“Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқди. Унинг ижросини таъминлашда маҳаллалардаги кекса авлод вакилларининг иштироки алоҳида аҳамият касб этаётгани қувонарли. Саховатпеша ва тажрибали нуронийларнинг эҳтиёжманд хонадонларга бириктирилиши қисқа фурсатда ўз мевасини бера бошлагани, уларнинг ташаббуси билан юзлаб оилалар ўз томорқасини даромад манбаига айлантириб, қанчадан-қанча ёшлар “устоз — шогирд” анъанаси асосида касб-ҳунарли бўлаётгани бор гап. Жойлардаги ана шундай тизимли ишларнинг жонли ифодасини Қашқадарё ва Наманган вилоятлари маҳаллалари мисолида кўриш мумкин.
Рақамларга кўра, Қашқадарё бўйлаб 776 та маҳалладаги 2 минг 156 нафар фаол нуроний 10 минг 368 та камбағал оилага бириктирилган. Биз ҳудуддаги ишларнинг қай даражада бораётганини ўрганиш учун Яккабоғ туманидаги “Сероб” маҳалласи фаол нуронийси Собиржон Шукуров ҳамроҳлигида ижтимоий реестрда ҳисобда турувчи Муҳайё Ўразалиева хонадонида бўлдик. Эрта баҳорда экилган картошка ҳосилини йиғиштириб олаётган оила бекаси бундан мамнун. Ҳосилдан бўшаган ерга такрорий экин экиш учун ҳозирлик кўриляпти.
— Собир отанинг қимматли маслаҳатлари билан томорқамизда турли резаворлар экиб, парваришлаяпмиз, — дейди Муҳайё Ўразалиева. — Бу билан дастурхон тўкинлиги таъминланибгина қолмай, фаровонлик сари қадам қўйилмоқда. Фарзандларимиз учун ўқув қуроллари, спорт кийим-боши ва стол-стул берилди. Бизга яқиндан кўмакдош бўлаётган нуронийларга миннатдорлик билдирамиз.
Улжон Аҳмедовалар оиласи ҳам Собир Шукуровга бириктирилган. Унинг кўмаги ва маслаҳати билан томорқасида турли экинлар экилиб, оила дастурхонининг ободлиги таъминланмоқда. Мазкур маҳалладаги фаол нуроний Тошмахмат Жўраев ҳам 5 та эҳтиёжманд оилага масъул. Нуронийнинг кўмаги билан маҳалладаги Малоҳат Тўраева, Зулхумор Ражабовалар оилалари ҳам камбағалликдан чиқарилмоқда. Уларнинг томорқасида турли экинлар экилиб, етарли даражада ҳосил олиняпти. Шунингдек, маҳалладаги фаол нуроний Неъмат Ҳусанов ҳам ўзига бириктирилган оилалар ахволини ўрганиб, ўзининг қимматли маслаҳатларини беряпти.
Тиркаш бобо Маҳмудов тумандаги Самоқ қишлоғининг саховатпеша нуронийларидан. У кишига учта оила ажратилган. Тадбиркор эмасми, оталиғидаги оилалар ва уларнинг фарзандлари учун ёрдамини аямаяпти. Томорқалардан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиб, экинлардан юқори ҳосил олинишини таъминлаяпти. Масалан, фойдаланиш учун яроқсиз бўлган автомобиль шиналаридан фойдаланиб, ичига тупроқ ва маҳаллий ўғит аралаштирган ҳолда картошка, помидор, булғор қалампири, бақлажон сингари экинлар экиш орқали ҳар қарич ердан самарали фойдаланаётир. Ўқув маркази очиб, унда эҳтиёжманд оила фарзандларининг имтиёзли равишда ўқувини ташкил этган. Бу эса маҳалладаги кўплаб ёшлар учун қулай имкониятлар яратмоқда. Шунингдек, мебель ишлаб чиқариш цехида ёшлар учун қўшимча иш ўринларининг ташкил этилишида отахоннинг хизматлари катта. Бобога бириктирилган Сожида Туропова, Ирода Қобилова, Сожида Жўраеваларнинг томорқасига картошка, пиёз, бақлажон сингари экинлар экилиб, яхшигина даромад олишга эришилмоқда.
“Нуроний” жамғармаси Яккабоғ тумани бўлими раиси Фарҳод Жумаевнинг таъкидлашича, 59 та маҳалладаги 153 нафар фаол нуроний 718 та оилага бириктирилган бўлиб, қарор ижросини таъминлаш юзасидан астойдил иш олиб борилмоқда. Ҳозиргача камбағаллик реестрида турадиган оилаларнинг 75 фоизи камбағалликдан чиқарилган.
— Маҳалламизда 6 минг 541 нафар аҳоли, 1849 та оила, 1051 та хонадон бор, — дейди Шаҳрисабз туманидаги “Мевазор” маҳалласи раиси Санжар Абдиахатов. — Фарҳод Исломов, Фахриддин Самадов ҳамда “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Баҳодир Маматовлар ўзларига бириктирилган оилалар билан астойдил иш олиб боришяпти.
Фаол нуронийлар ҳамроҳлигида “Файзобод” кўчасида яшовчи Мафтуна Умарова хонадонида бўлдик. Ичкарига қадам қўйишингиз билан ўзингизни “Боғи эрам”да ҳис қиласиз, гўё. Тартиб билан экилган экинларга хонадоннинг нуроний отахони — 76 ёшни қаршилаган Тўра бобо Назаров меҳр билан ишлов беряпти экан. Эрта экилган картошка ковлаб олиниб, ерлар такрорий экинга тайёрланяпти. Помидор, булғор қалампири, бақлажон, бодринг сингари экинлар деҳқон меҳри билан баравж ривожланмоқда.
— Оиламизга фаол нуроний Фахриддин Самадов бириктирилган бўлиб, кунора хабар олиб турадилар, — дейди Мафтуна Умарова. — Отахоннинг кўмаги билан дастурхонимиз ободлиги таъминланмоқда. Буларнинг барчаси Президентимизнинг “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурлари ижросининг амалдаги ифодасидир.
Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар эътирофга арзигулик.
— Туманимиздаги 69 та маҳалладан 206 нафар фаол нуроний танлаб олиниб, улар 903 та оилага бириктирилган, — дейди “Нуроний” жамғармаси Чуст тумани бўлими раиси Жўрахон Мираҳмедов. — Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурига асосан, рўйхатга олинган оилалар билан мунтазам равишда иш олиб бориляпти. Ишсиз оилаларнинг 63 нафар фарзанди иш билан таъминланиб, 259 нафари ўзини ўзи банд қилди. Улар учун 45 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, чорвачилик билан шуғулланиш учун 21 бош қорамол, 635 бош қўй ва 421 бош эчки олиб берилди. Фаол нуронийлар ташаббуси билан томорқасида боқишга шароити бор оилаларга 983 та товуқ, 249 дона курка ва 135 дона ўрдак тарқатилди. Камбғаллик реестрига киритилган оила фарзандларидан 325 нафари қўшимча дарсларга, 371 нафари турли тўгаракларга жалб қилинди. 523 нафари “устоз — шогирд” анъанасига асосан, ҳунарманд усталарга бириктирилди.
Тумандаги “Меҳнатобод” маҳалласи фаол нуронийси Мадаминжон ота Шариповга 5 та камбағал оила бириктирилган. Қувонарлиси, фаол нуронийга бириктирилган оила фарзандлари “устоз — шогирд” анъанасига кўра, ҳунармандлардан касб сирларини ўрганишяпти. Мумина Уралованинг фарзанди Муслима Собитжонова дўппидўз онахон Марҳамат ая Қурбоновага бириктирилиб, ҳозирги кунда дўппи тикиш сирларини ўзлаштириб олди. Эндиликда ўзи мустақил равишда дўппилар тайёрлаб, оила бюджетини мустаҳкамлашга ҳисса қўшяпти. Бундан ота-онаси ҳам хурсанд. Шунингдек, отахон ўзига бириктирилган оилалар томорқаларига турли мевали кўчатлар эктириб, юқори ҳосил олинишини таъминламоқда. Отахоннинг ташаббуси билан 6 нафар меҳнатободлик ишсиз ёш тадбиркор томонидан очилган мебель цехида иш билан таъминланди. Бунинг ортидан Фарида Ёқубованинг фарзанди Жасурбек Шарифжонов мебель тайёрлаш сирларни пухта ўзлаштириб олди.
Тумандаги “Пансада” маҳалласи фаол нуронийси Муқаддас Холдорова ҳам камбағал оилалар билан ишлашда ўзига хос тажрибага эга. Аянинг кўмаги билан Марғуба Алиевага имтиёзли кредит расмийлаштирилиб, хонадонида тикувчилик цехи очилди. Саида Ибрагимованинг фарзанди Дониёр Холмирзаев Зоҳиджон уста қўлида нонвойлик касбини ўрганган бўлса, Раҳима Қосимова, Нилуфар Зиёвуддинова сингари ёшлар ўз хонадонида тикувчилик цехини очган тадбиркор Иброҳим Сайдуллаевдан тикувчилик сирларини мукаммал ўрганиб олдилар. Онахонга бириктирилган Муқаддас Носированинг қизи Барно Комилова дўппидўзлик билан шуғулланаётган Муҳаббатхон Холдоровага бириктирилди. Натижалар эса кутилганидек бўлди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Айтиш мумкинки, маҳаллалардаги фаол нуронийлар ўзларига бириктирилган оилалар билан мунтазам равишда иш олиб бориб, “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури ижросини бажаришда ўзига хос натижаларга эришмоқдалар.
Шавкат СУЛТОНОВ,
“Нуроний” мухбири.