Мамлакатимизда давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналари шукуҳи давом этмоқда. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси тизимида ҳам “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган байрам тадбирлари, маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатларида мустақилликнинг 35 йиллиги даврида, айниқса, сўнгги ўн йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида қўлга киритилаётган тарихий ютуқлар, мамлакатимиз ҳаётида юз берган янгиланишлар ободлик ва фаровонлик алоҳида эътироф этилмоқда.
Байрам тантаналари арафасида “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви жамоасининг қадимий ва навқирон Самарқанд заминига саёҳати ташкил этилгани тарих, маънавият ва бугунги бунёдкорликни яна бир бор ҳис этиш имконини берди.
Самарқанд — тарих билан бугун, улуғ аждодлар мероси билан замонавий тараққиёт уйғунлашган бетакрор шаҳар. Бу заминга қадам қўйган киши, аввало, унинг тарихий нафасини ҳис қилади. Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси сингари обидалар халқимизнинг буюк давлатчилик, илм-фан ва маданият тарихидан сўзлайди. Бироқ бугун Самарқанд фақат ўтмишнинг ёдгорликлари билан эмас, замонавий қиёфаси, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янги инфратузилмаси билан ҳам дунё эътиборини тортмоқда.
Саёҳатнинг энг таъсирли манзилларидан бири, шубҳасиз, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари номи билан боғлиқ муқаддас қадамжо бўлди. Жамоа вакиллари бутунлай янгича қиёфада қад ростлаган Имом Бухорий мажмуасида бўлиб, улуғ алломанинг руҳларини ёд этдилар, Қуръон тиловат қилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини сўраб дуолар қилдилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта бунёд этилган маскан бугун алломанинг юксак мақомига муносиб замонавий зиёратгоҳга айланган. Бундай муҳташам мажмуанинг барпо этилиши халқимизнинг буюк аждодлар меросига бўлган эҳтиромининг ёрқин ифодасидир.
Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрида “Уч авлод учрашуви” ташкил қилиниб, унда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов, жамғарманинг Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда фахрийлар фаолиятига қаратилаётган эътибор ва уларнинг ўзига хос самараларини эътироф этган ҳолда, барчани байрам муносабати билан муборакбод этдилар.
Тадбир давомида бир гуруҳ нуронийлар, ёш авлод вакиллари, жамғарма вакиллари сўзга чиқиб, ўз дил изҳорларини баён этдилар.
Эртаси куни меҳмонлар Регистон майдони, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар, “Хўжа Дониёр” зиёратгоҳи, “Боқий шаҳар” ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилдилар. Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари, замонавий қиёфаси, обод ва файзли масканларини томоша қилиб, бир-бирлари билан самимий мулоқот қилдилар.
Самарқанд сафари якунланар экан, ҳар бир иштирокчи қалбида турфа таассуротлар билан бирга, яна бир эзгу туйғуни — Ватан билан фахрланиш туйғусини олиб қайтди.
Баҳодир Валиев.