Миллий юксалиш ва маънавий тикланиш йўлида нуронийларимизнинг фидойилиги, бой ҳаётий тажрибаси ва эзгу анъаналарни авлодларга етказишдаги ўрни, аҳамияти янада ошиб, ўз самарасини бермоқда. Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган бундай инсонларни эъзозлаш мақсадида таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони эса бунинг яққол ифодасидир. Ортда қолаётган ҳафтада ушбу мукофотнинг бу йилги соҳиблари Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида ўз эгаларига топширилди.

Сурхондарё: Эл суйган фидойилар эъзозланди

Узоқ йиллар давомида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, эл-юрт ҳурматини қозонган фахрийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Термизнинг “Grand Almaz” тантаналар саройида ўтказилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, жамғарманинг вилоят бўлими раиси Орзиқул Соатов, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этдилар.

Тантана аввалида вилоят ҳокими сўзга чиқиб, фахрийларни қутлади. Улуғбек Қосимов отахон ва онахонларимизнинг мамлакатимиз равнақи, юртимиз ободлиги ва энг муҳими, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди.

Маросимнинг энг ҳаяжонли дақиқаларида эъзозли нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари, бир марталик пул мукофотлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир байрамона концерт дастурига уланди. Вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят ҳудудий бўлими ҳамда “Мақом” ансамбли ижодий жамоалари томонидан ҳамкорликда тайёрланган дилрабо наволар йиғилганларга кўтаринки кайфият ва унутилмас таассурот улашди.

Обиджон Жўраев,

Сурхондарё вилояти.

 

Cирдарё: Улар ҳамиша юксак иззат-икромга муносиб

Элим, юртим деб ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган, умрини фарзандлар тарбиясига, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳуқуқшунослик соҳалари ривожига бағишлаган инсонлар доимо эл-юрт ардоғида. Сирдарё вилоятида ҳам ана шундай табаррук нуронийларни эъзозлаш, уларнинг кўп йиллик ибратли ҳаёт йўлига юксак эҳтиром кўрсатиш хайрли анъанага айланган.

Гулистон шаҳридаги “Зомин” тантаналар саройида вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган 47 нафар фидойи нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Кўшаков, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ҳамда жамғарманинг вилоят бўлими раиси Ўтбосар Абдиев юртимизда инсон қадри, айниқса, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эҳтиром хусусида тўхталишди.

Мукофотланганлар орасида фидокорона меҳнати ва камтаринлиги билан эл орасида чуқур ҳурмат қозонган замондошларимиз борлиги даврага алоҳида файз бағишлади. Хусусан, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилганлар орасида Гулистон давлат университетида чорак асрдан буён ёшларга таълим бериб келаётган, “Халқлар дўстлиги” ордени соҳибаси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, тарих фанлари номзоди Ўғилой Эрбўтаева ҳам бор.

Тадбирда ҳуқуқшунослик фанлари номзоди Рустамбек Турдиевнинг номи эълон қилинганида, гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Улар  ўз даврида “Мирзачўл бургути” номини олган машҳур раис, 3 нафар Меҳнат Қаҳрамонини етиштириб чиқарган Абдуназар ота Турдиевнинг фарзанди. “Олтин зангламайди”, дейдилар. Ҳаёт чорраҳаларида турли синовларга дуч келган бўлишига қарамай, Рустамбек Турдиев матонат ва кучли ирода кўрсатиб, бугунги кунда ҳам эл-юрт хизмати, жамоат ишларида ва ёшлар тарбиясида камарбаста бўлиб келмоқда. I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони бу меҳнатнинг адолатли эътирофи бўлди.

Ушбу қувончли кунда Гулистон шаҳридаги таниқли маърифатпарвар, 90 баҳорни қарши олиш арафасида турган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Абдуғани Жўлиев ҳам шогирдининг ёнида бўлди. Унинг шогирди  халқ таълими фидойиси, Сирдарё вилояти Кенгаши депутати, “Адолат” СДП Сирдарё тумани кенгаши раиси Салоҳиддин Элмуродовга I даражали “Меҳнат фахрийси”кўкрак нишони топширилди.

Тантанали тақдирлаш маросимидан сўнг вилоят маданият бошқармаси санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Ойбек Эсиргапов,

“Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan