нурободлик фаол нуронийлар саёҳат завқидан мамнун

Самарқанд вилояти Нуробод тумани фаол нуронийлари иштирокида  ҳокимлик ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Дониёр Хушвақтов масъуллигида Самарқанд шаҳрига  саёҳат ва зиёрат тадбирлари уюштирилди.

Дастлаб нуронийлар соҳибқирон Амир Темур асос солган “Боғи Баланд” туризм масканининг Анжирзорида “Бир пиёла чой” устида ташкил қилинган “Анжир сайли”да иштирок этдилар.

Боғ негизида “Боғи Баланд” фермер хўжалиги ташкил этилган бўлиб, айни пайтда ушбу туризм масканига хорижий сайёҳлар, юртимизнинг турли манзилларидан маҳаллий саёҳатчилар  ташриф буюрмоқдалар.

Гўзал табиат, сўлим гўша бугунги кунда ташриф буюрувчиларни ҳайратга солиб келаётганлиги рост. Ям-яшил табиат қўйнида ҳордиқ чиқарган нуронийлар маданий дастурдан завқу шавқ олдилар.

Ушбу тадбирдан сўнг нуронийлар Самарқанд шаҳридаги мустақил Ўзбекистонимиз тарихида муҳим из қолдирган сиёсий арбоб — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу қўним топган қадамжога зиёратга бориб, руҳи покларига қуръон тиловат қилдилар. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик тилаб,   дуоларга қўл очдилар.

Нуронийлар саёҳат тадбирлари доирасида ҳазрати Дониёр мақбарасига ҳам зиёрат уюштирдилар. Бир сўз билан айтганда, нурободлик нуронийлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор қадамжолари ва сўлим гўшаларини зиёрат қилиш билангина чекланиб қолмасдан, ўзаро бир-бирлари билан тажриба алмашиб, Ватанимиз тарихига оид билимларини янада ошириб, олам-олам таассуротларга эга бўлдилар.

Хурсанд Бойчаев,

Нуробод туманидаги “Жом” маҳалласи

фаол нуронийси. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan