80 ёшни қарши олаётган Собиржон Усмонов ҳаётига чизгилар
Собиржон ака Учқўрғондай жаннатмакон жойларни, зилол сувлари қирғоқларига урилиб оқадиган Норин дарёсини ташлаб, оиласи билан Мирзачўлга кўчиб келганида, бир тарафи қамишзор, бир тарафи жинғилзор, шўр босган кенгликларни кўриб, юраги орқасига тортиб кетган эди.
Ўша пайтда ҳукумат чўлни ўзлаштиришга даъват қилиб, бу ерларга келганларга бошпана, ер, мол-ҳол ваъда қилган, аммо бийдай даштда ҳаёт кечириш, яшаш учун ноқулай бўлган шароитларга чидаш осон эмасди. Ёз ойларида кеч тушиб, қош қорайиши билан одамлар тезак ё ҳўл ўтинларни тутатиб, пашшалар оқимини сал узоқлаштиришар ва кечки таомни еб, пашшахоналарга кириб ётишга мажбур эдилар…
1953 йилларда аста-секин чўлқуварлар сони кўпайиб, чўл бағрида серҳосил экинзорлар, яшнаган боғлар пайдо бўлаётганди. Эндигина етти ёшга кирганига қарамай, Собиржон болаларча қизиқиш билан барча воқеаларни хотира сандиғига жойлаб қўярди. Кейинчалик мактабда ўқиётган даврида чўлқуварларнинг машаққатли ҳаёти ҳақида жўшқин мақолалар, китоблар ёзишни кўнглига тугди. Бироқ журналист ёки ёзувчиликка уқуви бўлгани ҳолда у қисмат тақозоси билан қурувчилик касбини танлади.
Собиржон Усмонов 1961 йилда — 15 ёшида Гулистон туманидаги “Ленинград” жамоа хўжалиги пахтачилик бригадасида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. 1962 йилдан “Голодностепстрой” бирлашмасининг Гулистон шаҳрида жойлашган “Мирзачўлсовхозқурилиш” трестида арматурачи бўлиб ишлади. Қурилиш, бунёдкорлик соҳасига қизиқиши шунда бошланган эди ва бу қизиқиш ёш чўлқуварни мактабни битирган заҳоти Тошкент темир йўл транспорти инженерлари институти сари бошлади.
1968 йилда институтни битириб, муҳандис-қурувчи ихтисослиги бўйича дипломни қўлига олганидан сўнг дастлаб Сирдарё темир йўл станциясида жойлашган СМП-503 қурилиш-монтаж поездида уста, кейинчалик МСПМК-3 ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотида участка бошлиғи, бош муҳандиси лавозимларида, қишлоқларда водопровод тармоқларини ва сув иншоотларини қуришда баҳоли қудрат хизмат қилди. Кейинчалик 1977-1980 йилларда “Сирдарёоблколхозқурилиш” трестининг бош муҳандиси лавозимида Сирдарё туманидаги қишлоқларда кўплаб уй-жойлар, мактаблар, болалар боғчалари, чорвачилик фермалари ва бошқа объектлар, шу жумладан, “Синдоробод” хўжалигидаги “Қуёш” посёлкаси ҳамда “Бахт саройи” қурилишида бош-қош бўлди.
Собиржон Усмоновнинг институтдан кейинги ҳаётида устози — одамийликда тенги йўқ раҳбар, қурилиш трести бошқарувчиси Бобо Кожаковнинг ўрни беқиёс бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз. Бобо ака ўз ходимларини оила аъзосидай кўрар, улардан ёрдамини аямасди. Айниқса, ёш кадрларни тарбиялаш, уларга иш ўргатиш, керак бўлса, юқори лавозимларга кўтаришда беминнат кўмаклашар, ўз шогирдлари билан ҳамиша фахрланиб юрарди.
Ҳаётнинг ўзи инсон қисматига ҳамоҳанг равишда кейинги қадамларини белгилайди дейишади. Бу гапда жон бор. Тиришқоқ, ижро интизоми, ишга ҳамиша юксак масъулият билан ёндашувчи Собиржон ака ўзбек ва рус тилларида бемалол гапириб, ёза билиши, саводи, билими, қизиқувчанлиги, мулоҳазакорлиги туфайли вилоят раҳбарияти, хусусан, бевосита кадрлар билан шуғулланувчи синчков инсон — Иван Степанович Ступиннинг эътиборини тортди. Собиржон акани вилоят партия комитетининг ташкилий, кадрлар билан ишлаш бўлимига йўриқчи вазифасига ишга ўтказишди.
Собиржон ака 30 йилдан ортиқ масъулиятли раҳбарлик лавозимларида ишлади. 1980-2000 йилларда у Янгиер шаҳар партия комитетининг иккинчи котиби, Гулистон шаҳар ижроқўмининг раиси, Сирдарё вилояти партия комитетининг ташкилий-партиявий бўлими мудири ва иккинчи котиби, Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгаши биринчи котиби, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва Сирдарё тумани ҳокими лавозимларида эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилди. 2000-2005 йилларда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бош маслаҳатчиси, котиби, раис ўринбосари, 2005-2025 йилларда “Пахтасаноат илмий маркази”да бўлим мудири, Ахборот-ресурс маркази бошлиғи, “Пахта илмий-инновация маркази” МЧЖда директор ўринбосари бўлиб ишлади.
Қўлига қалам олиб, чўл ҳаётидан жонли лавҳалар, тарихий битиклар ёзиш унинг болалик орзуси эмасмиди, қурилишда, раҳбарликда ишлаган вақтларида ҳам ҳар қанча банд бўлишига қарамай, ўзбек ва рус тилларида чоп этилаётган газета-журналларга долзарб мавзуларда рангба-ранг таҳлилий мақолалар ёзарди. Шунинг учун ҳам ўтган асрнинг саксонинчи йилларида уни Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилишди. Уни сирдарёликлар турли нашриётларда чоп этилган “Сирдарё ёшлари Мирзачўлни ўзлаштиришда”, “Дил чизгилари”, “Дийдор ғанимат”, “Сизга насиб”, “Ёднома”, “Ёднома — 2020”, “Умр учқунлари”, “Об историях отделных личностей”, “Ўзбекистонликлар фашизмга қарши жангларда”, “Мирзачўлда қолди излари”, “Мирзачўл авлодлар ёдида”, “Бир суҳбат тарихи” каби китоблар ва пахта саноати бўйича бир қатор илмий-техник қўлланмалар муаллифи сифатида яхши билишади.
Собиржон Усмонов қаламига мансуб, яқиндагина нашр этилган “Сирдарё вилояти тарихидан” ва “Сирдарёлик қаҳрамонлар” тўпламлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Собиржон ака вилоят ташкил топганидан бери ишлаб келган барча масъул ходимларни шахсан танигани, деярли бутун фаолиятини кадрлар билан ишлаш, уларни тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш билан ўтказгани боис, ҳар икки китобда тилга олинган одамларнинг таржимаи ҳолини, меҳнат фаолиятини ҳамда вилоят тараққиётига қўшган ҳиссасини жонли мисолларда кўрсата олган. Унинг Гулистон шаҳридаги уйига борсангиз, ниҳоятда бой шахсий архивига дуч келасиз. Кутубхонаси жойлашган хонага кирсангиз, у ердан чиққингиз келмайди.
Биз қутлуғ 80 ёшини қарши олаётган бўлса-да, ижодий ғайрат-шижоатга тўла нуроний Собиржон Усмоновни табриклар эканмиз, “Ҳеч қачон толманг, тарихимизни ёритишга доир сара асарлар яратишда давом этинг!” — дея тилак билдирамиз!
Ўтбосар АБДИЕВ,
“Нуроний” жамғармаси
Сирдарё вилояти бўлими раиси.
Мунаввар ПАРДАЕВ,
журналист.