Женева шаҳрида Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессияси доирасида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни муносабати билан “Болалар меҳнатига қизил карточка: Марокашдан амалий ҳаракатларгача” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда болалар меҳнатини тугатиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро меҳнат конференциясида иштирок этган 187 та давлат орасида Ўзбекистон делегацияси томонидан меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари тақдим этилди. Мамлакатимизда болалар меҳнатининг деярли тўлиқ бартараф этилгани, бу натижа давлат сиёсати, кучли ижтимоий ҳимоя тизими ва халқаро ҳамкорлик самараси сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.
Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева ўз сўзида болалар меҳнатига барҳам беришга фақат ҳуқуқий тақиқлар билан эмас, балки уни келтириб чиқарувчи асосий сабабларни — қашшоқлик, ижтимоий ҳимояга муҳтожликни бартараф этиш, шунингдек, сифатли таълим ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакат раҳбариятининг қатъий сиёсий иродаси, изчил ислоҳотлар ва самарали халқаро ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда болалар меҳнатига амалда барҳам берилган ҳамда унинг қайта юзага келишининг олдини олувчи барқарор механизмлар шакллантирилган.
Шунингдек, мазкур натижаларга эришишда Халқаро меҳнат ташкилоти, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этгани, ХМТнинг тавсиялари изчил амалга оширилгани қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари бугунги кунда можаролар, миграция жараёнлари, иқлим ўзгариши ва норасмий бандлик каби омиллар болалар меҳнати хавфини кучайтириб бораётганига эътибор қаратди.
Ўзбекистон – марказий осиёдаги энг хавфсиз мамлакат
Глобал тинчлик индекси ҳар йили хавфсиз давлатлар рўйхатини эълон қилади. Рейтинг Австралиядаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти мутахассислари томонидан тузилади. Асосан ички ва ташқи можаролар, ижтимоий хавфсизлик ва милитаризация кўрсаткичларига қараб, давлатлар рўйхати шакллантирилади. Қолаверса, қўшнилар билан муносабатлар, сиёсий беқарорлик ва жамоат тартиби, жиноятчилик статистикаси каби мезонлар ҳам инобатга олинади.
Аҳамиятлиси бу йил мамлакатимиз қўшни давлатлар орасида етакчиликни қўлга киритди. (Маълумот учун, ўтган йили Қозоғистон мазкур позицияда эди). Умумий рўйхатда Ўзбекистон 163 мамлакат орасида 37-ўринда, бу ўтган йилгидан 10 поғона юқори кўрсаткич.
Шунингдек, рейтингда биринчи ўринда Исландия, энг қуйи ўринда эса Россия турибди.