Фахрийларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасидаги ташаббуслар ва уларнинг амалдаги самараси ўлароқ, нуронийларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда мақоми янада мустаҳкамланди. Бугун нуронийлар давлатимиз раҳбари ишонган фаол қатлам, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Фикримизни Бухоро вилояти Ғиждувон тумани мисолида давом эттирсак, бу ердаги нуронийлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўламиз.

— Айни кунларда мамлакатимизнинг барча туманларида бўлгани каби Ғиждувон нуронийлари ҳам халқнинг ичига кириб, уларнинг муаммолари, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиб, амалий кўмак бериб келишмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Раҳматилло Маҳмудов. — Туманимизда 70 та маҳалла мавжуд, 30 мингдан ошиқ нуроний яшайди. Уларнинг 210 нафари “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг фаол аъзолари. Ўтган йилда фаол нуронийларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан кўплаб оилалар камбағаллик рўйхатидан чиқарилди. Жорий йилда ҳам 1 минг 50 та оила камбағаллик рўйхатига киритилиб, бугунги кунга қадар 425 оила  рўйхатдан чиқарилди. Бу борадаги ишларни изчил давом эттираётган Эргаш Бафоев, Нажмиддин Ғафуров, Ҳидоят Аллонова, Дилрабо Икромова, Гуландом Раҳматова, Ориф Нарзуллаев, Илҳом Эргашев, Ражаббой Ярашов, Мансур Тўхтаев, Алижон Рўзиевларнинг фаолияти  мақтовга лойиқ. Буларнинг олдинги сафида турган нуроний — “Дегрезон” маҳалласи “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзоси Жамшид Саъдуллаевнинг хизмати катта.

Жамшид Саъдуллаевнинг фаолияти билан қизиқиб, маҳаллага борганимизда, ҳақиқатан ҳам, мақтаса арзийдиган ишларнинг гувоҳи бўлдик.

— Асли касбим доришунослик. Нафақага чиққанимдан сўнг 2008 йилдан бошлаб “Позагари” қишлоғига кўчабоши этиб тайинландим, — дейди биз билан суҳбатда Жамшид Саъдуллаев. — Президентимиз ташаббуслари билан “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийлар жалб этила бошланди. Менга ҳам маҳалламиздаги бешта камбағал оила бириктириб берилди. Ўтган ва жорий йилда ушбу оилаларга ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Натижада  ушбу оилалар  камбағалликдан чиқарилди.

Жамшид Саъдуллаев ўзига бириктирилган камбағал оилалар билан тизимли иш олиб бориш билан бирга, ҳамқишлоқлари кўмагида маҳалласида музей ҳам барпо этган. Бориб кўрса арзийдиган маскан.

Унинг айтишича, бу жой собиқ Иттифоқ даврида  масжид вазифасини ўтаган. Тақиқлар кучайиб, намоз ўқишга рухсат берилмаган. Натижада ташландиқ ҳолга келиб қолган. Кейинроқ колхознинг минерал ўғитлар сақланадиган омборхонасига айлантирилган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг бино қайта таъмирланиб, одамлар фойдаланадиган масканга айлантирилди. Музейни қуриш ишлари 2020 йилда қишлоқ тадбиркори Дилмурод Ҳамидов ҳомийлигида бошланган. Қурилиш ишлари 2023 йилда тугатилган. Айни хайрли ишларни амалга оширишда ака-ука Абдураҳим ва Абдукарим Раҳмоновлар, Комил Турсунов, Баҳодир Раҳматов сингари саховатли инсонларнинг ёрдами катта бўлди. Музейдаги экспонатларни тўплаш осон кечмаган, албатта. Кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юрилиб, музейбоп нарсалар тўпланган. Ҳатто, қўшни туманлардан ҳам осориатиқалар келтирилган.

Маскан ёнида ёшлар учун алоҳида теннис майдончаси  ташкил этилган. Шунингдек, нуронийлар, ёшлар ўртасида шахмат-шашка мусобақалари ўтказиб турилади. Ҳа, Ғиждувон туманида Жамшид Саъдуллаев каби фидойилар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай эл-юртни севган инсонлар, фидойи нуронийлар бор экан, мамлакатимиз тобора юксалиб бораверади.

Ражаб  АВЕЗОВ,

Самат ДАМИНОВ,

меҳнат фахрийлари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan