Ўз тақдиримизга эгалик қилиш, келажагимиз ва истиқболимизни ўзимиз белгилаш, бор имконият ва салоҳиятимизни мустақил рўёбга чиқариш ҳуқуқини берган шонли мустақилликнинг қутлуғ айёми тобора яқинлашмоқда. Бугун бу улуғ байрамни турфа соҳаларда эришилган оламшумул ютуқлар, халқимиз турмушини янада яхшилашга қаратилган оқилона ислоҳотларнинг самарасига гувоҳ бўлиб, эзгу амаллар билан қарши олмоқдамиз. Азалдан илм-фан, маданият, савдо-сотиқ ва бунёдкорлик маркази сифатида дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган, бугун эса замонавий тараққиётнинг янги қиёфасини намоён этаётган Самарқанд кун сайин янги бунёдкорлик, сезиларли ўзгаришлар билан янада обод ва файзли манзилга айланиб бормоқда.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар Самарқанднинг нафақат иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини юксалтирди, балки унинг ободлиги, шаҳарсозлик маданияти ва аҳолининг турмуш тарзини ҳам тубдан ўзгартирди.
Бугун азим вилоят бўйлаб саёҳат қилсангиз, ободлик, бунёдкорлик ва юксак иқтисодий ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз. Вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 143,9 триллион сўмга етказиш, яъни 110 фоизлик ўсишни таъминлаш мақсад қилинган. Бунда саноатда 110 фоиз, қишлоқ хўжалигида 105,5 фоиз, қурилишда 118 фоиз, хизматлар соҳасида 120 фоиз ўсишга эришиш вазифаси турибди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси аниқ бир мақсадга — халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган. Зеро, режалар замирида улкан эзгу ишлар кўзланган: янги очилган иш ўрни, ҳалол меҳнати билан ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор, даромади ошиб, оиласига қут-барака кириб келган инсон, замонавий синфхоналарда билим олаётган болалар ва шифо топиб миннатдор бўлаётган беморлар — мана шулар юртимиз тараққиётининг асл мазмунини ташкил этади. Шу маънода айтсак, мустақилликнинг энг улуғ имконияти ҳам ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини намоён этиши, эртанги кунига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун барча шароитлар муҳайё қилинганидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлкатимиз ҳудудларини барқарор ва жадал ривожлантириш, табиий хомашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини ошириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бугунги кунда Самарқанд вилоятида ўзининг юксак самарасини намоён этмоқда.
Бугун қадимий Самарқанднинг иқтисодий қиёфаси кундан-кунга янгиланиб, инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда ва инсонларни рози қилишга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойида 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган, экспорт ҳажми эса 497,1 миллион долларга етган. Ҳудудий дастурлар доирасида 263,2 миллион долларлик 350 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 4 361 та янги иш ўрни яратилди; шундан 79 таси саноат, 202 таси хизматлар, 69 таси қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келиб, ҳар бир тармоқ янги натижалар сари дадил қадам ташламоқда.
Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 67,4 триллион сўмга етиб, ўтган даврга нисбатан 109,7 фоизга ўсди ва бу кўрсаткич ҳудудимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ишлар залворини кўрсатади.
Сўнгги ўн йилликда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган имкониятлар натижасида гранит тоши қазиб олишда Қўшработдаги “Si Tong Stone” МЧЖ томонидан соҳада 7 баробар ўсишга эришилди. Пастдарғомдаги “Samarqand Polimer” МЧЖ 1,2 миллион метр ПВХ профили ишлаб чиқариб, ҳажмни 3 баробар оширди, “Aziya metall proff” корхонасида эса 4,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2,3 баробар ўсиш қайд этилди ва буларнинг барчаси эл фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Импорт эмас, экспортда салоҳиятимиз ошяпти
Тараққиётнинг яна бир улкан мезони — маҳаллий маҳсулотларимизнинг нафақат ички бозор, балки жаҳон майдонида ҳам рақобатлаша олиши ҳамда юқори натижаларга эришишидир. Самарқанд вилоятида экспорт ҳажмини 1,4 миллиард долларга етказиш ва шу орқали иқтисодиётимизни янада кучайтириш мақсад қилинган. Жорий йилнинг ўтган олти ойида 87 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилган, 40 та корхона халқаро сертификатларни қўлга киритган, 37 та корхона эса халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, ўз маҳсулотларини дунёга танитган. Қурилиш саноати маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари, электротехника, мева-сабзавот маҳсулотлари ва бошқа йўналишларда юксак самарадорликка эришилди. GSP+ тизими доирасида Европа мамлакатларига 17 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани эса маҳаллий маҳсулотларимизнинг жаҳон талабларига тўла жавоб бераётганини яққол исботлайди.
Туризм — дунёга очилган дарвоза, дегани
Самарқанднинг бебаҳо стратегик имкониятларидан яна бири — бу туризмдир. Мазкур соҳа кундан-кунга улкан даромад ҳамда ривожланиш олиб келмоқда. Олти ой давомида Самарқандга 3,4 миллион хорижий ва 4,7 миллион маҳаллий сайёҳ ташриф буюриб, юртимиз меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлди. Сайёҳларнинг вилоятда қолиш давомийлиги 3 кунга етди, бир туристнинг ўртача харажати 400 долларгача ошди, туризм экспорти эса 578,1 миллион долларни ташкил этиб, 144 фоизга ўсди ва бу ҳудуд иқтисодиётига беқиёс ҳисса қўшмоқда. Вилоятимизда туризм салоҳиятини ошириш йўналишида амалга оширилган эзгу саъй-ҳаракатларнинг натижасида меҳмонларга кўрсатиладиган хизматлар сифати кескин яхшиланди.
Давлатмиз раҳбари ташаббуси билан қайта реконструкция қилинган Имом ал-Бухорий мажмуаси бир кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, сўнгги уч ойда бу масканга 2,8 миллион нафар зиёратчи ташриф буюрди ва маънавий обидаларимиз янада обод қилинди. Самарқанд туманида 40 миллион долларлик “Edelveys тоғ туристик маркази” ишга туширилиб, 120 та янги иш ўрни яратилди, 1,7 километрлик дор йўли ишга туширилди ҳамда “Боғизоғон”, “Пангат” ва “Янги жой” маҳаллаларига “туризм қишлоғи” мақоми берилиб, аҳолининг турмуш тарзи тубдан ўзгарди.
Аҳоли фаровонлиги — ислоҳотларнинг бош мезони
Юртимизнинг ободлиги халқимиз фаровонлиги, инсонларнинг розилиги ва турмуш тарзининг яхшиланишида намоён бўлмоқда. Одамларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш мақсадида 6,9 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 1 336 та объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Янги мактаблар, замонавий тиббиёт муассасалари, боғчалар қурилиши натижасида фарзандларимиз замонавий шароитларда билим олишмоқда. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиляпти. Ҳамюртларимиз марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Янги йўллар, кўприклар, янги турар жой массивларининг барпо этилгани эса халқимиз турмуш шароитларини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.
Нуронийлар — маънавий суянчимиз
Маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёш авлодни тўғри йўлга бошлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда нуроний отахон ва онахонларимизнинг ўрни ва таъсири беқиёс. Ҳар бир маҳаллада “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида амалга оширилаётган хайрли ишлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Нуронийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаси, оталик ва оналик ғамхўрлиги туфайли адашган ёшлар тўғри йўлга қайтмоқда, оилалар мустаҳкамланиб, жамиятимизда соғлом маънавий муҳит янада мустаҳкамланмоқда.
Вилоят бўйича ушбу эзгу ташаббус доирасида жами 1 063 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларга 2 271 нафар нуроний бириктирилган. Вилоятда жами 22 079 нафар муаммоли ёшлар аниқланган бўлиб, уларнинг 9 704 нафари уюшган, 12 375 нафари эса уюшмаган ёшларни ташкил этади, шунингдек, 946 нафар ёш профилактик рўйхатда туради. Нуронийлар иштирокида ўтказилган тарбиявий тадбирлар натижасида 2 884 нафар ёш ишга жойлаштирилди, 2 976 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди ва жами 8 253 та ёшларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида 586 нафар ёш профилактик рўйхатдан чиқарилди, 2 452 нафар ёш билан боғлиқ жиноят ҳолатларининг олди олинди, 1 081 та оилавий низолар ва оилавий ажримлар бартараф этилди ҳамда 132 та оила яраштирилди. Шунингдек, субсидия, кредит, контракт тўлови ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 4 002 нафар ёшнинг муаммолари ҳал этилиб, айни пайтда 14 113 нафар ёшнинг масаласи назоратда турибди. Нуронийларимизнинг оқил маслаҳатлари ва ибратли фаолияти сабабли ҳар бир ёш тўғри йўлни топиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб вояга етмоқда.
Имконият — масъулият демак
ЯҲМни 143,9 триллион сўмга етказиш, 850 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 24,3 мингта янги иш ўрни яратиш, 3,1 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштириш ва камбағалликни 2 фоизга тушириш каби улкан марралар катта меҳнат ва масъулият талаб қилади. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига, унинг азму шижоатли, меҳнаткаш ва бағрикенг халқига кўрсатаётган юксак ғамхўрлиги, доимий эътибори ва яратиб бераётган кенг имкониятлари ҳар бир самарқандлик қалбида чексиз шукроналик туйғусини уйғотмоқда.
Шу ишончни оқлаш, ажратилаётган улкан маблағлар ва яратилаётган шароитларнинг қадрига етиб, масъулиятни ҳис қилган ҳолда янада астойдил меҳнат қилишимиз зарур, албатта. Буларнинг барчаси эртанги кунимизнинг янада нурафшон, оилаларимиз бахтли ва турмушимиз фаровон бўлишини таъминлайди.