Бир саёҳат китоб ўқиганчалик кишига таъсир кўрсатиши, дунёқарашини ўзгартириши бор гап. Шу сабабдан у ёки бу сайёҳ борадиган ерини алоҳида ўрганади. Бу жараёнда боришга қарор қилинган мамлакатнинг тарихий ва шаҳарсозлик салоҳияти, транспорт, гастрономия, иқлим ва шунга ўхшаш омиллар инобатга олинади. Қувонарлиси, Ўзбекистон сайёҳлар оқими энг тез ўсиб бораётган ТОП-5 давлат қаторига кирди.

Бирлашган Милллатлар Ташкилотининг туризм ташкилоти ҳавола этган сўнгги таҳлилларга асосан, мамлакатимиз жорий йилнинг январ-март ойларида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсиш қайд этди.

Унга кўра, саёҳат қилиш учун Ўзбекистонни танлаган халқаро сайёҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга ўсган.

Глобал саёҳат оқими баҳоланганда, 2026 йилнинг биринчи чорагида дунё бўйлаб халқаро саёҳатчилар 307 миллионни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирилганда 6 миллион нафарга кўп.

Мамлакатимизда ҳам халқаро сайёҳларни жалб этишда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Аввало, бунга сиёсат даражасида жиддий эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси каби маданий-маърифий, тарихий аҳамиятга эга боқий масканлар, шунингдек, ҳудудларнинг гастрономик имкониятлари кенгая бораётгани дунё аҳлининг эътиборини Ўзбекистонга қаратмоқда.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2025 йилда 11,7 миллионга яқин сайёҳ келган бўлса, жорий йилнинг беш ойида бу кўрсаткич 5,3 миллиондан ошган.

Бу очиқлик сиёсати, туризм инфратузилмаси, виза режими билан боғлиқ бўлиб, мамлакатимиз нуфузининг халқаро майдонда юксалишига хизмат қилажак.

Суғдиёна Собирова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan