Ёшлигимда эрка, шўх бўлган эканман. Отам, тоғам, амакимга ҳавас қилиб шундай бўлганман, шекилли. Улар уришмасди, яхши гапириб, эркалардими, насиҳат қилгандай ибратли ҳикоялар айтиб беришарди. Ёшим етиб, мактабга борганда адабиёт ўқитувчимга ҳавас қилганман, дарсларда мавзуларни дарров ўзлаштириб олардим. Ўшанда Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и, Ойбекнинг “Навоий” романига меҳр қўйганман. Шу аснода бир нималар ёза бошлаганман. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини битириб, Ўзбекистон радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятига ишга келганман.

Шу ерда — Адабиёт муҳарририятининг публицистика бўлимида ишлаб, мамлакатимизнинг ҳамма вилоятларига бордим. Олис-олис қишлоқларни пиёда кездим. Кўп одамлар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Тўғри, номдор одамлар олдига боришдан кўра, оддий, содда одамлар билан кўришиш, уларни кашф этиш, ўзимнинг қаҳрамонларим, деб излаб топишни кўпроқ афзал билдим. Радиода ишлаб, Ўзбекистоннинг етакчи ижодкорлари Асқад Мухтор, Иброҳим Раҳим, Назир Сафаров, Саъдулла Караматов, Ҳамид Ғулом, Раҳмат Файзий, Анвар Эшонов, Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимовлардан публицистиканинг сир-асрорларини ўргандим.

Радиода ишлаган вақтимда Туроб Тўла билан Фарғона водийси, Саъдулла Караматов билан Зарафшон воҳаларини репортёр кўтариб, қадамба-қадам кезганларимиз, Попнинг попук қизлари шийпонларида узоқ суҳбатлашганларимиз, Андижон адирларидаги қовун сайлларида қатнашганларимиз, Фарғона боғларида шираси чакиллаб турган анжирлардан узиб еганларимиз, Мурунтов конларига тушолмай остонасида ётганларимиз, Зармитан қатиқларидан тотганларимиз, Томди яйловларида тонгни қарши олганларимиз кечагидай ёдимда. Ҳа, ҳозир сафимизда бўлмаган беназир устозларимизнинг охиратлари обод бўлсин, илоҳим!

Бу кезишларни машаққат деб билмаганман. Қайтанга, яна ҳам жўшиб, севиб, меҳр-муҳаббат билан юрт кезганман, меҳнат қилганман, топган, кашф қилган қаҳрамонларимни улуғлаб, қоғоз юзларини безаганман. Кечалари мудраб қолганларимда, қаҳва ичиб уйқумни қочирганман. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин радио сиёсий ва ахлоқий тарбиянинг қудратли воситасига айланганди. Давр қадамлари, халқ ҳаётидаги ўзгаришлар, ютуқлар билан мунтазам таништириб бориш биз, журналистларга яна ҳам ғайрат юклаган. Мустақилликдан кейин дунё бизни кенгроқ, яхшироқ таний бошлади.

Дунё бизни Амир Темур, Имом Бухорий, Улуғбек, Бобур, Навоий авлодлари дея янада улуғлаб таниди. 170 йил мустамлака истибдодидан букилиб қолган қаддимизни кўтариб, қуёшга қарадик. Узоқ асрлик тарихимизни, сиёсатимизни, маданиятимизни, тилимизни, динимизни эъзозлаб, дунёга танитишда озми-кўпми, ҳиссамизни қўшиб бордик. Бундан ғурурланмасдан, кўкракни кермасдан, фахрланмасдан бўлмайди, албатта. Касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимида шулар хаёлимдан ўтиб, қалбимни яна куч-қувват, ғурурга тўлдирди.

 Абдулҳай НОСИРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan