Ўғил-қизим, дунёда
Юрсанг ҳамки пиёда,
Умринг бўлгай зиёда,
Агарда дуо олсанг…
Ўйнаб-кулиб юрарсан,
Мудом роҳат кўрарсан,
Давру даврон сурарсан,
Агарда дуо олсанг…
Маърифатда ҳикмат кўп,
Улуғлар пойини ўп,
Ишларинг бўлади хўб,
Агарда дуо олсанг…
Ҳурмат қилу иззат топ,
Илм дури — беҳисоб,
Излан ва интил шитоб,
Агарда дуо олсанг…
Очил бобонг дуода,
Қолмассан муаммода,
Бахтинг садафи — шода,
Агарда дуо олсанг…
Очил Саттор,
меҳнат фахрийси,
Пастдарғом тумани.
Нуронийларим
Ҳаёт синовида тобланган,
Юртнинг хизматига отланган,
Енг шимариб, расо сафланган,
Омон бўлинг, нуронийларим.
Ибратлисиз барчага доим,
Суҳбатингиз ширин, мулойим,
Сизни неъмат этмиш Худойим,
Омон бўлинг, нуронийларим.
Тажрибангиз — ҳаёт мактаби,
Баркамоллик — ёшлар матлаби,
Порлагайсиз Ой, Қуёш каби,
Омон бўлинг, нуронийларим.
Давраларнинг тўри — сизники,
Саёҳатлар зўри — сизники,
Ўзбекистон — Ватан бизники,
Омон бўлинг, нуронийларим.
Зиё сочиб, порлаб турингиз,
Саодатга чорлаб турингиз,
Ёнимизда шахдам юрингиз,
Омон бўлинг, нуронийларим.
Йўлдош Абраев,
Шеробод тумани “Меҳригиёҳ” МФЙ
“Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси.