Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги тантаналарига яқинлашиб бораётган мана шу кунларда бутун юртимизни байрам шукуҳи қамраб олган. Жойларда байрам тантаналарига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Давра суҳбатлари, учрашув ва маърифий тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

“Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви,  жамғарманинг ҳудудий бўлимлари масъул раҳбарлари, ҳамкор ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда фаол нуронийлар иштирокини кучайтириш, маънавий-маърифий тадбирларни мазмунли ва юксак бадиий савияда ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов сўзга чиқиб, мамлакатимиз мустақиллиги — энг улуғ ва энг азиз неъмат бўлиб, тинчлик, осойишталик ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори эканини  алоҳида таъкидлади.

Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев ўз маърузасида бугунги шиддатли даврда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида миллий ўзлик ва истиқлол ғояларига садоқат туйғусини мустаҳкамлаш муҳим сиёсий вазифа эканига алоҳида тўхталди.

Олим, шунингдек, турли мафкуравий хавф-хатарларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш ҳамда халқимиз ўртасидаги аҳил-иноқлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлашига урғу берди.

Нуронийлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этишга чақирилди.

Шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, халқимиз бирдамлиги, ватанпарварлик ва бунёдкорлик ғояларини кенг тарғиб этиш, мустақиллик байрамини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш, унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида фаол тарғиб қилиш бўйича ҳудудларда амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

М. Назарова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan