давлат ва жамоат арбоби Ҳалима Муҳитдинова таваллудига 110 йил тўлди

Ўзбек ҳуқуқшунос аёлларидан бири, кўп миллатли халқимизнинг қалбида ўчмас из қолдирган забардаст сиймо Ҳалима Муҳитдинова ана шундай букилмас ирода ва адолат тимсоли эди.

Даврлар ўзгаради, замон тўлқинлари инсонларни қанчадан-қанча қийин ва мураккаб вазиятларга дучор этади. Бундай паллаларда бошқаларга нисбатан қонун ва адолат соҳасида фаолият олиб бораётганларга бир неча баробар оғир бўлади. Бироқ бу соҳа кишиси ўз ақидасига, ҳалоллик, виждон ва адолат тамойилларига бутун умри давомида содиқ қолса, беаёв тўлқинлар уни асло ўз домига торта олмайди.

Ўзбек ҳуқуқшунос аёлларидан бири, кўп миллатли халқимизнинг қалбида ўчмас из қолдирган забардаст сиймо Ҳалима Муҳитдинова ана шундай букилмас ирода ва адолат тимсоли эди.

Ҳалима Муҳитдинова 1916 йилда Наманганнинг Ястепа қишлоғида дунёга келган. Унинг бутун ҳаётини бир сўз билан ифодалаш керак бўлса, бу — интилишдир. Унга яна бир сўз қўшиш керак бўлса, бу — меҳнат. Чунки у ҳар бир ютуғига машаққатли меҳнат, юксак масъулият ва ўз касбига садоқати билан эришган.

Ишга виждон билан муносабатда бўлиши, юқори ташкилотчилик салоҳияти ва масъулиятни елкасига олишдан чўчимаслиги уни тез орада раҳбарият эътиборига туширди. Шундай бўлса-да, Ҳалима Қодировна учун мансаб ҳеч қачон биринчи галдаги мақсад бўлмаган. Ҳалима опа ҳар бир лавозимга таниш-билишчилик ёки бошқа йўллар билан эмас, ўзининг ҳалол меҳнати, билим ва бенуқсон обрўси билан эришган.

1942 йилда юксак салоҳияти ва қонунга бўлган садоқати инобатга олиниб, Наманган вилоят прокуратурасининг суд назорати бўлими бошлиғи этиб тайинланади. Аммо олдинда уни бундан-да катта синовлар кутаётган эди.

Иккинчи жаҳон уруши авж олган, юртнинг ҳар бир хонадони оғир синовларни бошидан кечираётган энг мураккаб кунларда Ҳалима Муҳитдинова Тошкентга чақирилади. Собиқ Марказқўмнинг тегишли қарори билан Ўзбекистон Министрлар Совети қошидаги фронтга кетганларнинг оилаларини моддий ва маиший жиҳатдан давлат таъминоти билан таъминлаш бош бошқармасининг бошлиғи ҳамда Министрлар Совети раисининг ўринбосари лавозимига тайинланади.

Бу вазифа оддий раҳбарлик эмас эди. Фронтда отаси, акаси, турмуш ўртоғи ёки фарзанди жанг қилаётган минглаб оилалар тақдири, уларнинг тирикчилиги, эҳтиёжлари ва эртанги куни билан боғлиқ улкан масъулият эди.

Ҳалима Қодировна бу юкни ҳам елкасига олди. Масъулият оғирлиги уни чўчитмади. Аксинча, одамларнинг дарди унинг ўз дардига айланди.

1944 йил — урушнинг энг оғир дамларида Жиззах вилоятининг чекка қишлоқларида хавфли энцефалит эпидемияси авж олди. Кун сайин юзлаб одамлар оғир касалликка чалинар, кўплаб хонадонларга кулфат кириб борар эди. Офатга қарши кураш комиссияси раҳбари этиб Ҳалима Муҳитдинова тайинланди. Бу вазифа унинг учун яна бир улкан синов эди. У хавф-хатарга қарамай, эпидемия ўчоғига шахсан етиб борди. Беморлар ётган хонадонларга бирма-бир кирди. Вазиятни ўз кўзи билан ўрганди. Муаммони қоғозда эмас, одамлар орасида кўришни истади. Шундан сўнг зудлик билан кескин чоралар кўрилди.

Унинг юксак ташкилотчилик қобилияти туфайли марказ ва пойтахтдан энг тажрибали академиклар ҳамда шифокорлар зудлик билан сафарбар этилди. Қишлоқларга узлуксиз равишда озиқ-овқат, кийим-кечак ва дори-дармон етказиб берилди. Энг оғир тақдир эса чин етим қолган болаларники эди. Улар юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги қариндошлари хонадонларига жойлаштирилди. Шу тариқа болаларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳалима Муҳитдинованинг фидойи меҳнати ва қатъияти туфайли ўн минглаб ватандошларимиз омон қолди.

Масъулиятдан сира қочмаган, босим олдида чекинмаган, манфаат йўлида виждонини сотмаган ҳуқуқшунос Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёт йўли замондошларимиз, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимига эндигина қадам қўяётган ёш судья ва юристлар учун чинакам жасорат ва касбий садоқат мактабидир. Бу мактаб фақат назарий билимлар мажмуи эмас. Бу — ҳаётнинг энг оғир синовларида тобланган букилмас ирода, пок виждон ва адолатга бўлган мустаҳкам эътиқод сабоғидир!

Бу йил давлат ва жамоат арбоби Ҳалима Қодировна Муҳитдинованинг таваллудига 110 йил тўлди. Шу муносабат билан Наманган шаҳрида хотира тадбири ўтказилди.

Тадбирда Президент Администрацияси, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги раҳбарлари, Наманган вилояти судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фахрийлар, соҳа ходимлари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Тошкент давлат юридик университетининг Наманган шаҳридаги академик лицейида бўлиб ўтган тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мазкур таълим муассасасига Ҳалима Муҳитдинованинг номи берилгани маълум қилинди.

Шунингдек, лицей ҳудудида Ҳалима Муҳитдинованинг бюсти очилди. Таълим муассасасининг маъмурий биносида эса унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хотира музейи ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари музейдаги экспозициялар билан танишдилар.

Хотира тадбири Наманган вилояти мусиқали драма театрида давом этди. Унда Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев сўзга чиқиб, Ҳалима Муҳитдинованинг ҳуқуқ соҳасидаги кўп йиллик фаолияти, адолат тамойилларига садоқати, касбига фидойилиги ва халққа хизмат қилиш борасидаги ибратли ҳаёт йўли ҳақида фикр билдирди.

Тадбир доирасида Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Матонат маликаси” китобининг ҳамда шу номдаги ҳужжатли фильмнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Хотира тадбирида Ҳалима Муҳитдинованинг бой касбий мероси ва ҳаёт йўлига бўлган эҳтиром яна бир бор намоён бўлди. Унинг адолатга садоқати, касбига фидойилиги ва инсонларга хизмат қилиш борасидаги фаолияти бугунги ва келажак авлод ҳуқуқшунослари учун ибрат манбаи бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, давлат арбоби, ҳуқуқшунос ва судья Ҳалима Муҳитдинова босиб ўтган йўл бизга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида, энг аввало, виждонни асраш кераклигини ўргатади. Орадан қанча йиллар ўтмасин, ҳалоллик, адолат, жасорат ва инсон қадрини улуғлаш каби тушунчалар ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмаслигини англатади.

Ўзбекнинг энг матонатли ва адолатли ҳуқуқшуноси Ҳалима Муҳитдинова ана шу эзгу қадриятларни ўз ҳаёти билан тасдиқлаган фидойи аёл эди. Унинг синмас иродаси, юксак инсоний фазилатлари ва адолатга садоқати асло унутилмайди!

Шерзод Даминов,

Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясининг матбуот котиби.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan