Муносиб панд-насиҳат, ҳалол меҳнат, эртанги кунга ишонч… Юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва кенг кўламли янгиланишлар даврида турли гўшалар бўйлаб ташкил этиб келинаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва эзгу ғоялар руҳида тарбиялашда беназир мактабга айланиб бораётгани сир эмас.

Ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида Наманган шаҳрида жойлашган 11-мактаб негизидаги таянч ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига оид “Жасорат мактаби”да таълим олаётган ўқувчи-ёшлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган улуғвор бош ғояни ўзида мужассам этган мазкур учрашув азиз айём саналмиш Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланди.

Анжуманда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими фаоллари, Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши ва Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳудудий бўлинмаси аъзолари, Наманган шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари жам бўлишди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ҳаёт йўллари, эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди. Нуронийлар ёшларга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ҳаётий ўгитларини улашиб, бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш кераклигини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имтиёз ҳамда имкониятлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Учрашувда намойиш этилган бадиий чиқишлар, Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ва саҳна кўринишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Абдурашид БОЛТАБОЕВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan