Анъанага мувофиқ, 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган хонадон вакилларини рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Ибратли оила» кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди.

Қувонарлиси, “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали Бош муҳаррири Ҳамрохон Мусурмонова ҳам “Ибратли оила” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувида Мусулмоновлар оиласига мазкур мукофот тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви раиси, Сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев ва унинг ўринбосари Шуҳрат Усмонов сўзга чиқиб, оила жамиятнинг таянчи экани, соғлом ва маънавий баркамол авлод тарбиясида ибратли оилаларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, Мусулмоновлар оиласини юксак мукофот билан табриклашди.

Мусулмоновлар оиласига кўкрак нишони, гувоҳнома ва пул мукофотлари топширилди.

Мусулмоновлар оиласи пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги «Нурли йўл» маҳалласида истиқомат қилади. Таъкидлаш керакки, 33 йилдан буён аҳиллик ва меҳр-оқибат билан умргузаронлик қилаётган оила соҳиблари ўз касбининг ҳақиқий фидойиларидир.

Жумладан, оила бошлиғи — таниқли спорт журналисти Равшан Мусулмонов кўп йиллардан буён юртимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва ўзбек спорти ютуқларини изчил ёритиш йўлида самарали хизмат қилган. Айни пайтда у Ўзбекистон Футбол Ассоциациясига қарашли “Қизилтоғ” спорт-соғломлаштириш базаси директори лавозимида ишлаш билан бирга, мамлакатимизда футболни ривожлантириш ва ёшлар ўртасида спортни кенг тарғиб этиш йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқда. Оила фарзанди Нурилло Кенжабоев ҳам спорт соҳасида хизмат қилади.

 Хонадон келини Лайло Абдуолимова икки фарзанднинг онаси, шу билан бирга Чирчиқ давлат педагогика университетида иккинчи мутахассислик бўйича таҳсил олмоқда.

Оила бекаси Ҳамрохон Мусурмонова эса «Нуроний» газетаси ва «Кексалик гашти» журнали бош муҳаррири. У юртимиз нуронийларининг ижтимоий ҳаётини мазмунли ташкил этиш ва оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришда жонбозлик кўрсатмоқда. Аҳамиятлиси, оила бекасининг бевосита ташаббуси билан аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар учун муҳим хайрия лойиҳалари амалга оширилган.

Жумладан, Ҳамрохон Мусурмонованинг бевосита ташаббуси билан ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада «Оилам — олтин қўрғоним» лойиҳаси доирасида 25 нафар маҳалла болалари учун бепул компьютер саводхонлиги дарслари ташкил этилган, шу билан бирга, 15 нафардан зиёд ишсиз хотин-қизлар тикувчилик йўналишига ўқитилган. Бугунги кунда уларнинг аксарияти шу йўналишда ишлаб, оилавий даромадларини шакллантирмоқда.

Умуман, 33 йиллик ибратли ҳаёт йўли, жамият ривожига қўшаётган ҳиссаси билан мазкур оила бугун кўплаб юртдошларимиз учун ўрнак бўлишга арзийди. Биз “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали ижодий жамоаси номидан Мусулмоновлар оиласини, хусусан устозимиз Ҳамрохон Мусурмоновани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаб, хонадонларига тинчлик, файзу барака ва янги зафарлар тилаймиз!

Диляра Сирожиддинова

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan