Бугун юртимизда ташкил этилаётган маҳаллий туризм тадбирларида нуронийларимиз ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Айниқса, пойтахтимизда жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд заминида қайтадан дунёга бўй кўрсатган Имом ал Бухорий мажмуаси ҳозирда юртимиз ва дунё мамлакатларидан келган сайёҳлар билан гавжум.
Жумладан, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидан бир гуруҳ нуронийлар Имом ал Бухорий мажмуасига бориб, улуғ муҳаддис ҳазратларининг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. Нуронийларимиз муқаддас масканда зиёрат қилар эканлар, азизлар руҳини шод этиш билан бирга, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва давлатимиз равнақи учун ҳам дуолар қилдилар.
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридан келган саёҳатчиларнинг ҳам сафарлари кўнгилдагидек бўлди. Улар пойтахтимизда жойлашган “Мўйи-муборак” зиёратгоҳи, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, халқимиз тарихи, маданияти ва маънавияти саҳифалари билан яқиндан танишдилар. Зиёратгоҳ ва марказда яратилган шароитлар, улардаги экспонатлар, тақдим этилган бой ва қимматли маълумотлар меҳмонларда улкан таассуротлар қолдирди.
Саёҳат ва зиёрат тадбирлари отахону онахонлар учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Ўз навбатида, улар яратилган мана шундай ўзига хос имкониятлар, кексалар учун эътибордан миннатдор бўлиб, бунинг учун давлатимиз раҳбариятига улкан миннатдорлик билдирдилар.
Ўз мухбиримиз.