Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналарига тайёргарлик шукуҳи бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган. Ҳар бир юртдошимиз қалби шукроналикка тўла. Давраларда юртимизнинг бугунги обод ва замонавий қиёфаси, халқимиз ҳаётидаги янгиланишлар эътирофига шоҳид бўляпмиз.
“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими ташаббуси билан Косонсой туманидаги “Истиқлол” тантаналар мажмуасида ташкил этилган “Оталар чойхонаси” маърифий тадбирида ҳам истиқлол йилларида юртимизда эришилган ютуқлар, айниқса сўнгги ўн йилликдаги янгиланишлар, ободлик ва бунёдкорликлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Инсон эъзоз ва эътиборни ҳис этиб турса, ёшариб, ғайратли бўлиб бораверади. Бугунги кунда нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёши улуғ, пиру бадавлат отахон ва онахонларимизни жамиятнинг чин маънодаги фаолларига айлантирди.
Халқимизда “Бир пиёла чой устида” деган лутфнинг тагзаминида самимий суҳбат ва бир умрлик ҳаёт сабоғи деб аталган ҳақиқат мужассам десак, асло хато қилмаган бўламиз. “Оталар чойхонаси” маънавий-маърифий тадбирида фаол нуронийлар, оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёшлар бир даврада жам бўлиб, инсон қадрини улуғлаш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат давомида нуронийлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, меҳнат фаолияти ва ҳаёт сабоқлари билан ўртоқлашиб, ёшларга қимматли тавсия ва маслаҳатлар бердилар.
Айниқса, ёшларни ҳалол меҳнатга ўргатиш, Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, вақтни қадрлаш ҳамда эзгу мақсадлар сари интилиш каби муҳим ҳаётий мезонларга алоҳида урғу берилди.
Даврада жаранг сочган дилрабо куй-қўшиқлар, дилбар рақслар тадбир иштирокчиларига ўзгача завқу шавқ улашди.
Абдурашид Болтабоев,
Наманган вилояти.