Мамлакатимиз бўйлаб узоқ йиллар давомида жамиятимизнинг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилган табаррук фахрийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини топшириш маросимлари давом этмоқда.

Бундай маърифий тадбирлар  фахрийларга  юксак эҳтиром кўрсатиш билан бирга, авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, эътироф ва эъзоз жамият юксалиши йўлида фаол қатнашаётган нуронийларга янгича шижоат ва ғайрат бағишлаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Ўзбекистон Прокуратура органлари тизимида узоқ йиллар фидойилик билан хизмат қилган фахрийларга ҳам “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди. Бош прокуратуранинг мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур тантанали маросимда 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан Узаков Шуҳрат Шарапович ва Ачилов Илҳом Каландарович, 2-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан Жўраев Эшмурод Қаршиевич тақдирландилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори — Бош прокурор ўринбосари Қаҳрамон Исроилов, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси Ботир Калонов ҳамда Прокуратура органлари фахрийлари иштирок этишди.

Тадбирдан сўнг “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев Прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси Ботир Калонов ҳамда Прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси ўринбосари Илҳом Ачилов ҳамроҳлигида прокуратура тарихи музейи билан яқиндан танишди.

Меҳмонга Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейининг ташкил этилиш тарихи, экспозицияларнинг илмий концепцияси ҳамда прокуратура органларининг кўп йиллик фаолиятини ёритувчи архив материаллари ва тарихий экспонатлар ҳақида маълумот берилди.

Мазкур музей дастлаб 2009 йилда ташкил этилган бўлса-да, қисқа муддатдан сўнг ўз фаолиятини тўхтатган эди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2020 йил 27 январдаги фармойиши билан прокуратура органларининг кўп йиллик тарихини аҳолига холис ва ҳаққоний тарзда етказиш мақсадида, музейни қайта ташкил этиш, унинг экспозициясини бойитиш ва бу борада тадқиқотлар олиб боришга киришилган.

Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг 30 йиллиги нишонланган 2022 йилда замонавий технологиялар билан жиҳозланган ҳамда нодир тарихий экспонатлар билан бойитилган Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи давлат муассасаси сифатида расман фаолият бошлаган. Музейнинг биринчи бўлимида Марказий Осиё ҳудудида илк давлатлар шаклланишидан то ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраб олган прокуратура тарихи акс этган. Музейнинг мазкур экспозицияси 7 бўлим, 36 та стенддан иборат бўлиб, кўргазмани яратишда 5 мингга яқин ҳужжат, 7 мингдан ортиқ фото ва видеоматериаллар, 2 мингга яқин экспонат жамланган.

Музейнинг “Янги Ўзбекистон прокуратураси фаолияти” номли бўлимидан сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан прокуратура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот берувчи экспонатлар жой олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида берилган концептуал фикрлар ва топшириқларни сўзсиз таъминлаш бўйича тегишли тадбирлар, 2023 йил 11 сентябрь куни “Қатағон қурбони бўлган прокуратура органлари ходимларининг хотирасини тиклаш ва абадийлаштириш” юзасидан Бош прокурорнинг 40-Ф-сон Фармойиши ижроси бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейида Қатағон қурбони бўлган прокуратура ходимлари хотирасини абадийлаштиришга бағишланган янги экспозиция  ўз фаолиятини бошлади.

Музейнинг қатағон қурбони бўлган прокуратура фидойиларига бағишланган бўлимида қатағонга учраган прокуратура ходимларининг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи 20 га яқин стенд, 30 га яқин махсус муляж ҳамда замонавий технологиялар асосида акс эттирилган овозли-кўргазмали тасвирлар мавжуд. Шунингдек, музейда   собиқ мустабид тузум даврида турли сохта айбловлар, туҳмат ва иғволар билан қатағон қилинган 160 дан ортиқ прокуратура ходимининг тақдири ҳақида тарихий ҳужжатлар сақланмоқда. Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унинг таркибида ахборот-кутубхона маркази ҳам ташкил этилган.

Томошабинлар энг сўнгги технологиялар ёрдамида яратилган “Адолат — ҳамиша ғолиб” номли прокуратура соҳаси тарихига бағишланган маппинг шоу билан танишишади.

Маърифий тадбир якунида музейнинг маънавий-маърифий аҳамияти, хусусан, ёш авлодни тарихий хотира ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ўрни хусусида фикр алмашилди.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan