Инсон ёши улғайгани сари тажрибаси ва билими ортиб боради. Ўзи эса, магарки, эзгу йўлда бўлса, чин дилдан, ҳалол меҳнат қилса, эл аро азиз ва табаррук бўлиб бораверади. Меккам момо Холиёрова ана шундай инсонлардан бири. Онахон 1920 йил 20 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида туғилган. Отаси Шерқобилов Холиёр бобо  чорвадор, онаси Раҳмонова Кумуш момо уй бекаси бўлган. Меккам момо оилада катта ёлғиз қиз фарзанд бўлган.

Меккам момонинг ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Отаси Холиёр бобо билан биргаликда Боботоғ яайловларида чорвачилик билан шуғулланиб, чорва фермасида мудир бўлиб ишлаган. Меккам момо бошчилигида атрофдаги аёлларни тўплаб, бригада тузган ҳолда, қўй ва эчки жунидан жангчилар учун жунпайпоқ, пайтава ва чакмонлар тўқиб, тикиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшганлар. Бундан ташқари, гўшт ва қатиқдан озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаб, доимий равишда фронтга жўнатиб турганлар.

Момо уруш йилларини шундай эслайдилар:

— Ўзимиз совуқда оч, устимиз юпун бўлсак-да, фронт учун боримизни берардик. Урушнинг оти ўчсин, болам, қанча ёшу қарини ҳаётдан олиб кетди. Очлик халқнинг тинкасини қуритди…

Меккам момо урушдан кейин 1945-1946 йилларда Шўрчи тумани собиқ Карл Маркс номли колхозидаги Миршоди қишлоғида яшовчи уруш қатнашчиси, I гуруҳ ногирони Жуммаев Эргаш бобога турмушга чиқиб, шу қишлоққа кўчиб келишади. Онахон бу ерда асли Қозоғистондан бўлган Ипак момога шогирд тушиб, у кишидан ўтов тўқиш, тузиш, жундан ой гилам, гажак гилам, тўда гул гилам, шароқот гилам тўқиш, тикувчилик сирларини ўрганади. Биргаликда мактаб очишиб, ёшларга ҳам ўргатадилар. Кўплаб шогидрлар  чиқарадилар. Уруш асоратларини бартараф этишда ўтов қуриш ишларига асос солади, гилам тўқиш ишига улкан ҳисса қўшади. Меккам момо қайнотаси Донаев Жуммо бобо, қайнонаси Қораева Зулфин момоларнинг хизматларини астойдил адо этади. Турмуш ўртоғи Эргаш бобо билан бирга, ўн нафар фарзанддан 5 нафарини вояга етказадилар.

Турмуш ўртоғи 2005 йил 85 ёшида вафот этган.

Бугунги кунда Меккам момо Олтинсой туманидаги “Алпомиш” МФЙ Миршоди қишлоғида 40 нафардан ошиқ невара, 50 нафардан ошиқ чевара, 10 нафардан ошиқ эвара, 10 нафардан ортиқ дубаралар даврасида бахтли умр кечириб келмоқда.

Фарзандлари, невараю чеваралари ҳозирда жамиятимизнинг турли жабҳаларида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқдалар. Бунда Меккам момонинг роли ҳамда тарбияси алоҳида аҳамият касб этади. Момонинг самарали меҳнатлари ҳисобга олиниб, улар “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландилар. Мукофотни топшириш тантанасида туман ҳокими Отабек Мавлонов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Юсуфхон Ҳакимов ва яна бир гуруҳ нуронийлар иштирок этиб, момонинг ибратга тўла ҳаётини эътироф этдилар. Улкан эҳтиром рамзи сифатида эсдалик нишони ва қимматбаҳо совғаларни топширдилар.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олтинсойликларга ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлади. Ҳозирда нуронийларнинг ижтимоий фаоллигига муҳим эътибор қаратилаётганлиги, халқимиз фаровонлигини ошириш, ёш авлодни тарбиялашда уларнинг юксак ҳаётий тажрибаларидан самарали фойдаланилаётганлиги айни муддао бўлмоқда.

— Бундай адолатли, тинч, озод ва обод Ватанда қанча меҳнат қилиб яшасанг, шунча кам, — дейдилар момо.

Мустақиллик ва тинчликнинг қадрига етиш, уларнинг олий неъмат эканлигини ёшларимиз онгию қалбига сингдириш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири эканлигини айтадилар табаррук ая. Бахтимизга 100 ёшдан ошиб, 106 ёшда табаррук бўлиб, барча-барчаси учун шукрона айтиб, бутун халқимиз ва ёшларимизни эзгулик сари чорлаб келаётган бувижонимизга қарата: “Ҳамиша соғ ва омон бўлинг, Меккам момо!” деб қоламиз.

Омонтурди Эсонов,

Олтинсой тумани

фаол нуронийси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan