Андижон давлат техника институтининг гуманитар фанлар кафедраси доценти Зулфияхон Арипованинг ҳаёт ва меҳнат йўли ниҳоятда мазмунли, ибратга лойиқ саҳифалардан иборат десак, асло янглишмаган бўламиз.
Зулфияхон Арипова 1980 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг фалсафа ва иқтисод факультетини тамомлаб, мазкур олий таълим даргоҳида ўқитувчи сифатида иш бошлаган.
Педагоглик фаолияти йиллар давомида сайқал топди. Кечаги ёш ўқитувчи бугун тажрибали педагог, фалсафа фанлари номзоди, доцент. Юзлаб шогирдга йўл кўрсатган устоз сифатида эл-юрт ҳурматига сазовор.
Фалсафа — инсонни фикрлашга, савол беришга, ҳаёт моҳиятини англашга ўргатадиган илм. Бу фанни ўқитиш эса чуқур билим билан бирга, кенг дунёқараш, юксак маънавият ва катта педагогик маҳоратни талаб этади. Зулфияхон Арипова ана шу масъулиятни юракдан ҳис этиб, ўз фаолиятини илмий изланишлар билан уйғунлаштириб келди. У 2012 йилда “Шахс ахлоқий фазилатлари такомилида миллий маънавият ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро алоқадорлиги” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2013 йилдан гуманитар фанлар кафедраси доценти сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Олиманинг илмий фаолияти ҳам салмоқли. Унинг 100 дан ортиқ илмий мақолалари, республика ва хорижий илмий нашрлар ҳамда илмий-амалий анжуманларда эълон қилинган ишлари, 4 та монография, 1 та ўқув қўлланма, 1 та электрон дарслик ва қатор ўқув-услубий қўлланмалари унинг узлуксиз илмий изланишлари натижасидир. Зулфияхон Арипова раҳбарлигида кўплаб иқтидорли талабалар республика ва халқаро илмий-амалий анжуманларда ўз мақолалари билан иштирок этиб келмоқда. Айниқса, Рушана Рустамова, Саидаброр Юсупов, Ибодатой Ҳакимова, Зилола Жалолова, Дилноза Ҳакимова каби иқтидорли ёшларнинг турли номдаги давлат мукофотларига сазовор бўлишларида устознинг меҳнатлари катта.
Зулфияхон опа замонавий таълим талабларига мослашишни ҳамиша ўз фаолиятининг муҳим қисми деб билади. У талабалар ва магистрларга фалсафа ҳамда илмий тадқиқот методологияси фанларидан замонавий педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда дарс бериб келмоқда. 2016 йилда унинг педагогик маҳорати республика миқёсида муносиб эътироф этилди. “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” танловининг республика босқичида иштирок этиб, “Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Зулфияхон Арипованинг педагогик салоҳияти халқаро ҳамкорлик жараёнларида ҳам намоён бўлиб келмоқда. 2023 йилда Қозоғистон Республикасининг М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетида фалсафа фани юзасидан ўқиган маърузаси ва ўтказган амалий машғулоти юқори баҳоланиб, сертификат билан тақдирланди.
Бу каби ҳамкорлик тадбирлари нафақат тажриба алмашиш, балки ўзбек олий таълими ва илмий-педагогик салоҳиятини халқаро майдонда намоён этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Зулфияхон Арипованинг фаолияти фақат кафедра ва аудитория билан чекланиб қолмаган. У узоқ йиллар давомида институт ёшлар етакчиси, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси, мураббийлар кенгаши раиси, факультет сифат комиссияси раиси каби масъулиятли жамоат вазифаларини бажарди. Бу вазифаларни бажариш баробарида у ёшлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, жамоада соғлом муҳитни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Зулфияхон опа оилада икки ўғил ва бир қизнинг онаси, невараларнинг меҳрибон бувиси. Фарзандларининг ҳам магистратура ва докторантура босқичларида илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланаётгани оиладаги илм-маърифатга нисбатан юксак муносабатни намоён этади.
Олиманинг 44 йиллик педагогик фаолияти давомида қанчалаб авлод вакиллари билан мулоқот қилиб, талабаларга сабоқ бергани, нечалаб ёшларни илм йўлига бошлаганини кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, устоздаги улкан тажриба ва салоҳиятни яққол англаймиз, албатта.
Қирқ тўрт йил… Бу йилларда аудиторияларда минглаб ёшлар билан учрашувлар, илмий изланишлар, китоблар ва мақолалар, шогирдлар ютуғи, жамоат ишлари, устозлик масъулияти, инсон камолоти йўлидаги фидойилик мужассам.
Барно ҲАЙДАРОВА,
журналист.