Бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида барча ҳудудлар каби Сурхондарё вилоятининг  Узун тумани нуронийлари ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқдалар. Ҳозирда туманимизда 178000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кейинги йилларда иқтисодиёт анча ривожланиб, фуқароларимиз боқимандаликдан халос бўлиб, ҳудудларда ҳунармандчилик, тадбиркорлик кенг қулоч ёймоқда.

Туманда 2681 нафар камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, фаол нуронийларга 5 тадан камбағал оила бириктирилган. Тажрибали нуронийларимиз ўз маслаҳатлари, амалий ёрдамлари билан уларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиб келмоқдалар. Самарали фойдаланилмаётган ерларда кўкат етиштиришнинг йўлга қўйилаётганлиги, узум, мевали дарахтлардан олинган ҳосилнинг деҳқон бозорларида сотишга кўмак берилиши оилаларнинг даромадига қўшимча тушум бўлмоқда.

Бугунги кунгача 950 та оила камбағаллик реестридан чиқарилган. Маҳаллаларда фаолият олиб бораётган нуронийларимиз ажрим ёқасига келиб қолган ёки нотинч оилаларнинг муаммоларини ўрганиб, амалий ечимлар топиши натижасида оилалар яраштирилмоқда. Нуронийларимиздан Х.Мустафоқулова, А.Қурбонмуродов, К.Хушбоқов, Т.Тилаков, Г.Қурбонов, У.Алиқуловларнинг олиб бораётган ишларини ўрнак дейиш мумкин.

— “Янги рўзғор” маҳалласида 3 та кўча, жумладан, Ш.Раҳимов, Ж.Пирназаров, Навбаҳор кўчаларида жами узунлиги 1,5 км.да узумзор ташкил этилган. Узумзорни кўриш учун қўшни туманлар, вилоят, пойтахтдан ҳам меҳмонлар ташриф буюришиб, миришкорларнинг меҳнатларига тасаннолар айтишмоқда. Насиб бўлса, 40 тонна узум ҳосили олиниб, қарийб 60-80 хонадон соҳиблари 200 миллион сўм даромад олишни ният қилишмоқда, — дейди фаол нуроний Мастура Маъмуржонова.

Мамлакатимизда ёшлар учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Лекин ёшларимиз орасида билиб-билмай нотўғри йўлга кириб қолганлари ҳам йўқ эмас. Бой ҳаётий тажрибага эга бўлган нуронийлар ўзларига бириктирилган  ёшлар билан  суҳбатлар ташкил этиб, уларни тўғри йўлга буриш мақсадида қатор ташаббусларни илгари сурмоқдалар. Олиб борилган амалий ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 7 нафар ёш пробация рўйхатидан чиқарилган. 92 нафар ёш касбга йўналтирилган, 77 нафари ишга жойлаштирилган, 76 нафарининг мавжуд муаммолари ўз ечимини топган.

“Обизаранг”, “Янги шаҳар”, “Наврўз”, “Обод юрт”, “Оқостона” каби маҳаллалардаги ногирон, ёрдамга муҳтож 200 га яқин фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-саховат кўрсатилди.

“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ва маданият вазирлигининг қўшма қарори билан “Нуронийлар куйлаганда” номли кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этган “Янги рўзғор” МФЙ фаол нуронийси, фахрий педагог Мастура Маъмуржонова 3-ўрин соҳибаси бўлди.

Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрликларидан илҳомланиб, эл-юрт хизмати йўлида камарбаста бўлаётган фаол нуронийларимиз бундан кейин ҳам ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни адо этиш йўлида бардавом бўладилар, албатта.

Бўри Тошбоев,

“Нуроний” жамғармаси

Узун тумани бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan