“Худо умрин берса, яшайверса тўқ, Айтгин, кимнинг юз йил яшагиси йўқ”, — дейди шоир. Чиндан ҳам, умрнинг узоқ, мазмунли бўлишини ҳар ким истайди. Эзгу ишлар, эл-юрт корига яраш бахти ва инсонийлик ҳаётнинг иккинчи шавкатли даврини безайди. Юқори Чирчиқ туманидаги “Sohil” мажмуасида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли публицист, адиб ва муҳаррир Жамолиддин Абдиев таваллудининг 70 йиллигига бағишланган хотира кечаси ана шундай эҳтиром ва шукроналик руҳида ўтди.
У “Юқори Чирчиқ ҳаёти” ва “Паркент тонги” газеталарида мусаҳҳиҳликдан тортиб бош муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтди. Республика бўйича биринчилардан бўлиб туман газетаси идораси биносини қуриб битказишга бош-қош бўлди, таҳририятни замонавий кўринишга келтирди. Адиб сифатида “Бургут баланд учади” ва “Яхшилар кўп дунёда” каби қисса ва ҳикоялар тўпламларини халқимизга тақдим этди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Юқори Чирчиқ тумани ҳокими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Ускенбай Атемов Ж. Абдиевнинг туман ижтимоий ва маданий ҳаётига қўшган ҳиссаси, газетани халқ ва ҳокимият ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айлантира олганини таъкидлади. Ўзбекистон халқ шоири, сенатор, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир адибнинг публицистик асарларида самимият, ҳаёт ҳақиқати ва сўзга бўлган масъулият юксак даражада намоён бўлганини қайд этди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Раҳматулла Шералиев эса Ж.Абдиевнинг устозлик мактаби, кўплаб ёш қаламкашларга тўғри йўл кўрсатиб, уларни матбуот ва адабиётга етаклаганини алоҳида айтиб ўтди. Шунингдек, хотира кечасида шоира, таржимон Лола Жўманова, “Niso” nashriyot va matbaa uyi” директори Абдуваҳоб Ёрмуҳаммедов, “Yuqori Chirchiq hayoti” газетаси бош муҳаррири Ҳулкар Уралова марҳум публицистнинг газетани нашрга тайёрлашдаги касбий масъулияти, ҳар бир сонни юқори сифатда чиқаришдаги фидойилиги, ходимларга бўлган ғамхўрлигига тўхталиб ўтдилар.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ.