Бугунги маҳаллаларимиз тубдан янги қиёфа касб этмоқда: реконструкция ва бунёдкорлик ишларининг жадаллашаётгани, шаҳарсозлик маданиятининг ўсиб бораётгани ҳудудларда аста-секин сезилмоқда. Энг муҳими, ҳаётий ислоҳотлар энг қуйидан — маҳалла ва ундаги оилалар даражасидан бошлаб ҳаётга кириб келяпти. Бугунга келиб, янгиланишларнинг натижасини аҳолининг турмушидан, кайфиятидан сезиш мумкин.

Узоқ йиллик фаолиятимда шунга гувоҳ бўлдимки, жамиятда ўзаро қўллаб-қувватлов кучли ташкил этилса, аҳолига ижтимоий, руҳий-маънавий кўмак тизимли бериб борилса, ижтимоий ҳаётимизда гувоҳ бўлаётганимиз — бир қатор муаммолар ечимини топибгина қолмай, уларнинг сабабларини ҳам бартараф этишга эришилади. Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Камолон дарвоза” маҳалласида 41 йилдан бери яшайман. “Оқила аёллар” гуруҳи аъзоси сифатида, қолаверса, маҳаллани узоқ йиллардан бери яхши танийдиган нуроний сифатида маҳалламизда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, хотин-қизлар бандлиги, муаммоли ва кам таъминланган оилалар билан ишлаш каби масалаларга алоҳида эътибор бериб, бу хусусда ижобий ўзгаришларга ҳам эришдик.

Маҳаллада, биласизми, нима энг муҳим саналади? Бирдамлик, ўзаро бирлик, иттифоқчилик ҳамда аҳил қўшничиликни йўлга қўйиш ғоят зарур. Шундагина нафақат бир ҳудуд, балки яхлит бир ўлка тараққиётида олдинга силжиш кузатилади. “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони маҳалла тизимида қилган меҳнатларимизга мукофот бўлиб, кўнглимизни кўтарди, очиғи. Бу инсонларнинг — ёшидан қатъи назар, ижтимоий ҳамда фидокорона меҳнат фаолияти соя ортида қолмаётганини, ҳар бир соҳада инсон қадри тушунчаси қадрият даражасида юксалтирилаётганини кўрсатади. Ўз навбатида, эътироф ва эъзоз кекса ҳолимизга қарамай, янгидан куч-ғайрат бермоқда.

Аслини олганда, маҳалла тизимида узоқ йиллик бой ҳаётий тажрибага эга жамоатчилик фаолларининг қиладиган иши бугун-эрталик натижаларга асосан якунланиб қолмайди. Маҳаллада шаклланаётган ҳар бир шахс, ҳар бир оила донишманд кексаларнинг эътибори ҳамда кўмагига таянади. Ўзбекистон мисолида “маҳаллабай” ёндашувнинг ижобий натижаларига биргаликда гувоҳ бўлмоқдамиз. Бугунгига ўхшаган эл-юртнинг эътирофини тамсил этган мукофотлар эса кишини янгича завқ ва катта куч билан ишлашга ундаши аниқ.

Наиба ДЖУРАЕВА,

“Камолон дарвоза”

маҳалласи фаоли,

I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибаси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan