Бугунги кунда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, масъулият ва эзгулик туйғуларини шакллантириш муҳим вазифалардан биридир. Бу борада ҳаёт тажрибасига бой нуронийларнинг ўгитлари, ибратли ҳаёт йўли ва ёшлар билан бевосита мулоқоти алоҳида аҳамият касб этади.
Шу маънода, маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва турли ташкилотларда ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўзининг мазмун-моҳияти билан муҳим маънавий-тарбиявий аҳамият касб этмоқда.
Ҳаётнинг катта мактабини босиб ўтган, кўпни кўрган, турмушнинг аччиқ-чучугини англаган нуронийларнинг бир оғиз панд-насиҳати, ҳаётдан келиб чиққан хулосаси ёшларга катта сабоқдир. Ёш авлодни муносиб тарбиялаш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, тарих, маданият, миллий мафкура асосларини тўғри тушунтириш, уларда миллий ғурурни шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Ўз навбатида, республикамиз бўйлаб кекса донишманд нуронийлар иштирокида ташкил этилаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари айни мақсадга йўналтирилган бўлиб, нафақат ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, насиҳат қилиш фонида кечмоқда, балки ҳаётий мисоллар воситасида тарғибот-ташвиқот ишлари тизимли ташкил этилмоқда.
Хоразм вилояти Хонқа туманида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди. Учрашув давомида миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодга етказиш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини юксалтириш каби муҳим масалалар юзасидан самимий ва мазмунли мулоқот ўтказилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар учун “Бир пиёла чой устида” эркин суҳбат ташкил этилиб, унда авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат, ҳаётий тажрибанинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида фикр алмашилди. Санъат вакилларининг ижодий чиқишлари ҳамда бадиий дастур тадбирга кўтаринки кайфият ва ўзгача шукуҳ бағишлади.
Сурхондарё вилоятида ҳам шундай характердаги тадбирлар давом этмоқда. Хусусан, Бойсун туманида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” да прокуратура тизими фахрийлари, меҳнат фахрийлари, туман ҳокими, прокурори ва ёшлар иштирок этдилар.
Учрашувда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятларга алоҳида урғу берилиб, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ватанпарварлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш масалалари хусусида фикр юритилди.
Дарҳақиқат, нуронийларнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаси, бой маънавий мероси, панд-насиҳат ва ўгитлари ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат ва юксак маънавият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, юртимизда авлодлар ўртасидаги узвийликни таъминлаш, нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ва ибратини ёшлар тарбиясига самарали татбиқ этишга муҳим вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
У. Эшпўлатов.