Шўрчи туманидаги “Кўклам” маҳалласида жойлашган 9-мактаб жамоаси нуроний Файзулло бобо Ҳамидовни яхши танийди ва жуда ҳурмат қилади. Бу бежиз эмас, албатта. Мактабда отахоннинг номи билан махсус стипендия таъсис этилган. Отахоннинг шахсий жамғармасидан ажратиладиган ушбу моддий рағбат 10 та мезон (одоб, намунали хулқ, дарсга кечикмаслик, аъло баҳоларга ўқиш, фаоллик, ташаббускорлик, изланувчанлик, китобсеварлик, озодалик ва тенгдошларига ўрнак бўлиш) бўйича юқори синф ўқувчиларига берилади.

45 йил мактабда ишлаб, нафақага чиққан фахрий муаллим юқори синфга ўтган ўқувчиларнинг ўсмирлик хаёллари билан чалғиб, илмга қизиқиши сусайишини ўз тажрибасида кўп кузатган. Шу боис, мактаб жамоаси билан келишган ҳолда ушбу эзгу ташаббусни илгари сурган. Ҳар чоракда энг муносиб ўқувчилар саралаб олинади ҳамда уларга 450 минг сўмдан стипендия топширилади. Буни қарангки, талабгорлар кўпайиб, синфларда ўзлаштириш ва фаоллик сезиларли даражада ортди. Файзулло бобо эса ҳар ҳафта мактабга келиб, устозлар билан суҳбатлашади, янги чорак стипендиясига даъвогарлар билан яқиндан танишади.

— Биз яшайдиган кўча Файзулло Хўжаев номида, — дейди отахоннинг 52 йиллик умр йўлдоши Назирахон она. — Кўчамизда 25 нафар мактаб ўқувчиси бор. Ишонсангиз, Файзулло ота улар билан дўстдек қадрдон. Ёшларни китобхонликка, спортга ва тадбиркорликка қизиқтиради. Шу боис, кўчамизда ҳуқуқбузар ва бетайин ёшлар умуман йўқ.

— Бобонинг ёши 76 да, аммо фаолликда ёшлардан қолишмайди, — дейди “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Ўрол Чўтбоев. — Тузилмамиз фаолиятининг муваффақияти Файзулло Ҳамидов каби фидойи ва зиёли фаолларимизга боғлиқ. Отахон давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили бўйича 2024 йили Сурхондарё вилояти босқичи ғолиби сифатида республика кўрик-танловида иштирок этди.

Бугунги кунда у ўзига бириктирилган хонадонлар билан ҳам фаол ишламоқда. Масалан, маҳалладаги Гавҳар Шайдуллаевалар оиласи отахоннинг кўмаги билан томорқасига картошка ва мевали дарахт кўчатлари экди. Махсус субсидия ёрдамида соғин сигир олиб, даромад манбаига эга бўлди. 9-синфда ўқиётган ўғли Азизбекнинг мактабдан бўш вақтида мебель цехига шогирд бўлиб ишга киришига, ҳам ҳунар, ҳам даромад топишига ёрдам берилди. Натижада ушбу оила тез орада камбағаллик реестридан чиқди.

Худди шунингдек, Бозорбой Ҳаитовлар оиласи ҳам Файзулло отанинг ёрдамидан миннатдор. Оиланинг фарзанди Ғанишер тўй харажатларини топиш учун узоқ Сариосиё туманида мавсумий ишда юрган эди. Отахоннинг ташаббуси билан у туман ёнғин хавфсизлиги хизматига ишга жойлашди. Оила тўй ўтказиб, эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди.

— Кўплаб шогирдлар етиштирганимдан баъзан жуда тўлқинланиб кетаман, — дейди суҳбатдошимиз. — Шогирдларимдан бири Ўрол Бобоқулов Шўрчи туманига ҳоким бўлганида, уни табриклаб, энг аввало, марказий кутубхона учун янги бино қуриб бериш зарурлигини айтгандим. Бугун ушбу маърифат маскани замон талабларига жавоб беради. Шогирдимнинг ўзи бу ишга бош бўлганидан, нуронийлар маслаҳатини олиб туришидан устоз сифатида фахрланаман.

Файзулло Ҳамидов Шўрчидаги 75 та мактабда тез-тез бўлиб, ўқувчилар билан ижтимоий-сиёсий жараёнлар, ватанпарварлик, “яшил макон” лойиҳаси, Ватан ободлиги ва оила муқаддаслиги мавзуларида самимий суҳбатлар ўтказишни анъанага айлантирган. Бу ҳақида гап кетганда, ота ўз хонадонини фахр билан тилга олади. Аёли Назира она қайнонаси Норой момо билан 32 йил она-боладай яшаган. 30 йилдан ортиқ фармацевтика соҳасида хизмат қилган онахон 3 қиз ва 2 ўғилни вояга етказди. Бугун фарзандларнинг барчаси оилали ва ўз иш ўрнига эга.

Уларнинг кенжа ўғли Жўрабек ва келини Ферузахон билан бирга истиқомат қилишади. Узатилган қизлари ва алоҳида яшайдиган тўнғич ўғли ҳам ота-онасининг панду насиҳатларини олиш учун тез-тез келиб туришади. Тўй-байрамларда Файзулло отанинг хонадони файзга тўлади. Обрўли жуфтликнинг хонадони баҳорда гуллаб-яшнаса, ёзу кузда ҳосил бериб кўзни қувнатади. Файзулло отанинг яна бир севимли машғулоти — боғдорчилик. Томорқасида 50 тупдан ортиқ мевали дарахтлар, мўъжазгина иссиқхонада лимонарийси бор. Уларни парваришлаб олинган ҳосилни маҳалла-кўй, набира-чевараларига улашади, ортганини ички бозорга чиқариб, ҳалол даромад топади.

Замира РЎЗИЕВА,

 “Нуроний ” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan