Янги Ўзбекистон жамиятини барпо этиш ва уни ҳар томонлама тараққий эттириш жараёнида давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларини ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ва ҳаётий эҳтиёжларини муносиб таъминлашга доимий эътибор қаратаётгани барчамизнинг қалбимизни қувонч ва шукроналикка тўлдирмоқда. Айниқса, сўнгги йиллар мобайнида нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тарихий Фармон ва қарорларнинг қабул қилингани бунинг яққол амалий ифодасидир.
Ҳаётнинг пасту баландини кўрган, улкан тажриба мактабини ўтаган фахрийларимизнинг бебаҳо ўгитлари, оқилона маслаҳатлари юртимизда осойишталикни мустаҳкамлаш, маҳаллалар ободлигини таъминлаш ва энг муҳими, келгуси авлодларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ҳаётий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Мен ҳам узоқ йиллар давомида ички ишлар органлари тизимида сидқидилдан хизмат қилганим, юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшганим боис, мазкур юксак мукофот — I даражали “Меҳнат фахрийси”кўкрак нишонига сазовор бўлдим. Бугун жаҳоннинг турли ҳудудларида геосиёсий зиддиятлар, миллий низолар, қуролли можаролар ва мураккаб молиявий-иқтисодий тангликлар кузатилаётган таҳликали бир даврда яшаяпмиз. Мана шундай оғир шароитда ўз тараққиёт йўлидан собитқадамлик билан илгарилаб бораётган, тинч-осойишта ва фаровон Ўзбекистонда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бундай юксак ҳурмат-эҳтиром ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Ушбу нуфузли мукофот мен учун нафақат юксак рағбат ва шараф, балки улкан масъулият ҳам дегани. Мана шу ишончга муносиб бўлган ҳолда, келгусида ҳам илмий ва ҳаётий тажрибамизни юрт равнақи, халқимиз фаровонлиги ҳамда тинчлигимизни асраш йўлида сафарбар этамиз. Нуронийларга кўрсатилаётган ушбу юксак эътибор ва эъзоз учун давлатимиз раҳбариятига ўз номимдан ва соҳа фахрийлари номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Абдуғофур САТТАРОВ,
Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор,
I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.