Инсоният тараққиётидаги ҳар бир юксалиш, буюк кашфиёт ва маданий уйғониш замирида илм ҳамда мутолаа қудрати бор. Булар инсоннинг ички оламини бойитади, нотиқлик маданиятини ривожлантиради. Китоб билан ошно бўлган инсон воқеа-ҳодисаларга чуқурроқ назар ташлайди, ҳаётий масалаларни тезроқ англайди ва мустақил фикр юритишга ўрганади. Айниқса, биз, ёшларнинг шахс сифатида шаклланишимизда китобнинг ўрни беқиёс.

Илм-фан ривожини ҳам мутолаасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дунёни ўзгартирган ҳар бир олим ёки ихтирочи зафар чўққисига чиқишдан аввал минглаб саҳифаларни варақлаган, изланган. Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимиз айнан тинимсиз изланиш ва мутолаа орқали жаҳон цивилизациясига тамал тошини қўйганлар. Яқинда ҳаётимда юз берган бир қувончли воқеа менда ушбу фикрларни янада мустаҳкамлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ЎзДЖТУ доценти, “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Раъно Зарипова масъуллигида Парламент комиссияси томонидан ажратилган “Мутолаа, илм — бахт калити” номли давлат гранти доирасида талабалар ўртасида танлов ўтказилди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети раҳбарияти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу беллашув яшил иқтисодиёт йўналишидаги сара видеороликлар ижодкорларини аниқлашга қаратилди.

Мазкур лойиҳа бўлажак журналистларни рақамли технологияларни пухта ўзлаштиришга ва замонавий медиа оламига чуқурроқ кириб боришга ундади. 1-, 2-, 3-ўрин соҳибларига  Халқаро журналистика факультети раҳбарияти  томонидан китоблар тўплами совға қилинди.

Устозларимиз ташаббуси билан тез-тез ташкил этилаётган  бу каби танловлар ҳар биримизга ўзгача куч бағишламоқда. Ўз ўрнида, талабаларга кўрсатилаётган  рағбат ва эътироф эса биз ёшларга катта масъулият юклайди..

Севинч ТОШМУҲАММАДОВА,

ЎзДЖТУ талабаси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan