Жойларда фаол кексаларимизнинг бой тажрибасига таяниб, “Камбағалликдан —фаровонлик сари” дастури доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги амалий ташаббуслар фикримизга ёрқин мисол. Тумандаги маҳалла фаоллари ва нуронийлар хонадонма-хонадон юриб, кўмакка муҳтож оилаларни аниқлаш, уларга амалий ёрдам бериш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркор оилалар тажрибасини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Туманнинг “Кўклам” маҳалласи “Акрам Шамкаев” кўчасида яшовчи Қаҳҳор ота Норқулов йиллар давомида ҳалол меҳнатни ҳаётининг мазмунига айлантирган инсонлардан.
Меҳнатда суяги қотган отахон бугун ҳам томорқачилик ва чорвачилик билан самарали шуғулланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаб келмоқда. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, меҳнат орқали ризқ топиш ва ҳалол даромад қилиш — Қаҳҳор ота ҳаётининг бош мезони. Унинг томорқасида етиштирилаётган маҳсулотлар ва парваришланаётган чорва нафақат оила эҳтиёжини қоплайди, балки маҳалла ёшлари учун меҳнатсеварликнинг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади. Зеро, чинакам барака ерга меҳр, меҳнатга садоқат ва сабр ортидан келади.
— 15 сотихли ҳовлимизда бир қарич ҳам бўш жой йўқ, — дейди Қаҳҳор ота Норқулов. — Картошка, помидор, сабзи, бақлажон, булғор қалампири ва бодринг каби кундалик рўзғор учун зарур бўлган барча маҳсулотларни ўзимиз етиштирамиз. Боғимизда меванинг ҳам ҳар туридан бор: эрта баҳордан бошлаб, кеч кузгача дарахтлардан узиб еймиз. Оиламиз унчалик катта бўлмагани учун маҳсулотларнинг ортганини маҳалладошларимиз ва эҳтиёжманд оилаларга улашамиз. Шароитимизга яраша чорвачиликни ҳам йўлга қўйганмиз. Қўрамизда доим 10-15 бош қўй, 4-5 бош қорамол бўлади. Ҳар баҳорда 10-15 бош қўзичоқ сотиб олиб, кузгача боқамиз ва ем-ҳашак пулини чиқариш учун сотамиз.
Қаҳҳор ота кейинги пайтда чет элдан келтирилган зотдор бузоқлардан ҳам иккитасини сотиб олиб, парваришлаётганини, тўғри қаралса, уларнинг вазни тез орада бир тоннадан ошиши ва бу ҳам оила бюджетига яхшигина даромад бўлишини таъкидлади. Отахоннинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи узоқ йиллар мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлаган ва ҳозир нафақада бўлса-да, уйда бекор ўтирмайди. У боғ ишларига қарашиш билан бирга, паррандаларни парваришлаб, жўжа очиради, товуқ ва куркаларни кўпайтириш билан шуғулланади. Ўғли Жасур эса тадбиркорлик билан банд. Нуроний оилада ҳамма ҳаракатда бўлгани учун ҳам дастурхонлари тўкин, ҳаётлари фаровон эканини мамнуният билан тилга олди.
Қаҳҳор ота маҳалла фаоллари билан ёшлар учрашувларига чиққанида бир насиҳатни такрорлашдан чарчамайди: “Ҳаракатда — баракат, болаларим. Меҳнат қилсангиз, кам бўлмайсиз, ҳам соғлиқни тиклайсиз, ҳам орзу-ҳавасингизга етасиз. Дангасаликни асло касб қилманг, у одамни эл ичида беобрў қилади, баракани қочиради. Умр — омонат, вақт — ғанимат”.
Ҳа, қирқ йил давомида ташкилотларда юк машинаси ҳайдаб, ҳалол меҳнат қилган, нафақага чиққач ҳам тиним билмай оиласи, маҳалласи ва юрти ободлигига ҳисса қўшаётган Қаҳҳор ота каби нуронийларимиз борлиги жамиятимизнинг чин маънодаги бойлиги ва фахридир.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.