Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланган. Шу баробарда,  ноябрь ойи  — “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилиши кўзда тутилган.

Мамлакатимиз бўйлаб ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, ички туризмни ривожлантириш дастурига мувофиқ, кекса авлод вакилларининг республика бўйлаб тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларга саёҳатини ташкил этиш ишлари қизғин тусга кирган. Аслини олганда, инсон умри мазмун ва тажрибадан иборат бебаҳо китоб, унинг ҳар бир саҳифаси келажак авлод учун ҳаёт сабоғи ва мустаҳкам пойдевордир. Нуронийларнинг дуоси билан обод юртда қадр топиш, кексалик гаштини файзли ўтказиш жамиятимизнинг маънавий барқарорлигини мустаҳкамлайди.

Хусусан, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган “Ибрат” маҳалласида якка-ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олинди. “Инсон тафтини инсон олар” рукни остида ташкил этилган учрашувларда нуронийлар билан самимий суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди. Қолаверса, “Уччинор” маҳалласи нуронийларининг Самарқанд шаҳрига, “Кушек” маҳалласи нуронийларининг Зангиота зиёратгоҳига, “Ойдинобод” маҳалласи нуронийларининг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилди. Кексаларнинг бўш вақтини унумли ташкил этиш ҳамда спорт билан шуғулланишини рағбатлантириш мақсадида футбол мусобақаси ўтказилди, ғолиблар тақдирланди.

2-8 октябрь кунлари “Кексаларга ҳурмат — ёшларга ибрат” ғояси остида ўтказилган “Кексалар ҳафталиги” доирасида “Нуроний” жамғармаси Беруний тумани бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ нуронийлар “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳига саёҳат қилди. Нуронийлар зиёратгоҳда дуо қилиб, ҳудуддаги Муножат тоғи тарихи ва у билан боғлиқ ривоятлар билан танишдилар.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманидаги ҳарбий қисмда “Нуронийлар — ёшлар нигоҳида” мавзусида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Унда нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда аскарлар иштирок этиб, авлодлар давомийлиги, ёшларда миллий қадриятларга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш хусусида фикр юритилди. Нуронийлар ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга ҳалол меҳнат, илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва катталарни эъзозлаш борасида маслаҳат бердилар. Ёшлар эса ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Беруний туманида ҳафталик доирасида “Бобом, бувим ва мен — китобхон” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унинг асосий мақсади ёшларда китобхонликка қизиқишни ошириш, оилада мутолаа маданиятини шакллантириш ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлашдан иборат. Учрашувда нуронийлар китобнинг инсон камолоти ва дунёқарашининг кенгайишидаги ўрни ҳақида сўз юритиб, севимли асарлари ҳамда мутолаа билан боғлиқ хотираларини ёшлар билан ўртоқлашдилар. Ёшлар эса ўқиган китоблари ҳақида фикр билдириб, олган таассуротлари хусусида тўхталдилар.

Сурхондарё вилоятида “Нуроний” жамғармаси Сариосиё тумани бўлими ташаббуси билан “Нуронийлар маскани”да кекса авлод вакиллари учун спорт тадбирлари ташкил этилди. Хусусан, отахонлар шахмат-шашка тахтасида бир-бирига қарши дона сурдилар, “ақл чархи” турнирида ўзларининг мантиқий, изчил фикрлаш, стратегик қарашлар ва донишмандлик маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Шунингдек, пиёда юриш марафонида ҳам фаол иштирок этдилар. Бу каби тадбирлар фақат нуронийларнинг саломатлигини сақлаш билан чекланиб қолмай, кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш маданиятини шакллантиришга рағбат уйғотмоқда.

Шунингдек, “Кексалар ҳафталиги” доирасида ёши улуғ инсонлар саломатлигини асраш ва уларга тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, патронаж ҳамширалар маҳаллалардаги ўзгалар парваришига муҳтож, ётиб қолган кекса беморлар хонадонларига бориб, уларнинг саломатлигини текширмоқда. Зарур тиббий маслаҳатлар берилиб, бепул дори-дармонлар тарқатилмоқда. Бундай йўқловлар нафақат нуронийлар саломатлигини назорат қилиш, балки уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, руҳий қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида эса кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлашга қаратилган тадбирларни изчил давом эттириш мақсадида Сариосиё туманидаги “Сарижар” маҳалласида навбатдаги хайрли ташаббус амалга оширилди. “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ва фаол нуронийлар ташаббуси билан маҳаллада истиқомат қилувчи бир гуруҳ кекса авлод вакиллари иштирокида ҳудуддаги тарихий обида ва муқаддас қадамжога саёҳат уюштирилди. Зиёрат давомида отахон ва онахонлар юртимизнинг бой тарихи, маданий мероси билан яқиндан танишиб, Ватан тинчлиги ва эл фаровонлигини сўраб, дуо қилишди.

“Кексалар ҳафталиги” давомида “Нуроний”жамғармаси Жиззах вилояти бўлими томонидан қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, вилоят спорт бошқармаси ҳамда волейбол федерацияси билан ҳамкорликда “Ғайратли кексалар” дастури бўйича вилоят биринчилиги учун волейбол мусобақаси ўтказилди. Мусобақада Арнасой, Бахмал, Шароф Рашидов, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор ва Фориш туманлари фахрийларидан иборат жамоалар ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Қизиқарли кечган беллашувларнинг финал баҳсида Фориш тумани волейболчилари Бахмал рақибларини енгиб, чемпионликни қўлга киритдилар. Фахрли учинчи ўрин Шароф Рашидов тумани фахрий спортчиларига насиб этди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Ғайратли кексалар” мусобақа дастуридаги шахмат ва шашка турлари бўйича ўтказилган туман ва вилоят босқичлари ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. Жумладан, Шароф Рашидов, Жиззах шаҳри, Фориш, Ғаллаорол ва Арнасой туманларида биринчи босқич беллашувлари юқори савияда ўтди. Вилоят биринчилигининг якуний натижаларига кўра, шахмат турида Жиззах шаҳри вакиллари Ўктамжон Шералиев ҳамда Шаҳри Суярова вилоят чемпиони бўлишди. Шашка турида эса ғаллаороллик Матлуба Эшмуродова ва зоминлик Неъмат Жўраев ғолиб деб топилдилар. Барча ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилди.

Жиззах ҳарбий гарнизонида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими ва вилоят мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар Кенгаши ҳамкорлигида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар, ҳарбий қисм зобитлари ва фахрийлар иштирок этдилар. Тадбир “Она Ватанга хизмат — муқаддас бурч” мавзусида ўтказилди. Унда сўзга чиққан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Р.Жакбаров муҳтарам Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан Миллий армиямиз салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси ўринбосари, таниқли шоира Н.Қўйлонова она Ватан, юрт тараққиёти ва ёшларнинг шижоати ҳақидаги шеърларини ўқиб берди. Вилоят нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раисининг ўринбосари, меҳнат фахрийси Н.Нурматов Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда иштирок этаётган ёшларни она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда фахрийларимизнинг фаол иштироки хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, мазкур учрашувда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими масъул ходими, подполковник Р.Арипов сўзга чиқиб, ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар келгусида Ватан олдидаги муқаддас бурчларини адо этиш, юртимиз сарҳадларини қўриқлаш ва сидқидилдан хизмат қилиш борасида ўзининг қимматли таклиф ва маслаҳатларини бериб ўтди.

Ёши улуғ нуронийлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, ёшлар билан очиқ мулоқот, давра суҳбатларини ташкил этиш, фахрий нуронийларни муносиб қадрлаш, мазкур ҳаракатлар доирасига маҳаллий жамоатчилик фаоллари ҳамда ёшларни кенг жалб қилиш тадбирлари Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти, Қашқадарё вилояти, Наманган вилоятида ҳам муносиб давом эттирилмоқда.

Суғдиёна СОБИРОВА

тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan