Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди. “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви ҳамда Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси ташаббуси билан давлат ва жамоат ташкилотларида фаолият юритаётган Фахрийлар кенгашлари раҳбарлари иштирокида мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Бош прокуратура Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Ботир Калонов, Олий суд Фахрийлар Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев, Президент давлат хавфсизлик хизмати Фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Ахат Носиров, Давлат хавфсизлик хизмати Фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Ғайрат Дадажонов, Миллий гвардия Фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Мурод Мамаюсупов, Мудофаа вазирлиги Фахрийлар Марказий Кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Абубакир Наврўзов, Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов, ДХХ Фахрийлар Кенгаши раиси ўринбосари, Чегара Қўшинлари Фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Хайрулла Сагдуллаев, Ўзбекистон “VETERAN”жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси раиси Талъат Муродов, Бирлашма раисининг биринчи ўринбосари, истеъфодаги полковник Илимдар Илясов, Бирлашма раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Рустам Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Баҳодир Умурзақов, Бирлашма раиси маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Анвар Рашидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзоси Азамат Пардаев, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Анваржон Нурматов ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирда депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади фахрийлар мақоми ва тоифаларини аниқлаш, ушбу соҳадаги масъул вазирлик ҳамда идораларнинг ваколатларини белгилашдан иборат.

Шунингдек, ҳужжат билан фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёзлари ҳамда давлат томонидан тақдим этиладиган кафолатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, фахрий мақомини бериш асослари қонун лойиҳасида белгиланган тартибга мувофиқ, муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбий фаолиятда узоқ йиллар давомида виждонан ва намунали меҳнат қилганлик, давлат ва жамият олдидаги алоҳида хизматлари учун тегишли эътирофга сазовор бўлганлик мезонлари асосида берилади. Мазкур мақомга эга бўлган фуқароларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий муҳофаза, солиқ ва пенсия таъминоти бўйича қатор имтиёзлар жорий этилмоқда.

Жумладан, қонун лойиҳасида санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш ҳамда дори воситалари билан имтиёзли шартларда таъминланиш, уй-жой коммунал хизматлари тўловларини қоплаш учун мажбурий компенсация маблағларини олиш, шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳамда ҳаво ва темир йўл чипталарини имтиёзли (чегирмали) нархларда харид қилиш, давлат хизматлари марказлари ва бошқа идораларда навбатсиз хизмат кўрсатилиш ҳуқуқи кўзда тутилмоқда. Шунингдек, маданият, спорт ва кўнгилочар муассасалар, театрлар, музейлар ҳамда моддий маданий мерос объектларининг пулли хизматларидан имтиёзли тартибда фойдаланиш ҳам шулар жумласидандир.

Муҳокамаларда мамлакатимизда фаолият юритаётган Фахрийлар кенгашлари раҳбарларининг фикр ва мулоҳазалари эшитилди. Иштирокчилар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, бугунги мураккаб геосиёсий жараёнлар фонида мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил ва узоқни кўзлаган сиёсатнинг нақадар долзарб эканлигидан далолат беришини таъкидладилар.

Бундан ташқари, йиғилишда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, 2026–2030 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Дастурда кекса авлод вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар, жангчи-фахрийлар ҳамда ҳарбий бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳам назарда тутилган.

Тадбир давомида Фахрийлар кенгашлари раҳбарлари томонидан дастурни янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот жонли фикр ва ахборот алмашинуви орқали тизим фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қиладиган самарали ҳамкорлик механизмига айланди.

Йиғилиш якунида Дастурнинг мақсад ва вазифалари, ундан кутилаётган натижалар ҳамда унинг ҳаётга татбиқ этилишида Фахрийлар кенгашларининг ўрни ва масъулияти юзасидан мунозаралар ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Талъат Муродов,

Ўзбекистон “VETERAN”

жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan