ёхуд Уйчилик ва Чортоқлик нуронийлар фаолиятига бир назар

“Уйчи тажрибаси” бардавом…  

Шимолдан Тянь-Шань, жанубдан Ҳисор — Олой тоғ тизмалари билан ўралган Фарғона водийсида жойлашган Наманган вилояти ҳавоси мусаффо, табиати сўлим гўшалардан ҳисобланади. Вилоятнинг Уйчи ҳамда Чортоқ туманларига бу галги сафаримиз Наманган шаҳрида ўтказилаётган 65-Халқаро гуллар фестивали кунларига тўғри келди. Шаҳарга кириб борар эканмиз, йўлларнинг гавжумлиги, чор-атрофнинг гулга бурканганлигидан ҳайратга тушдик.

Сафаримизнинг биринчи куни Уйчи туманида бўлдик. Туман ҳокимлигида  бизни “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси, вилоят Кенгаши депутати Тоҳиржон Исматиллаев кутиб олдилар.

— Нуронийларимиз жуда фаол, — дейди Тоҳиржон Исматиллаев мамнунлик билан. — Улар ҳурматли Юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва билдирган юксак ишончларидан руҳланиб, бир лаҳза бўлса-да, бекор турмайдилар. Маҳаллаларда, хонадонларда, муассасаларда бўлиб, эл-юрт ташвиши билан яшамоқдалар. Туманимиз ҳокими, туман Кенгаши депутати Музаффар Абдуллаевнинг биз, нуронийларга ҳурмати жуда баланд. Нуронийларимиз ҳам ҳар бир соҳада фаол иштирок этиб, янги-янги ташаббусларни илгари суришмоқда. Бу ташаббуслар, ўз навбатида, “Уйчи тажрибаси” сифатида эътироф этилмоқда.

“Нуронийлар маскани” ҳамда  “Нуронийлар чойхонаси” шундоққина ҳокимиятнинг ёнида жойлашган экан. Масканда каттагина шинам зал. Залнинг чап тарафида мўъжазгина кутубхона бўлиб, унда бугуннинг машҳур китоблари, газета ва журналлар тахламлари жамланган. Маскандаги ҳамма хоналар гавжум. Бир-икки нуроний китоб варақлаб, мутолаа билан машғул. Уч-тўрт нуроний шахмат-шашка ўйнаяпти. Уч-тўртта фахрийлар тренажер залида шуғулланишмоқда. Бир гуруҳ нуронийлар чойхона ёнидаги сўрида гурунглашиб,  амалга оширилган ишларни ўзаро муҳокама қилиб, тажриба алмашишмоқда.

Дарвоқе, ҳаш-паш дегунча 2026 йилнинг 1-ярми ҳам якунига етди. Айни кунларда фаол нуронийлар ўз ҳисоботларини топшираётган эканлар.

— Жорий йилнинг биринчи ярми нуронийларимиз учун анча баракали бўлди, — дейди Тоҳиржон Исматиллаев. — Туманда 53 та МФЙ фаолият юритади. Аҳоли сони 242 минг нафардан зиёд. Шундан 20 минг  690 нафар меҳнат фахрийси истиқомат қилади. Нуронийлар ислоҳотлар жараёнларида фаол иштирок этиб, оилаларни камбағалликдан чиқариш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, фаол нуронийларга бириктирилган 723 та камбағал оиланинг 294 тасига  2 кишилик 297 та парта ҳамда 594 та стул етказиб берилди. Шу билан бирга, хонадонларда истиқомат қилаётган 567 нафар оила фарзандларига спорт кийим-бошлари тарқатилиб, уларнинг таълим олиши ва спорт билан шуғулланиши учун муносиб шароитлар яратилди.

Тумандаги “Қаҳрамон” маҳалласи Элатан кўчаси 7-уйда яшовчи Мирзааҳмедовлар оиласида ўтказилган “Қўша қариш саодати” тадбири ёшларга чинакам   ибрат намунаси бўлди. Мирзааҳмедов Нурмуҳаммад ота ҳамда Мирзааҳмедова Маъсудахон оналар эллик икки йилдирки, бир-бирларига елкадошу суянчиқ бўлиб, оила аталмиш муқаддас қўрғонни асраб-авайлаб келаётирлар. Улар тўрт қиз, икки ўғилни камол топтириб, ҳозирда 19 невара, 5 чеваранинг буваси ва бувисига айланганлар. “Фахрийлар — фахримиз” мавзусида ўтказиладиган тадбирлар доирасида “Муборак” маҳалласининг “Нурли зиё” кўчасида истиқомат қилувчи, табаррук 96 ёшни қарши олган Санталат ая Жўраевага ҳам эҳтиром кўрсатилди. Онахон 12 нафар фарзандни меҳр билан тарбиялаб, уларни ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва инсонпарварлик руҳида камолга етказган. Бугунги кунда 50 набира-ю 30 чевара, 16 нафар эваранинг меҳрибон бувижониси бўлиб, эл-юртни дуо қилиб келмоқдалар.

“Соғлом жамият –— кучли давлат” шиори остида Ўзбекистон ХДП Уйчи туман кенгаши ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирлар доирасида Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва туман тиббиёт бирлашмаси томонидан “Боғ кўча” маҳалласи ҳудудидаги  31-оилавий поликлиникада бир гуруҳ нуронийлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ёшларни ватанпарварлик ва она юртга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари  ҳам ўзига хос ибрат, маъно-мазмун касб этмоқда. Бундай тадбирларда меҳнат фахрийлари Абдулбоқи ота Қозоқов, Марғубахон ая Умрзоқова ҳамда Дилором ая Тўрабоева каби фахрийлар ёшларга, чин маънода, ибрат ва намуна бўлишмоқда.

“Ғайрат” маҳалласида яшовчи 101 ёшли Ҳалчахон ая Ғозиева, “Шафтоли” маҳалласида истиқомат қилувчи 106 ёшли Фотимахон ая Қўчқорова хонадонига ташриф буюрган мутасаддилар ва ёш авлод вакиллари онахонларнинг олтинга тенг ўгитлари ва нурга тўлган дуоларидан баҳраманд бўлдилар.

Пайшанба — “Ёшлар куни” тадбирларига туманнинг фаол нуронийлари алоҳида эътибор қаратадилар. Эътиборлиси, навбатдаги “Заковат” интеллектуал ўйини бу сафар ноанъанавий кечди. Яъни унда нуроний ва ёшлардан иборат жамоалар ўзаро баҳсга киришишди. Масалан, битта жамоада нуронийлар ҳам, ёшлар ҳам бор. Бундан англашиладики, ҳамма жойда, ҳар вақт, ҳамма соҳада, барча масалада кекса ва ёш авлод вакиллари ўзаро бирлашар экан, ҳар қандай эзгу мақсад ва саъй-ҳаракат муваффақиятли  амалга ошади.

Тумандаги “Боғ кўча” МФЙ “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси, фаол нуроний, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг 2025 йил Республика босқичи ғолиби Саидахон ая Убайдуллаевани нафақат туманда, балки вилояту республикада ҳам яхши танишади. “Боғ кўча” маҳалласида 848 та хонадон бўлиб, 4685 нафар аҳоли истиқомат қилади. Муҳтарам Юртбошимизнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарори  ижросини таъминлаш мақсадида, маҳаллада  ибратли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Саидахон ая бундай ташаббусларда олдинги сафларда бўлиб, нуронийлар билан ҳамжиҳатликда  эзгу ишларга камарбаста бўлмоқдалар.

Маҳаллада “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида обрў-эътиборли, ҳаётий тажрибага эга 15 нафардан иборат кексалар гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Улар маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тиббий маданиятни юксалтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, қизлар тарбияси билан шуғулланиш, уларни турмушга тайёрлаш, ёшларни иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва яна қатор вазифаларни ҳамжиҳатликда, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ҳал этиб келишмоқда.

— Ёшлар билан ишлаш, бир қарашда, оддий ва осондек туюлади, — дейди Саидахон ая. — Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ушбу йўналишда йўл қўйилган арзимас хато келгусида улкан йўқотишларга олиб келади. Шу сабабли ҳар лаҳзада ҳушёр ва зийрак, эътиборли бўлишимиз даркор. Бизга ишониб топширилган ёшларнинг келажак тақдирини эзгулик сари буриш, уларни касб-ҳунарли этиб тарбиялаш, мустақил ҳаётга йўллаб, саодатли оиланинг соҳиб ва соҳибаларига айланишлари учун барча имкониятларимизни ишга солишимиз шарт ва зарур.

Ҳа, уйчилик фаол нуронийлар ана шундай эзгу мақсад билан оқилона саъй-ҳаракатларда давом этмоқдалар.

 Янгиланиб бораётган Чортоқ

Сафаримизнинг иккинчи куни Чортоқ туманида бўлдик. “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Умрзоқ ота Саттаров билан Чортоқ тумани марказини айландик. Ҳамма жойда янгиланиш.

— Ҳали Чортоқ тамомила янгича қиёфа касб этади, кўриб, танимай қоласиз! — дейди Умрзоқ ота. —  Мамлакатимизда ҳудудларни обод қилишга йўналтирилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, Жаҳон банкининг “Шаҳарларда яшаш ва унумдорликни ошириш учун қулай шароитлар яратиш”  дастури доирасида Чортоқ шаҳрида ҳам жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Банк маълумотларига кўра, ушбу лойиҳа йўллар, сув таъминоти, канализация тизимлари, жамоат транспорти, мактаблар, поликлиникалар, боғлар ва бошқа жамоат жойларини ривожлантиришни ўз ичига олади.

Умрзоқ ота билан туманнинг “Ласкидон” маҳалласи “Нурли ҳаёт” кўчасидаги хонадонларда бўлиб, аҳоли томорқаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик, миришкорлар билан суҳбатда бўлдик. Адашали ота Мирзааҳмедов хонадони томорқаси, чин маънода, ибрат олгулик.  Оила бекаси Мамлакат ая томорқага экилган картошка, помидор, бодом кўчатларига меҳр бериб турган эканлар. Ёнларида ўғил-қиз набиралари ёрдамчи. Ўғил набира орада қўрага ўтди-да, қўйларига ем солди.

— Томорқада ишласам, роҳат қиламан, — дейди Мамлакат ая. — Ҳам жисмонан тетик бўламан, ҳам ҳовлимиздан чиқаётган мева-сабзавотлар ҳосилини кўриб қувонаман. Аслида ерга меҳр берсангиз, у сиздан марҳаматини аямайди. Набираларимизга ҳам экин-тикин сирларини ўргатамиз. Бўш вақтларимизда китобхонлик қиламиз.

Умаржон ота Абдураҳмонов хонадони ҳам обод. Томорқада картошка, помидор, карам маҳсулотлари, рангба-ранг гуллар экилган. Сўрининг атрофи гулларга бурканиб, ажойиб манзара касб этган. Соҳибкор отахону онахон  томорқада қуёш сари дадил бўй чўзаётган экинларига қалб қўрларини беришмоқда.

Маҳмуджон ота Саттаровнинг иссиқхонасига қойил қолдик. Ичкари шу қадар иссиқки, бир зумда ҳаво етмай қолаётганга ўхшайди гўё. Мана шундай шароитда помидорларига бир-бир назар ташлаб чиқаётган Маҳмуджон ота ва Пўлатой аяларнинг сабру матонати, фидойилигига тан бермай бўладими?!

— Иссиқхона 1 сотих майдонда жойлашган. Помидорнинг “Аламин” навини экканмиз. Жуда серҳосил. Меҳнатингизни оқлайди, — дейди Маҳмуджон ота. — Иссиқхонадан ташқари, томорқамизда узум, картошка, булғор қалампири, ловия ҳам етиштирамиз. Кимки уйда бўлса, томорқадаги экинлар парвариши билан банд бўлади. Бу ишга барчамиз ўрганиб қолганмиз. Кундалик машғулотимизга айланган…

Маҳаллани айланар эканмиз, чортоқликларнинг табиат, гўзаллик шайдоси, айни пайтда саранжому ораста эканликларига яққол гувоҳ бўлдик. Ташқаридан қарашнинг ўзидаёқ хонадон остоналари озода, рангба-ранг гуллар очилиб, ажиб гулзорлар ҳосил қилган.

Навбатдаги манзил — Чортоқ туманидаги “Нуронийлар маскани” ва “Нуронийлар чойхонаси” бўлди. Бу ерда ҳам худди Уйчи туманидаги каби шароитлар яратилган. Кутубхона, маънавият ва маърифат зали, тренажерлар хонаси нуронийлар учун мунтазир.

— Маскан ҳамиша очиқ. Нуронийлар билан гавжум, — дейди Умрзоқ ота. — Чойхонамизда ҳам барча шароитлар муҳайё. Бир-биридан ширин таомлар тайёрланади. Чойхона баландда жойлашганлиги учун жуда баҳаво.  Бу жойда нуронийларимиз билан ўз ишларимизни режалаштирамиз, тадбирларимизни таҳлил қилиб, галдаги вазифалар хусусида ўзаро келишиб оламиз.

Чиндан шундай, Чортоқ туманида ҳам нуроний отахону онахонлар мамлакатимизда эл-юрт фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган эзгу ислоҳотларда енг шимариб хизматда бўлмоқдалар.

— Туманимизда 15 нафар Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзоларининг намунавий таркиби шакллантирилган бўлиб, нуроний ва фахрийлар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларнинг 2944 нафари “маҳаллабай” ўрганилди. Шундан 278 нафар  ёрдамга муҳтож муаммоси бор нуронийларга дори-дармон, озиқ-овқат, реабилитация техник воситалари тарқатилиб, санаторийларда соғломлаштириш, бепул тиббий кўриклардан ўтказиш ишлари амалга оширилди, — дейди Умрзоқ ота Саттаров. — “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили бўйича тумандаги 57 та махалладаги ҳаётий тажрибага эга 171 нафар фаол нуронийга 1710 нафар муаммоли ёш бириктирилган. Уларнинг ҳар бири ёшлар тарбияси йўлидаги  масъулиятни ҳис этиб меҳнат қилишмоқда. “Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида оилаларда аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида, 93 та муаммоли оиланинг ҳар бирига 93 нафар кўпни кўрган,  тажрибали нуроний онахон ва отахонлар бириктирилиб, 19 та оиланинг муаммоси ҳал этилди. Шунингдек, туманимизда 188 нафар ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғиз  кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар, 35 нафар фронторти меҳнат фахрийлари  мавжуд. Улардан 6 нафари Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Беш чашма” сиҳатгоҳида соғломлаштирилди. Фаол ёшлардан иборат волонтёрлик гуруҳлари томонидан 51 нафар  якка-ёлғизлар уйлари ва томорқаларини тартибга келтириш, уй юмушларига ёрдамлашиш ишлари ташкиллаштирилди.

Туман нуронийлари сардори таъкидлаганидек, аҳоли, нуронийлар, айниқса, ёшларни кенг жалб этган ҳолда, “Қўша қариш саодати”, “Уч авлод учрашуви”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Юз билан юзлашганлар” каби маънавий-маърифий тадбирлар, “Саломатлик учун беш минг қадам”, “Ғайратли кексалар” каби жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари мунтазам равишда ташкиллаштириб келинмоқда. “Кексалар учун туризм” тадбирлари эса нуронийларнинг энг севган лойиҳаларидан бири бўлиб, улар саёҳатни роҳат деб баҳолайдилар. Ўз навбатида, мана шундай эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Юртбошимизга улкан миннатдорлик билдириб, дуоларга қўл очадилар, эл-юртимизга тинчлик, фаровонлик сўрайдилар.

Бугунги янгиланишлар, бунёдкорликлар, ислоҳотлар натижасида Чортоқ тумани ҳам ўзгача ҳусну тароват касб этиб бормоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларда ёшларга ибрат бўлиб, олдинги сафларда бораётган пири бадавлатларимиз — қадрли нуроний отахону онахонларимизга “Ҳорманг! Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлинг!” — дея тилак билдириб қоламиз.

Баҳодир Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan