юртдошларимизда хабардорликни ошириш, уни тарихий илдизларига яқиндан боғлаши жиҳатдан катта аҳамиятга эга.

Наманганлик бир гуруҳ фаол нуронийлар қўшни Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига ҳам саёҳат, ҳам зиёрат мақсадида сафарга отланишди. Жараён давомида тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва замонавий бунёдкорлик намуналари билан яқиндан танишилди.

Дастлаб Туркистон шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган янги масжид мажмуасида яратилган шароитлар, миллий ва исломий қадриятларни ўзида мужассам этган қурилиш услуби ҳамда замонавий инфратузилма меҳмонларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди. Нуронийлар юртимиз ҳамда қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини қайд этдилар.

Зиёрат буюк мутафаккир ва тасаввуф илмининг йирик намояндаси Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасида давом этди. Нуронийлар аллома ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотларни эшитиб, унинг халқ маънавияти тараққиётида тутган ўрни ҳақида фикр юритдилар. Қадамжода Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва ёшларнинг камоли учун дуо қилинди.

Кекса саёҳатчилар Туркистон шаҳридаги тарихий ва замонавий обидалар билан танишар чоғи қардош халқларни бирлаштириб турувчи умумий тарих, маданият ва маънавий мероснинг нақадар бой эканига гувоҳ бўлдилар. Шаҳарнинг бугунги тараққиёти, ободонлаштириш ва тарихий меросни асраш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишилди.

Айтиш жоизки, бу нуронийларнинг ҳаётий тажрибасини  бойитиб, ёш авлодни миллий қадриятлар ва маънавий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан эътиборлидир.

Ҳилола ОДИЛОВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan