Юртимиз нуронийлари ўртасида “Ғайратли кексалар” шиори остида ўтказилаётган спорт мусобақалари нафақат уларнинг сиҳат-саломатликларини муҳофаза қилиш, жисмоний фаолликларини ошириш, балки фахрий кексалар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, жамоавийлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда асосий омиллардан бўлмоқда.
Спортнинг шахмат-шашка тури бўйича ўтказилган беллашувларнинг Тошкент шаҳар босқичи баҳслари фикримизнинг яққол исботидир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган тадбирда “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси, сенатор Рустам Калонов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда нуронийларга қаратилаётган юксак эътибор, уларга яратилаётган шарт-шароит, ўзгача ҳурмат-эҳтиром ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Беллашув олимпия тизимида ўтказилди. Баҳслар ғоят қизғин, муросасиз, айни пайтда дўстона ва самимий кечди. Шахмат-шашка ишқибозлари беллашувлар жараёнида маҳоратли ўйинчиларни кашф этдилар.
Мусобақа якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб ва совриндорлар эълон қилиниб, мутасаддилар ғолибларга галдаги босқичда улкан муваффақиятлар тиладилар.
Тадбир якунида мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом, медаль ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ҳожиакбар Вапаев,
Тошкент шаҳри.