Давлатимиз Истиқлолининг 35 йиллиги тантаналари олдидан маърифий тарғибот қизғин паллага кирди

Давр силсиласи ҳар бир бунёдкор халқ ва демократик давлат зиммасига жадал ривожланиш ва истиқболни белгилаш масъулиятини юклайди. Шу маънода, сўнгги ўн йилликда Ватанимиз тараққиёти тарихий ислоҳотлар, жаҳонга юз очиш, туб янгиланишлар ҳамда улкан бунёдкорлик ишлари билан ҳамоҳанг кечиб, янгича маъно ва мазмун касб этмоқда.

Ҳамюртларимиз кечаги ва бугунги кун ўртасидаги туб фарқ, турмуш фаровонлиги ортаётганини ўз ҳаётида яққол ҳис этмоқда. Бой тарихи, ҳар соҳадаги салмоқли ютуқлари билан жаҳон ҳамжамиятида алоҳида эътирофга сазовор бўлаётган  Ўзбекистонимиз истиқлолининг 35 йиллик айёмини юксак кўтаринкилик билан кутиб олмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳужжатнинг байрамдан қарийб тўрт ой олдин қабул қилинганидан ҳам англаш мумкинки, бундай залворли ва тарихий санага тайёргарлик ҳам шунга муносиб ҳолда, пухта ва кенг кўламда олиб борилиши лозим.

Шунга мувофиқ, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, “Нуроний” жамғармаси ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жорий йилнинг май-сентябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик тўйи” фестивалини ўтказиш белгиланганди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур маданий-маърифий лойиҳани сифатли ва юксак савияда ташкил этишга алоҳида ҳозирлик кўрилди. Республика ташкилий қўмитаси режасига мувофиқ,  маданият, санъат ва адабиёт намояндалари ҳамкорлигида барча ҳудудларда кенг кўламли тарғибот тадбирлари изчил давом этмоқда.

Хусусан, Андижон вилоятининг Асака туманида “Маҳалла — маънавий макон” лойиҳаси доирасида ўтказилган маърифий семинарда нуронийлар ва маҳалла фаоллари ёшлар билан очиқ мулоқотда бўлдилар.

“Бир болага етти маҳалла ота-она” дейди халқимиз. Ҳа, бугунги дориломон, тинч ва фаровон кунларимизга осонликча эришилмаганини ёшларга етказишда кўпни кўрган, ҳаёт синовларида тобланган муҳтарам нуронийларимизнинг ўрни беқиёс. Ўтган асрнинг оғир ва машаққатли йиллари, турли қийинчиликлар, кундалик ташвишлар ва етишмовчиликларни бошдан кечирган кекса авлод вакиллари бугунги ёшларга энг катта ибрат мактабидир. Уларнинг ҳар бир самимий ҳикояси ва ҳаётий хотираларида истиқлол берган бебаҳо неъматлар — тинчлик, тўқлик, озодлик ва фаровонликнинг аслиятдаги қадри яққол бўй кўрсатади. Тадбирда кексаларимиз ўз ҳаёт йўлларидан мисоллар келтириб, маҳаллаларда тинчлик, аҳил-иноқлик, миллий қадриятлар ва оилавий тотувликни асраш нақадар муҳим эканини таъсирли тарзда етказишди.

Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар аҳолига юксак байрам кайфиятини бағишлаш билан бирга, истиқлолнинг беқиёс аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини теран етказишга хизмат қилаётир.

Маълум қилинганидек, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивлари, туман ва шаҳар марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театрлар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва бошқа жамоат масканларида ўтказилувчи “Мустақиллик тўйи” фестивали жамиятда бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва мустақиллик неъматининг қадрини, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш, қолаверса, миллий қадриятлар ва бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этишга қаратиляпти.

Фестиваль доирасида республика бўйлаб 10 дан ортиқ ижтимоий-маданий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Сирдарёда ташкил этилган маърифий учрашувлар ва санъат дастурлари эса ҳудуд аҳолиси ўртасида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаб, миллий қадриятларимиз ва бой маънавий меросимизни кенг оммалаштиришда муҳим омил бўлди, албатта.

Хусусан, тарғибот тадбирлари доирасида миришкор заминда ҳам “Мустақиллик маршлари” орқали оммавий юришлар ташкил этилиб, ватанпарварлик руҳи кучайтирилиши кўзланган. “Бир миллат — бир юрак” флешмоби миллий қадриятларни тарғиб этади. “Ватандошлар билан мулоқот” хориждаги юртдошлар билан алоқаларни мустаҳкамлайди. “Давлат рамзлари — фахримиз” акцияси миллий рамзларга ҳурматни оширишга хизмат қилади.

Сурхондарё воҳасидаги фестиваль тадбирлари ҳам кўтаринки ва ўзгача шукуҳда кечмоқда. Жумладан, Шўрчи тумани “Гулистон” маҳалласидаги “Ёшлар боғи”да “Шукроналик” маданий-маърифий учрашуви бўлиб ўтди. Таниқли олимлар, адиблар, “Маърифат” тарғиботчилари ва санъаткорлар иштирокидаги кечада тинчлик, шукроналик ва Ватанга садоқат ғоялари улуғланди.

Бойсун туманининг “Бойсун баҳори” туризм мажмуасида ўтказилган фестивалда эса эл ардоғидаги санъаткорлар ва фольклор жамоалари қатнашдилар. Туманлардан ташриф буюрган ансамбллар ўз қўрғонларида миллий куй-қўшиқлар, халқ ўйинлари ва қадимий урф-одатларни намойиш этиб, ўзига хос миллий байрам муҳитини тақдим этишди.

Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларидаги тадбирлар, ўтказилаётган лойиҳалар янгича ёндашув ва юксак тайёргарлиги билан ажралиб турди. Шу билан бирга, юртдошларимизда она Ватанга муҳаббат, фахр ва келажакка бўлган ишонч туйғуларини янада жўш урдирди. Ягона Ватан, ягона халқ ва умумий келажак ғоясини қалбларда янада мустаҳкамлаётган чинакам эзгулик ва маърифат майдонига айланди.

Хоразм вилояти Урганч туманидаги 8-мактабда “Уйшин”, “Юқориовул”, “Мироблар”, “Мергановул”, “Араблар” ва “Жайҳун” маҳаллалари аҳолиси учун маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди. “Нуроний” жамғармаси ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтган кечада кексаларнинг ибратли ўгитлари тингланиб, Ватанни севиш ва аҳилликни асраш борасида фикр алмашилди.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги “Шимом” ва “Тинчлик” овул фуқаролар йиғинларида фестиваль тадбирлари байрамона руҳда ўтди. “Нуроний”жамғармаси туман бўлими раҳбари Ф.Аннасафаров ва тарғибот гуруҳи аъзолари нуронийлар номидан сўзга чиқиб, мустақилликнинг 35 йили давомида эришилган натижалар, босиб ўтилган мураккаб йўллар ҳақида тўхталдилар ҳамда ёшларни энг улуғ ва энг азиз байрам билан қутладилар.

Айтиш керакки, “Мустақиллик тўйи” фестивали шунчаки маданий тадбирлар туркуми билан чекланмаяпти. Аксинча, авлодларни боғловчи, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариб, келажакка ишонч билан қарашга ундовчи маънавий кўприк бўлмоқда.

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan