Бухоро вилоятининг Олот туманида маҳаллалар ва кўчаларни ободонлаштириш, хонадонларни кўкаламзорлаштириш, томорқа маданиятини ривожлантириш ҳамда аҳолининг эстетик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “Усмоншайх”, “Нуробод”, “Пичоқчи” ва “Денов” маҳаллаларида томорқалардан самарали фойдаланаётган, жумладан, мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини етиштириб, иссиқхона хўжаликларини ривожлантираётган, гулчиликни йўлга қўйган хонадонлар сони ортиб бормоқда.

“Пичоқчи” маҳалласида истиқомат қилувчи Шерали Назиров ва Фарида Ҳаққиевалар хонадони ана шундай намунали хонадонлардан биридир. Оила аъзолари бир неча йилдан буён манзарали гулларни кўпайтириш ва парваришлаш билан шуғулланиб келмоқда. Дастлаб ҳаваскорлик ортидан бошланган машғулот кейинчалик оилавий тадбиркорлик фаолиятига айланган.

— Аввалбошда гул экиш, кўчат кўчириб ўтқазиш биз учун ҳавас, эрмак эди. Кейинчалик гулларни кўпайтириб, дастлаб гулчиликка қизиққан қўни-қўшни ва маҳалладошларга етказиб бериш, сўнгра сотишни ҳам йўлга қўйдик, — дейди Фарида ая Ҳаққиева. — Бугунги кунда хонадонимизда минг тупдан зиёд гул кўчати парваришланмоқда. Уларнинг 20 дан ортиқ нави бор. Гулчилик ҳам ободликка, ҳам фаровонликка хизмат қиладиган соҳа. Шунинг учун уни фарзандларимизга ҳам ўргатяпмиз.

Мазкур ишбилармон оилада, жумладан, алоэнинг бир неча тури, геран, сансеверия, атиргул, тол гули, барги томоша, канна, пўлочгули, райҳон ҳамда бошқа манзарали ва хушбўй ўсимликлар етиштирилмоқда. Шерали ота Назиров ва Фарида ая Ҳаққиевалар гулларни парваришлашда уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратиб, кўчатларни кўпайтириш, соғлом ривожлантириш ва мавсумий парваришлаш ишларига меҳр билан ёндашадилар.

Хонадонда етиштирилаётган гул кўчатлари бозорга ҳам чиқарилмоқда. Уларнинг нархи тури ва ҳажмига қараб 5 минг сўмдан 150 минг сўмгача белгиланмоқда. Шу тариқа, гулчилик оила учун нафақат севимли машғулот, балки қўшимча даромад манбаига ҳам айланиб улгурган.

Ҳовлида турли хил манзарали ўсимликларнинг уйғун жойлаштирилгани хонадонга ўзига хос кўрк бағишлаб, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларининг хонадонлар миқёсидаги амалий ифодасини намоён этмоқда. Бундай тажрибалар аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиши, гулчилик ва кўкаламзорлаштиришга қизиқишининг ортиши, шунингдек, оилавий даромад манбаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 С.Собирова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan