“Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев Усмон Юсуповнинг шогирди Азиз Оппоқович Тўраевни қутлуғ тадбир билан муборакбод этмоқда. Боёвут. 2020 йил.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгашининг аъзоси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” Республика “Меҳр ва мурувват” жамоат фонди раиси, таниқли давлат ва жамоат арбоби, профессор Азиз Оппоқович Тўраев табаррук 90 ёшини қаршиламоқда.

Меҳнат фаолиятини 1956 йилдан Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчиликдан бошлаган Азиз Оппоқович Тўраев  йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида Сирдарё вилоятида  давлат ва жамоат ташкилотларида  турли лавозимларда, жумладан, Боёвут  туманида комсомол комитетининг биринчи котиби,   Сирдарё вилояти комсомол комитети  котиби, Сирдарё вилояти партия комитетида бўлим мудири, Гулистон шаҳар партия комитетининг биринчи котиби лавозимларида  фаолият юритган.  У ўзининг 20 йиллик меҳнат фаолияти давомида Сирдарё вилоятининг тикланиши ва ривожланишига  муносиб ҳиссасини қўшган.

Шундан сўнг Ўзбекистон Компартияси МК маданият бўлимини бошқарган.  Сўнгра Кинематография давлат қўмитаси раиси, узоқ йиллар  Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат Маданият институти ректори бўлиб  ишлаган.

Азиз Тўраев 9-11 чақириқ Ўзбекистон Олий Совети депутати, Ўзбекистон Марказий Комитети бюро аъзоси этиб сайланган.  “Дўстлик”,  “Халқлар дўстлиги”,  “Ҳурмат белгиси” орденлари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

Азиз Оппоқович ўзининг меҳнат фаолияти давомида  республикамизнинг Биринчи раҳбарлари — Усмон Юсупов ҳамда Шароф Рашидовларнинг назарига тушиб, устозларнинг меҳри ва ишончини қозонган, улар билан елкама-елка ишлаб, катта ҳаётий ва бой тажриба орттирган. Айни пайтда ўзи ҳам  кўплаб шогирдларнинг меҳрибон устози сифатида ўзига хос маданият, маънавият ва маърифат мактабини яратган таниқли давлат,  жамоат арбобларидан биридир.

Азиз Тўраев республикамизни қарийб чорак аср бошқарган беназир давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ҳаёти, фаолиятига оид бир-биридан қизиқарли ва мазмунли, реал воқеалар ва фактларга асосланган кўплаб мақолалари, “Биз билган ва билмаган ҳазрати инсон”, “Шароф Рашидов сийратига чизгилар” каби кўплаб асарлари билан ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мазкур китобларда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Ш.Рашидов шахсиятининг ўзига хос беназир қирралари  холислик мезонлари асосида талқин қилинган бўлиб, китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган.

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси  Васийлик кенгашининг аъзоси, таниқли олим, давлат ва жамоат арбоби Азиз Оппоқич Тўраевни табаррук 90 ёшлари билан чин дилдан  қутлаймиз.

Устоз ҳаётидан уч лавҳа

Бизнинг маслаҳатгўйимиз…

…Гарчи, Устозни узоқ йиллардан бери билсам-да, ўша куни мени йўқлаганлари ўйлантириб қўйди: “Убайдуллаев менга қўнғироқ қилсин!” дебдилар Марказқўмнинг Маданият бўлими мудири  Азиз Оппоқович Тўраев мен оддий бўлим мудири бўлиб ишлаб турган “Совет Ўзбекистони” газетаси бош муҳаррири Мақсуд Қориевга қўнғироқ қилиб.

Дарҳол мени ўз ҳузурига чақирган бош муҳаррир ажабланганини яширмай, қўли билан юқорига  ишора қиларкан, қатъий сўради: “Нима гап?”. Елка қисиб, ҳеч нимадан хабарим йўқлигини айтдим ва “Қўнғироқ қилиб, натижасини менга айтгин!” деган топшириқни олдим. Азиз Оппоқовичнинг қабулхона телефон рақамини Бош муҳаррирдан олдим-да,  ўз хонамга кира солиб, устозга қўнғироқ қилдим. Қабулхонадагилар хабардор эканлигидан яна ҳайратга тушдим,  устоз телефон гўшагини кўтардилар: “Шарофжон, 2-3 кун уёқ-буёққа кетмай тургин! — дедилар қатъий оҳангда. Сен билан Шароф Рашидович қизиқаяптилар! Буни ҳеч ким билмасин!”

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, Устоздан яна қўнғироқ бўлди: “Тезда Марказқўмга етиб кел, 11-подъездда сенга “пропуск” ёзилган!”

…Воқеа тафсилоти қисқача шундай: Шароф Рашидов одатларига кўра, тонги соат тўрт ярим- бешда уйғониб, ярим соатлик сайрдан кейин, дала ҳовлидаги “беседка”га қўниб, янги газеталарни варақлай бошлар эканлар. Уч ўрам газета — биринчисида ўша даврнинг марказий газеталари — “Правда”, “Известия”, “Сельская жизнь”, “Социалистическая индустрия” ва ҳоказо! 2-ўрамда республика партия газеталари — “Совет Ўзбекистони”, “Правда Востока”, “Қишлоқ ҳақиқати”, “Ленин байроғи”… 3-ўрамда — бошқа барча тармоқ матбуоти жамланган бўлиб, Шароф Рашидович дастлаб “Правда”га кўз югуртириб чиқар ва кейин ўзлари 1947-1949 йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлаган “Қизил Ўзбекистон” газетасининг вориси бўлган  “Совет Ўзбекистони”ни синчиклаб кўра бошлар эканлар. Даъфатан ўша куни газетада босилган “Бир тўй фожеаси” номли фельетонга кўзлари тушади!

Фельетонда Бухоро вилоятининг Когон райони марказидаги 1-сонли мактаб директорининг уйида ўтган ва район халқ таълими  мудири раислик қилган, ОБЛОНО мудири нутқ сўзлаган тўйда  столларни тўлдирган  ароқнинг касофати туфайли ширакайфлар ўртасида  жанжал чиқиб, 15  киши қамалган, қанчадир бегуноҳ аёл бева, 30-40 нафар бола отасиз, тирик  етим қолгани, ачинарлиси, шундай касофатли тўй мактаб директори, халқ таълими раҳбарларининг кўз ўнгида, маълум маънода, уларнинг олқишлари, мақтовлари ва оташин  нутқлари остида ўтганлиги  тасвирланган эди! “Бу фожеа, — деб якуний хулоса чиқарилган эди  фельетонда, — ич-ичидан чириб битган халқ таълимининг фожеасидир!”..

Бу ҳақда  тонг маҳали Марказқўмнинг Маданият бўлими мудирига хабар берар экан, Шароф Рашидов ачиниш билан таъкидлайди: “Фельетонни Марказқўм бюросига тайёрланг, тўйларимиз биргина Бухорода эмас, ҳамма жойда издан чиқиб кетди! Бюро қарорида барча партия ташкилотларида муҳокама қилишни тавсия этамиз! Ушбу бюрога фельетон муаллифи Убайдуллаевнинг ўзини ҳам таклиф қилинг!”

Менинг фамилиямни эшитган Азиз Оппоқович: “Э, у мирзачўллик бола, менинг укам бўлади, Шароф Рашидович!” — десалар, Шароф Рашидов маънодор қилиб, “Шундай фельетончи укаларингизни бизга ҳам таништириб қўйинг, Азизжон!”— дебдилар.  Ана шу бир оғиз сўз менинг ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди ва  эртасига менинг мирзачўллик эмас, (Мирзачўлда яшаган, ишлаган бўлсам-да, аслида Жиззах туманида туғилганим анкетага тушгани боис, яна бир кутилмаган иш бўлди. Анкетага кўзи тушган Шароф Рашидович “Э, сиз жиззахликмисиз, унда сизга бошқа иш берамиз, Марказқўмда барча жиззахликлар учун мен бир ўзим ишлайман!” — деб қолдилар. Тавсия қилинган бир қанча юқори вазифаларни рад этганлигимни кўриб, ажабландилар ва менинг зориллаб: “Мен газетачиман, Шароф Рашидович, мени газетада, ўз ўрнимда ишлашимга рухсат беринг!” — деганим собиқ бош муҳаррирга таъсир қилдими, айрим савол-жавоблардан кейин, ўша куни мен Азиз Тўраев бошқариб турган  Маданият бўлимида эмас, суҳбатимизда мутлақо иштирок этмаган Мирзағани Искандаров (жойлари жаннатдан бўлсин) бошлиқ  Идеология бўлимининг Матбуот шўьбасида иш бошлашимга тўғри келди.

Ўша воқедан буён ярим аср ўтибдики, қаерда ва қачон   қайси бўлимда ишлашимга, кейинчалик қайси матбуотда фаолият юритганимга  қарамай, бугун ўн йилга яқин “Нуроний” жамғармаси тизимидаги ҳар бир қадамимда Азиз Оппоқовичдай маслаҳатгўйим борлигидан чексиз мамнунман!

Усмон отанинг суюкли шогирди

Азиз Оппоқович 1956 йилда Тошкентда билим юртини битириб, Усмон Юсупов директорлик қилаётган  Боёвут районидаги 4-совхозга ўқитувчи бўлиб ишга келади ва тез орада кўзга ташланиб, совхоз комсомол ташкилотига бошчилик қила бошлайди. Ўша даврнинг тақазосига кўра,  комсомол етакчиси газета-журналларни тарқатишга ҳам масъул эди.  Велосипедда тупроқ чангитиб, у кўчадан бу кўчага  ғизиллаб юрган  комсомол етакчиси совхоз идораси олдида тўхтаганда, иссиқдан базўр энтикиб нафас олаётган Усмон ота идора олдидаги ўриндиқда ўтирган эди.

Комсомол йигитчанинг ғайратини кўрган Усмон ота унинг саломига алик олар экан: “Мотоцикль ҳайдай оласанми, ўғлим?” — деб сўрайди. Велосипедда юришнинг азоб-уқубати жонига теккан йигит бош ирғайди. Ўша куни Усмон ота Тошкентнинг Жарқўрғон кўчасида жойлашган Марказий база директори номига: “Шу хатни элтган Тўраев Азизга совхоз ҳисобидан люлкали мотоцикль беришингизни сўрайман” — деган мазмунда хат ёзиб беради.

База директори комсомол йигитчани қаҳрамондай кутиб олади ва янги мотоцикль рулини тутқазаётганида унинг мотоцикль ҳайдамаганини билиб қолади, лекин Усмон отанинг комсомол ўғлини қуруқ қайтариб юборишга ҳадди сиғмайди. Йигитни кузатиб қўйишни тажрибали ҳайдовчига топширади. У Янгийўл йўлининг бошланиши — Ўзгариш бекатига қадар кузатиб қўяди ва битта тезликда ҳайдаб кетиши мумкинлигини ўргатади.  Умрида мотоцикль  ҳайдаб кўрмаган комсомол йигитча Ўзгаришдан то Боёвутга қадар, битта   тезликда, қора шомда Боёвутга кириб келади!

Усмон отанинг дуосини олган серғайрат йигит  Боёвутда бахтини топади. Азиз Тўраев ва Зинаида Ивановнанинг комсомол тўйини Усмон ота бош бўлиб ўтказиб берадилар ва ёшларга чўлда қурилган лойсувоқли дастлабки коттежлардан бирининг  калитини тутқазадилар.  Шундан буён  орадан салкам етмиш йил ўтди, Азиз Оппоқович Усмон отанинг оқ фотиҳаси билан район, сўнгра Сирдарё область комсомол қўмитасига бошчилик қилди ва 60-йилларда аввал область партия қўмитасида бўлим мудири, сўнгра область маркази — Гулистон шаҳар партия қўмитасига бош бўлди.

Ижодкорлар ҳимоячиси

… Устоз, балки камтарлик юзасидандир, бир воқеани сир сақлаб, ҳеч бир жойда кўрсатмайдилар. Сирдарё вилояти партия қўмитасининг  Шароф Рашидов қатнашаётган йиғилишида Азиз Тўраев сўзга чиқиб, ёш ижодкорлар тақдири ҳақида гапириб: “Мирзачўл — ижодкорлар юрти, лекин уларга партиявий ғамхўрлик керак, масалан, устоз Зулфиянинг ёрдами билан  боёвутлик 7-синф ўқувчиси Ҳалима Худойбердиевани бугун бутун республика танийди!” — дейди. Унинг бу гапини йиғилиш қатнашчилари  гулдурос қарсаклар билан олқишлашади. Шароф Рашидов унга маъноли қараб қўядилар ва шу воқеанинг эртаси куни Азиз Оппоқович Тўраев Марказқўмга, Шароф Рашидов ҳузурига чақирилиб, Марказқўмнинг Маданият бўлимига мудир этиб тайинланади. Унинг елкасига бутун республика ижодкорлари билан ишлаш вазифаси юкланади.

Ўша йилларда, айниқса, “Ўзбегим” ва “Ўзбекистон —  Ватаним маним” каби чуқур миллийлик руҳи билан суғорилган шеърлари учун   Марказ томонидан қаттиқ назорат исканжасига олинган ҳассос шоирлар Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповларни асраб-авайлаш учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш бошланади. Улар собиқ Иттифоқнинг ҳур фикрли буюк шоирлари Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиевлар билан шахсан таништирилади. Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг китоблари рус тилида чоп этилиб, собиқ  Иттифоқ бўйлаб тарқатилади. Шу мақсадда айрим нашриёт директорлари номига Шароф Рашидов имзоси билан хатлар битилади. Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповни жамоат ишларига тортиш учун, бирлари янгидан ташкил топган “Ёшлик”, иккинчилари оммабоп “Гулхан” журналларига Бош муҳаррир қилиб тайинланади. Ўша таҳликали  кунларни эслаб, Абдулла Орипов: “Шароф Рашидов ўша оғир кунларда мени тишининг кавагида сақлаган эди!” — деб ёзган эди.

Ҳар қанча таҳликали бўлмасин, Политбюро ва унинг “Серий кардинал” номи билан Иттифоққа даҳшат солган  Суслов қутурган замонларда ҳам, аввало, Шароф Рашидов, қолаверса,  Азиз Тўраевнинг саъй-ҳаракатлари билан юртимиздаги биронта ижодкорнинг бошидаги бир тола сочига зиён етмагани — айни ҳақиқатдир.

Устознинг буюк устозлари — Усмон Юсупов ва Шароф Рашидов кўксига маломат тошлари отилган, бошларида  ёнғоқ чақилган йилларда кимлар эгилмади, кимлар синмади, дейсиз! Устоз Асил Рашидов ўзининг “Акам ҳақида” (1992 й.) номли китобида “синган ва синмаган”ларни бирма-бир санаган эди ва биз бу номларни такрорлаб ўтирмаймиз. Лекин синмаганлар рўйхатида, бугун муборак 90 ёшини ёруғ юз билан қаршилаётган устозимиз Азиз Оппоқович Тўраевнинг номлари биринчи қаторда турибди…

Табаррук Устозимизнинг ҳаётидан уч лавҳасинигина ёдга олдик, холос. Бундай лавҳалар минг-минглаб, улар ҳақида ҳам ёзиб, келажак авлодларга мерос қилиб қолдириш — биз, шогирдларнинг муқаддас бурчимиздир.

Шароф Убайдуллаев,

“Нуроний” жамғармаси

республика Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари,

фахрий журналист. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan