Рауф Парфи — Ўзбекистон халқ шоири, моҳир таржимон, бир қатор дунё миқёсидаги мукофотлар совриндори, ўзбек шеъриятига янгилик оқимини олиб кирган маърифатпарвар шоир. У 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманининг Шўралисой қишлоғида дунёга келган.

Айни кунларда шоир таваллудига 83 йил тўлди. Шу муносабат билан у туғилиб ўсган замин — Янгийўл туманида маънавий-маърифий хотира кечаси ўтказилди.

“Келажак маркази” биносида ўтказилган тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев, ижодкорлар, туман фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида Рауф Парфининг серқирра ижодий фаолияти, ўзбек адабиёти ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва бой адабий мероси ҳақида сўз юритилди.

Таъкидлаш керакки, Рауф Парфи шахс эрки, Ватан мустақиллигини куйлаган оташқалб ижодкор эди. Унинг жасорати 60-йиллар учун фавқулодда ҳодиса эди. Шоирнинг “Карвон йўли”, “Акс-садо”, “Тасвир”, “Хотирот”,  “Кўзлар”, “Қайтиш”, “Сабр дарахти”, “Сукунат” ва “Тавба” каби ўнлаб шеърий тўпламлари, шунингдек, адабий қайд, ихчам тадқиқотлардан иборат китоблари бугун инсон қалби, Ватан, озодлик ва маънавият туйғуларини теран ифода этган бебаҳо адабий меросимизга айланган.

Тадбирда шоир билан боғлиқ хотиралар ёдга олиниб, унинг ижодидан намуналар ўқилди. Сўзга чиққанлар шоир шахсияти ва ижоди хусусида ёш китобхонларга кўпроқ маълумот бериш, Рауф Парфи  ижодини ёшларга тушунарли ва очиқ бўлиши имконини ошириш лозимлиги ҳақида фикр юритдилар.

Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлодни миллий адабиётимизга ҳурмат, китобхонлик ва ижодга меҳр руҳида тарбиялаш, уларда маънавий қадриятларга садоқат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Майсара Назарова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan