Кўчалар — сув сепилган тоза,
Ислоҳотлар элда овоза.
Боғлар ичра сархил мевалар,
Дилни ёқар ўтли шевалар.
Нуронийлар бордир бу элда,
Шундан қувонч ёрдир кўнгилга.
Оғизбирлик, аҳиллик яшар,
Ҳашарлари юртга ярашар.
Бу заминда ниятлар яхши,
Фаровонлик — ҳаётнинг нақши.
Нуронийлар бунда энг фаол,
Умр бўйи ишлаган ҳалол.
Яшаш завқи — дилда мужассам,
Ҳурмат қилган асло бўлмас кам.
Ким ҳунарманд, кимлар тадбиркор,
Интилганга омад, толе ёр.
Нуронийлар эрур зўр маёқ,
Шундан гулга бурканган ҳар ёқ.
Тонглар оппоқ, мусаффо осмон,
Замонамиз тинч, дориломон.
Сўзингизда нури ҳикмат мўл,
Кўрсатасиз доим тўғри йўл.
Нуронийлар, бўлингиз омон,
Мудом туринг Эзгулик томон!
Иброҳим Юсупов,
Хоразм вилояти.
Истиқлолнинг ёши — Ўттиз беш
Истиқлолнинг ёши — ўттиз беш,
Фаровондир, элнинг иши беш.
Еру кўкни мунаввар этган,
Офтобу Ой туну кунда эш.
Ватан озод, эрки қўлида,
Чин қардошлар унинг йўлида.
Гул чечаклар чаман-чўлида,
Истиқлолнинг ёши — ўттиз беш.
Музлар эриб, қалбларда кўклам,
Кунларимиз кундан-кун кўркам.
Қанча суйиб ардоқласанг кам,
Истиқлолнинг ёши — ўттиз беш.
Уқтираман ўғилу қизга,
Кўз тегмасин турмушимизга,
Ҳавас қилар Ер юзи бизга,
Истиқлолнинг ёши — ўттиз беш.
Сарбонимиз оқилу бардам,
Юксакларни забт этар ҳар дам,
Мукаррамдир ҳазрати одам,
Истиқлолнинг ёши ўттиз беш.
Улуғ неъмат тинч ўтган ҳар он,
Ибрат олсин бизлардан жаҳон,
Йўлимизни ёритар Қуръон,
Истиқлолнинг ёши — ўттиз беш.
Шавкатлидир ҳур Ўзбекистон,
Жаннатмонанд, боқий гулистон,
Хазон билмай яшнасин бўстон,
Истиқлолнинг ёши — ўттиз беш.
Иқболимиз абадий бўлсин,
Олам қувонч, шодликка тўлсин.
Омонуллоҳ Мутал.