— дейди Фарғоналик 68 ёшли Абдурасул ота Аҳмедов
Мамлакатимизда аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида оилаларнинг ишбилармонлик ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, иссиқхоначилик қишлоқ хўжалигининг айрим маҳсулотларини мавсумдагина эмас, балки йилнинг тўрт фаслида етиштириш, уларни нафақат ички бозорга, балки халқаро савдо майдонларига йўналтириш нуқтаи назаридан анчайин истиқболли кўринмоқда. Шу сабабдан, “Бир ҳудуд — бир маҳсулот” тамойили асосида жойларда муайян маҳсулотни етиштирувчи маҳаллалар шаклланди, ҳатто танланган йўналишлар ҳудуд драйверига айланиб, ишсизликнинг бартараф этилиши, тадбиркорликнинг ривож топиши, иқтисодиётнинг ўсишига таъсир кўрсатувчи омилга айланмоқда.
Дарҳақиқат, гарчи ота-боболаримиз деҳқончилик илмининг ҳадисини олган бўлса-да, бугунга келиб, ушбу соҳада замонавий ёндашувлар халқчил усулга интеграция қилинмоқда. Қувонарлиси, илгариги тажриба билангина чекланмай, бугуннинг илмий-техник янгиликларини фаолиятига татбиқ этаётган, сифат самарадорлигига алоҳида эътибор қаратаётган деҳқон-миришкорлар яхши натижага эришмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида жойлашган “Гузар” маҳалласида яшовчи Абдурасул ота Аҳмедов иссиқхонада ўтган йилнинг ноябрь ойида кўчат ўтқазган бўлса, бугунга келиб, қалампирлар ҳосилга кирган. Ҳатто ушбу йўналиш маҳаллада кенгаймоқда. 18 сотих майдондаги маҳсулотни етиштиришда томчилатиб суғориш усули йўлга қўйилган. Отахоннинг ўзи мазкур фаолияти хусусида бизга гапириб берди.
— Иссиқхоначилик билан шуғулланаётганимизга 4 йил бўлиб қолди. 250 миллион сўм атрофида даромад қиляпмиз. Бу йўналиш фақатгина даромад манбасини кенгайтириб қолмаяпти, маҳалла аёлларининг муайян қисмини мавсумий иш билан таъминлашда ҳам қўл келмоқда. Ҳосилни ўзимизнинг бозорлардан ташқари, экспортга ҳам йўналтирамиз. Маҳсулот сифатли ва зарарсиз бўлиши, фитосанитар талабларига тўлиқ риоя этилишини ҳам назорат қиламиз.
Абдурасул ота аёли Саодатхон ая билан 4 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Ўғли, келинлари отахонга кўмакдош.
Дарвоқе, Аҳмедовлар оиласи тадбиркорликни йўлга қўйиб, маҳалла ривожи учун муносиб ҳисса қўшаётган фаол хонадонлардан. Худди шунингдек, жойларда оилавий тадбиркорликнинг кенгайиши бора-бора ҳудудий иқтисодиётнинг таянчига, аҳолининг даромадини оширадиган омилга айланиб боради. Шу баробарда, ҳудудларда ташкил этилаётган катта, кичик тадбиркорликлар мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятининг юқорилашида, аҳолининг сифатли маҳсулотга эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Суғдиёна Собирова.