Соғлом турмуш тарзи ва спорт фақат ёшларгагина эмас, балки ёши улуғ нуронийларимизга ҳам бирдек куч-ғайрат ва кўтаринки кайфият бағишлайди. Шу боис, маҳаллаларда кексаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни оммавий спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан —фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да спортнинг турли йўналишлари бўйича ҳудудий мусобақа ташкил этилди.

“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан “Ғайратли кексалар” шиори остида ўтказилган республика турнирида шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг маҳоратли отахон ва онахонлар иштирок этди.

Мусобақанинг очилиш маросимида “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Т. Абдижаббаров ва бошқалар сўзга чиқиб, кексаларни доимий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларга тўхталди ҳамда беллашув қатнашчиларига омад тилади.

Олимпия тизими асосида 4 босқичда кечган мусобақа кутилганидан ҳам қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Баҳслар якунига кўра, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Уларга “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Жараён Нукус шаҳридаги “Олтин аср” ресторанида тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар учун ёзилган дастурхон атрофида самимий суҳбат билан давом этди.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan