Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Маданият бўлими биносида 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокимининг ўринбосари А.Мамутов, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ж.Аметовалар иштирок этиб, аҳил, ибратли ва фаол оилалар мамлакатимиз келажагининг пойдевори эканлигини алоҳида қайд этдилар. Ўз навбатида, уларни байрам муносабати билан самимий табрикладилар.
Тадбир доирасида бир қатор оила вакилларига “Ибратли оила” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Бадиий қисмдан жой олган концерт дастури, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, турли бадиий чиқишлар томошабинларга байрамона кайфият улашди.
Дарҳақиқат, ибратли оилалар ва уларнинг жамиятдаги ўзига хос ўрни алоҳида эътироф этилар экан, мазкур эътибор бошқа оилалар учун ҳам намуна бўлиб, юртимизда аҳил ва ибратли оилалар сонининг янада ортишига хизмат қилади.
Майсара Назарова.