“Ҳаж — 2026”

Ҳаж фазилатли ва улуғ ибодатдир. Жорий йилги ҳаж мавсумида 15 минг нафардан ортиқ ҳамюртларимиз муқаддас амалларни адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.

Президентимиз томонидан бу йил эл-юрт корига яраётган, фидойи ва жонкуяр ватандошларимизнинг 100 нафари “Президент ҳожиси” лойиҳаси доирасида муқаддас сафарга юборилгани мамлакатимизда катта қувонч,  шукроналик билан кутиб олинди.

Жорий йилнинг 18 май куни “Президент ҳожиси” йўлланмаларига сазовор бўлган ҳамюртларимиз учун муборак сафар олдидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яқинидаги “Фаровон” меҳмонхонасида гўзал маърифий суҳбат уюштирилди. Учрашувда Ҳаж ибодатига тайёргарлик, сафар давомида эътибор қаратиш лозим бўлган ташкилий ва шаръий жиҳатларни тушунтириш билан бирга, улуғ амални бажаришда қулай бўлган махсус либос, сумка ва зарур қўлланмалар тақдим этилди.

Тадбирда Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовлар иштирок этиб, бўлажак ҳожилар билан самимий мулоқотда бўлдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига махсус саёҳат ташкил этилди. Унда зиёратчилар марказ фаолияти, бу ерда сақланаётган нодир экспонатлар, қадимий қўлёзмалар ҳамда замонавий технологиялар имкониятлари билан яқиндан танишдилар.

Улуғвор мажмуа бўйлаб уюштирилган саёҳат ва юксак даражадаги эътибордан шодланган  бўлажак ҳожилар мамлакатимизда Ватан ривожи учун ҳисса қўшаётган инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, илм олиш ва ибодатларни адо этиш учун ташкил қилинган шароитлар ҳамда диний-маърифий соҳадаги кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этдилар.

Шу куни “Ҳаж — 2026” мавсумининг сўнгги гуруҳ зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан муқаддас сафарга кузатилди.

Файзли тадбирда зиёратчиларга Ҳаж амалларини бекаму кўст адо этишлари, Ҳақ таолодан юртдошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини мақбул айлашини сўраб, хайрли дуолар қилинди.

Бўлғуси ҳожилар кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбари ҳамда ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдирдилар. Муқаддас заминда Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи учун дуода бўлишларини таъкидладилар.

Аллоҳ таоло муборак сафарга отланган барча юртдошларимизга ҳаж ибодатини бекаму кўст адо этишликни ва она Ватанимизга соғ-саломат қайтишларини насиб этсин!

Манба: “muslim.uz”   

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan