Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларидан бири — инсон қадрини улуғлаш, айниқса, умрини Ватан ва халқ хизматига бағишлаган фахрийларни эъзозлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ҳам бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлик тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий устозлар бой ҳаётий ва касбий тажрибага эга фидойи мутахассислар сифатида қадрланмоқда. Вазирлик фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарорлари ва яна қатор ҳужжатларнинг дастуриламал бўлиб келаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Вазирлик ҳузурида Фахрийлар кенгаши ташкил этилган бўлиб, мазкур кенгаш  вазирлик марказий аппарати, унинг тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларида йиллик “Йўл харитаси” асосида иш олиб бормоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида фахрийларнинг ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва тиббий қўллаб-қувватланиши таъминланмоқда. Бугунги кунда вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотларида кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан фахрийлар 3425 нафарни, шундан аёллар 634 нафарни, эркаклар 2791 нафарни ташкил этади. Шунингдек, соҳада узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилган ва нафақа ёшига етган ходимларни нафақага кузатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари даврида ёш кадрларда давлат хизматига садоқат, ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда мамлакатимиз тарихи ва тараққиёт йўлини чуқур англаш туйғуларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда, вазирлик Фахрийлар кенгаши ҳамда Касаба уюшмаси ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу авлодлар ўртасида тажриба алмашинувини таъминлаш, касбий анъаналарни давом эттириш ва ёш мутахассисларнинг маънавий ҳамда касбий камолотини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Амалга оширилаётган мазкур ишлар натижасида ёш ходимларда давлат молияси тизими тарихи ва ислоҳотларига нисбатан чуқур англаш шаклланмоқда, “Устоз — шогирд” анъанаси асосида янги ишга қабул қилинган ходимларга тажрибали фахрийлар бириктирилиб, уларнинг касбий мослашуви ҳамда давлат хизматига садоқат, масъулият ва ҳалоллик тамойиллари мустаҳкамланмоқда.

Фахрийларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш вазирлик ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, ёлғиз яшовчи ва ижтимоий кўмакка муҳтож пенсионерлар доимий эътибор марказида бўлиб, уларга зарур амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Шунингдек, вазирлик жамоаси ва фахрийлари иштирокида спорт фестивали ҳамда маънавий учрашувлар ўтказиб келинмоқда. “Бунёдкор” футбол академияси майдонида вазирлик марказий аппарати ходимлари ўртасида “Спорт — соғлиқ гарови” шиори остида спорт фестивали ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбирда ходимлар спортнинг футбол, стол тенниси, югуриш эстафетаси, арқон тортиш ва ўқ отиш турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Тадбирга вазирлик тизими фахрийлари таклиф этилди. Фахрийлар ёшлар билан учрашиб, ўз тажрибалари билан бўлишдилар.

Бир сўз билан айтганда, вазирлик тизимида ҳар бир фахрийга алоҳида эътибор қаратиш яхши анъанага айланган. Улар туғилган кунлари, юбилейлари ҳамда умумхалқ байрамлари муносабати билан вазирлик раҳбарияти, Фахрийлар кенгаши ва ёш ходимлар томонидан йўқланмоқда. Ташрифлар давомида устозларга самимий эҳтиром ва миннатдорлик изҳор қилиниб, эсдалик совғалари, зарур маиший техника воситалари ҳамда моддий рағбатлантириш маблағлари топширилмоқда. Бу каби эътибор ва ғамхўрлик фахрийларнинг жамиятдаги  ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасини қадрлаш ва келажак авлод учун ибрат мактабини янада бойитишга хизмат қилади.

Тахир ИМАМОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходими,

Фахрийлар кенгаши раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan