Мустақиллик — энг улуғ неъмат. У борки, мамлакат гуллаб-яшнайди, халқ фаровон умр кечиради, инсонлар ҳар бир кунидан рози бўлиб яшайди. Байрамлар байрамларга, тўйлар тўйларга уланади. Авлодлар баркамол бўлиб вояга етади. Жамиятнинг барча жабҳасида тараққиёт, юксалиш жараёнлари барқарорлик касб этади.

Айни қутлуғ кунларда, мамлакатимиз истиқлолининг 35 йиллик байрами арафасида юртимиз бўйлаб “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида қатор тадбирлар ташкиллаштирилмоқда. Айни тантаналарда юртимизда истиқлол даврида, айниқса, кейинги ўн йил давомида амалга оширилган тарихий ислоҳотлар ҳамда уларнинг ўзига хос самаралари юксак эътироф этилмоқда.

30 июль —  Халқлар дўстлиги куни байрамининг айнан мустақиллик шодиёналари билан ҳамоҳанг тарзда нишонланганлиги мамлакатимизда инсон қадрининг нечоғли улуғ эканлигини амалда яққол намоён этди.

Ҳар бир халқ, мамлакатнинг фаровон ҳаёти унда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳурлик неъматлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу билан бирга, дўстлик, ўзаро аҳиллик ва тотувлик неъматлари ҳам борки, ушбу қадриятлар инсонларни миллати, урф-одати, тилидан қатъий назар, эзгу мақсад атрофида бирлаштиради.

Шунинг учун ҳам 30 июль санаси — Халқлар дўстлиги куни сифатида дунё миқёсида байрам сифатида кенг нишонланади. Халқлар дўстлиги — бу шунчаки шиор эмас. Бу ҳар кунлик ҳамкорлик, ҳаёт тарзи, ижтимоий адолат ва ҳамфикрликни қарор топтиришга қаратилган узлуксиз ҳаракатдир.

Ўзбекистон бу борада дунёга намуна бўла олади.

Давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил ва иноқ яшаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Ғоят ноёб ижтимоий ҳодиса бўлган бундай миллий-маданий хилма-хиллик Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин ва фаровон яшайдиган инсонпарвар давлат сифатидаги ўрни ҳамда нуфузини оширишда муҳим роль ўйнамоқда.

Кейинги йилларда кўркам биноларда фаолият юритаётган 157 та миллий-маданий марказ ва 46 та дўстлик жамиятининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ушбу масканларда ўтказилаётган умуммиллий байрамлар, дўстлик кечалари, фестиваль ва учрашувлар мамлакатимизнинг маданий қиёфасини белгилайдиган муҳим маърифий тадбирларга айланиб бормоқда. Юртимиздаги таълим муассасаларида ўқув жараёнлари етти тилда олиб борилмоқда, қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарслик ва адабиётлар билан таъминланмоқда. Телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилмоқда, 14 тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.

Юртимизда мазкур сана юқори савияда, ўзига хос уюшқоқлик билан нишонланди. Айни тадбирларда республикамиз фаол нуронийлари ҳам қизғин иштирок этиб, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатдилар.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида Халқлар дўстлиги кунига бағишлаб ўтказилган тадбирлар ўз мазмунига кўра алоҳида ажралиб турди. Тадбирлар давомида нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар бирдамликда қадим анъаналарни ифода этувчи, миллий урф-одатларимизни тараннум қилувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Д.Каримов кириш сўзи билан очиб, барчани байрам билан самимий қутлади. У ўз нутқида бугунги кунда Беруний туманидаги 40 та маҳаллада 12 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил ва тотувликда яшаб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётганликларини таъкидлаб ўтди.

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида ўтказилган “Дўстлик” фестивали ҳам ўз номига кўра, ҳақиқий дўстлик байрамига айланди. “Минг чинор” МФЙда ташкил қилинган фестиваль тумандаги миллий маданий марказлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, волонтёрлар, санъаткорлар ҳамда кенг жамоатчиликни ўз бағрида жамлади.

Байрам дастурида миллий маданий марказларнинг қўшиқ ва рақслардан иборат чиқишлари намойиш этилиб, турли миллат вакилларининг бой маданияти ва анъаналари бир саҳнада уйғунлаштирилди. Тадбир якунида фаол иштирокчилар турли номинациялар бўйича  тақдирландилар.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги “Чароғбон” маҳалласида давом этган  тантаналарда сўзга чиққан масъул раҳбар ва мутасаддилар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик — юксак қадриятлардан бири эканини алоҳида эътироф этдилар.

Дастур давомида маҳалла ҳудудидаги 21-мактаб ўқувчилари ҳамда туман маданият бўлими ижодкорлари томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар, рақслар ва бадиий чиқишлар иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги “Ҳамид Олимжон”  маҳалласида ҳам мазкур  тадбирлар  кўтаринки кайфиятда ташкил қилиниб, ушбу лойиҳаларда кекса, ўрта ва ёш авлод вакилларининг қизғин иштироки таъминланди.

Тадбирлар якунида фаол иштирокчиларга ташаккурномалар, эсдалик совғалари ҳамда китоблар жамланмаси топширилди.

Бир сўз билан айтганда, 30 июль — Халқлар дўстлиги куни байрами тантаналари бугунги Янги Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган ўзига хос ва боқий қадриятлар — тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва тотувлик анъаналарини бутун бўй-басти билан яққол намоён этди.

Дарҳақиқат, юртимизда боқий қадриятларимиз барҳаёт ва бардавом экан, мамлакатимизнинг юксак тараққиёти, халқимизнинг порлоқ истиқболига асло шубҳа йўқдир.

Баҳодир Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan