Муҳтарам Президентимиз нуронийларимизга юксак ишонч билдириб: “Ёш авлодимизни баркамол, эл-юрт учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашда биз муҳтарам нуронийларимизга таянамиз”, деб таъкидлаган сўзлари ҳар бир кекса авлод вакилининг қалбидан чуқур жой олган. Дарҳақиқат, фарзанд ва набираларимизни юксак ахлоқли, билимли, маънан бой ва Ватанига садоқатли инсонлар этиб вояга етказишда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган нуронийларимизнинг панду насиҳатлари, қимматли маслаҳатлари ва шахсий ибрати муҳим ўрин тутади.

Шу боис, юртимиздаги ҳар бир маҳаллада “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида тизимли ишлар йўлга қўйилгани ушбу эзгу мақсад йўлидаги энг дадил ва самарали қадамлардан бири бўлди. Тарбиясида муаммоси бўлган, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка мойил, оилавий муҳити нотинч, фойдали меҳнатдан четда қолиб, ҳаётда ўз ўрнини топишда адашган ёшларнинг бой ҳаётий тажрибага эга нуронийларга бириктирилиши бир неча йилдирки, ўзининг ижобий ва амалий натижаларини бермоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида туманимизда профилактика ҳисобида турган ёшлар билан индивидуал ва манзилли иш олиб борилди. Натижада 23 нафар ёшлар профилактик ҳисобдан чиқарилди, низоли ва ажрим ёқасига келиб қолган 21 та оила яраштирилиб, сақлаб қолинди, 51 нафар йигит-қиз фойдали меҳнатга жалб этилди, уларнинг бандлиги таъминланди, ёшларга имтиёзли кредитлар, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишлари учун ер майдонлари ажратилди ҳамда тадбиркорлик фаолиятлари йўлга қўйилди.

Ушбу эришилган хайрли натижаларда маҳаллаларимиздаги отахон ва онахонларимизнинг муносиб ва беминнат улуши бор, десак муболаға бўлмайди. Анъанага кўра, ҳар йили энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — Мустақиллик куни арафасида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида фидокорона меҳнат қилаётган нуронийлар ўртасида кўрик-танловлар ўтказилади. туманимизда ҳам ушбу танловнинг туман босқичи юқори савияда, кўтаринки руҳда, шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этилди.

Унда маҳаллалар кесимида ўтказилган саралаш босқичларида ғолиб чиққан 9 нафар энг фаол нуроний иштирок этди. Тадбирда иштирокчилар ўзлари ва олиб бораётган ижтимоий-маънавий фаолиятлари ҳақида атрофлича маълумот бериб, ёшлар билан ишлашдаги самарали усулларини альбомлар, видеороликлар ва кўргазмали материаллар орқали маҳорат билан намоён этдилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарорига кўра, 1-ўрин “Шўробод” маҳалласи фаоли Муяссар Эргашевага, 2-ўрин “Зарафшон” маҳалласи вакили Гулшод Очиловага, 3-ўрин “Урганжиён” маҳалласидан Исмоил Қобиловга насиб этди.

— Қувончдаман, — дейди 1-ўрин соҳибаси Муяссар Эргашева. — Маҳалламда камбағалликни қисқартириш, ёшларни тўғри йўлга солиш ва уларни жамиятга фойдали инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги камтарона меҳнатим юқори баҳоланганидан бошим кўкка етди. Вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганим менга янада катта масъулият юклайди. Олдинда турган босқичда ҳам бор билим, тажриба ва имкониятларимни сафарбар этиб, Ромитан шарафини муносиб ҳимоя қиламан.

Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар нуронийларимизнинг келажак авлод олдидаги масъулиятли бурчини яна бир бор ёдга солиб, уларни жамият ҳаётида янада фаол ва ташаббускор бўлишга чорлаши билан аҳамиятлидир.

Олим ЖУМАЕВ,

“Нуроний” жамғармаси Ромитан тумани бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan